Жаҳон | 23:02 / 13.01.2026
6610
4 дақиқада ўқилади

Прокурорлар Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн учун ўлим жазосини сўради

Юн Сок Ёл 2024 йил декабр ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш ва исёнга раҳбарлик қилишда айбланмоқда. Жанубий Корея қонунчилигига кўра, исён тўғрисидаги ишларда прокурорлар судга ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси бериш тўғрисида илтимоснома киритиши шарт.

Фото: Seoul Central District Court

Жанубий Корея прокуратураси мамлакат собиқ президенти Юн Сок Ёл 2024 йил декабр ойида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга муваффақиятсиз уринишда айбдор деб топилса, унга ўлим жазоси берилишини талаб қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

13 январ куни Сеулдаги суд Юннинг исёнга раҳбарлик қилишда айбланаётган иши бўйича якуний далилларни тинглади.

2024 йил декабр ойи бошида бир кун ичида Жанубий Кореядаги сиёсий вазият бир неча бор кескин ўзгарди. Аввалига президент Юн ҳарбий ҳолат жорий қилди, кейин парламент бу қарорни блоклади, шундан сўнг парламентда кўпчиликни ташкил қилган мухолифат депутатлари президентга импичмент тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди, у ҳибсга олинди ва судга берилди.

Қўзғолонга раҳбарлик қилиш - Юнга қўйилган энг оғир айблов учун ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган. Жанубий Корея қонунчилигига кўра, исён тўғрисидаги ишларда прокурорлар судга ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси бериш тўғрисида илтимоснома киритиши шарт.

Юн барча айбловларни рад этиб, ҳарбий ҳолатнинг жорий этилиши рамзий маънога эга бўлгани ва мухолифатнинг суиистеъмолликларига жамоатчилик эътиборини қаратиш учун мўлжалланганини таъкидламоқда.

Жанубий Корея қарийб 30 йил давомида ўлим жазосини ижро этмаган. 1996 йилда собиқ ҳарбий диктатор Чон Ду Хван 1979 йилда ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳокимиятни эгаллаб олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейинчалик унинг жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган эди.

Юн иши бўйича махсус прокурорларнинг таъкидлашича, унинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниши оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаса-да, нияти ундан кам бўлмаган зўравонлик эди.

Судда гувоҳлик берган ҳарбий бошлиқлардан бири Юн қонун чиқарувчиларни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ берганини даъво қилди.

Шунингдек, ҳарбий ҳолат режаси ишлаб чиқувчиларидан бири - собиқ ҳарбий офицернинг юзлаб одамларни, жумладан, журналистлар, касаба уюшмалари фаоллари ва парламент аъзоларини «йўқ қилиш» таклифи акс этган меморандуми ҳам далил сифатида келтирилган.

Ўтган ойда ҳам прокурорлар собиқ президентни одил судловга тўсқинлик қилиш ва ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниш билан боғлиқ бошқа жиноятларда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилган эди.

Юнга қарши жиноят иши унинг маъмуриятидаги бошқа икки юқори мартабали вакил - собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ва собиқ полиция бошлиғи Чо Жи Хо иши билан бирлаштирилди. Юн ва бошқа айбланувчилар айбдор деб топилса, уларга нисбатан ҳукм феврал ойида чиқарилиши кутилмоқда.

2024 йил 3 декабр куни кечқурун Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл фавқулодда мурожаат билан чиқди. У ҳарбий ҳолат эълон қилди (1979 йилдан бери биринчи марта) ва уни конституциявий тартибни «коммунистик кучлар» ва гўёки КХДР таҳдидларидан ҳимоя қилиш учун зарур чора деб атади.

Президент «давлатга қарши унсурлар» ҳақида ҳам тўхталиб ўтди, унинг сўзларига кўра, уларни «йўқ қилиш» керак.

Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари кўчалардан ва парламент - Миллий Ассамблея биносидан эфирга чиқди, у ерда депутатлар тақиқни эътиборсиз қолдириб, иш жойларига бостириб киришга ҳаракат қилди.

Ҳарбий ҳолат атиги бир неча соат давом этди. Депутатлар Миллий йиғилиш залида тўпланиб, президент фармонини бекор қилиш учун овоз беришга муваффақ бўлди.

Натижада Юн ҳибсга олинди ва жиноий жавобгарликка тортилган мамлакатнинг амалдаги биринчи президентига айланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид