Соғлом ҳаёт | 15:59 / 24.04.2026
2724
9 дақиқада ўқилади

“Бу препаратлар аслида ёғни эритмайди”: арзон озишнинг қиммат бадали ва очиқ қолаётган жавобгарлик масаласи

Парҳез ва машқларсиз тез озиш. Бугун ижтимоий тармоқлар мана шундай чақириқлар билан тўлиб-тошди. Дастлаб қандли диабетни даволаш учун ишлаб чиқилган дори воситалари энди “сеҳрли укол” сифатида оммавий сотиляпти, гўзаллик салонлари-ю Telegram-каналларда ҳам “оздирувчи мўъжиза”лар таклиф этиляпти. Хўш, бу препаратлар организмда ўзи қандай ишлайди? Тиббиётда тан олинмайдиган, тақиқланган ёки расмий рўйхатдан ўтмаган процедуралардан хавфли асоратлар юзага келганда жавобгарликни ким ўз бўйнига олади? Kun.uz’нинг навбатдаги кўрсатуви айни шу мавзуга бағишланади.

Ҳозирда ортиқча вазн муаммоси безовта қилаётган одамлар орасида оммалашган оздирувчи препаратларнинг аксарияти аслида вазн ташлаш учун мўлжалланмаган. Масалан, Ozempic ёки Mounjaro каби воситалар дастлаб қандли диабетни даволаш мақсадида ишлаб чиқилган. Кейинчалик уларнинг иштаҳани камайтириши аниқланган. Шу асосда мазкур дорилар ортиқча вазнни камайтириш йўналишида ҳам норасмий тарзда кенг қўллана бошлади. Айниқса, ижтимоий тармоқларда тез натижа ваъда қилувчи контентлар бу тенденцияни янада кучайтирди.

Мутахассисларнинг айтишича, вазн камайтиришга мўлжалланган препаратлар бир неча хил механизм орқали таъсир қилади: айримлари иштаҳани сусайтиради, баъзилари ёғларнинг сўрилишини чеклайди ёки модда алмашинувини тезлаштиради. Шунингдек, бундай дорилар организмда овқат ҳазм қилиш жараёнини секинлаштиради, ошқозон бўшашиши узоқ давом этади ва одам ўзини кўпроқ вақт тўқ ҳис қилади. Натижада овқат истеъмоли миқдори камаяди, вазн ҳам тушади. Бироқ бу жараён рекламаларда айтилаётганидек “фақат ёғ эриши” билан кечмайди.

Тез озишнинг дастлабки босқичида вазн камайиши аксар ҳолларда ёғ ҳисобига эмас, танадаги сув ва мушак массасининг камайиши билан боғлиқ бўлади. Озиш жараёни жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш билан қўллаб-қувватланмаса, организм энергия манбаи сифатида мушак тўқималарини “ёқа бошлайди”. Оқибатда инсон ихчамлашгандек кўринади, аммо метаболизм заифлашади, тана шакли ўзгаради ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлайди”, – дейди гастроэнтеролог Комила Мадримова.

Ушбу жараёнларнинг барчаси организмнинг мураккаб гормонал ва метаболик тизимларига аралашувни англатади. Шунинг учун бундай препаратларни назоратсиз қабул қилиш соғлиқ учун хавф туғдириши мумкин.

Қуйидаги маҳаллий бозорда энг кенг тарқалган, оздирувчи восита сифатида тарғиб қилинаётган препаратлар, уларнинг тури, хавфли жиҳатларини келтирамиз:

Мазкур жадвал бугунги кунда Ўзбекистон ва глобал бозорда “озиш” воситаси сифатида таклиф қилинаётган маҳсулот ва хизматларнинг асосий сегментларини кўрсатади. Улар расмий тиббий дорилардан тортиб биологик қўшимчалар, интернет орқали сотилаётган капсулалар, диуретиклар ҳамда энг муаммоли йўналиш ҳисобланган “муаллифлик капелница”лари ва қорабозор маҳсулотларигача бўлган кенг спектрни қамраб олади.

Жадвалдан маълумки, “озиш бозори” фақат фармацевтика доираси билан чекланмаган. У маркетинг, МЛМ тизимлари, косметологик хизматлар ва ҳатто ноқонуний айланмалар билан аралашиб кетган мураккаб экотизимга айланган.

Кимларга умуман мумкин эмас?

Оздирувчи дориларни қабул қилишдан олдин организмнинг умумий ҳолати ва мавжуд касалликлар ҳисобга олиниши зарур. Айрим вазиятларда бундай препаратларни ишлатиш қатъиян тавсия этилмайди.

Энг аввало, ҳомиладорлик ва эмизиш даври энг муҳим қарши кўрсатма бериладиган пайтлардан биридир. Бу даврда қабул қилинган ҳар қандай кимёвий препарат она организмидан ўтиб, ҳомила ёки чақалоқ ривожига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд. Ҳатто айрим дорилар гормонал мувозанатни бузиб, бола ривожланишига ҳам хавф туғдиради.

Юрак-қон томир тизими касалликлари бўлган беморлар учун ҳам бундай дорилар хавфли ҳисобланади. Чунки кўплаб оздирувчи препаратлар марказий асаб тизимини фаоллаштиради, бу эса юрак уришининг тезлашиши, қон босимининг ошиши, аритмия (юрак ритмининг бузилиши) каби ҳолатларга олиб келиши мумкин. Мазкур жараён инфаркт ёки инсулт хавфини оширади.

Жигар ва буйрак касалликлари мавжуд бўлса, организм дориларни тўлиқ ва тўғри парчалай олмайди. Оқибатда токсик моддалар танада тўпланиб қолиши, заҳарланиш ёки сурункали орган етишмовчилиги ривожланиши каби хавфлар бор”, – дейди эндокринолог Ойдиной Раҳимова.

Шифокорнинг айтишича, қандли диабет билан оғриган беморлар учун бу борада эҳтиёткорлик жуда муҳим. Баъзи оздирувчи препаратлар қондаги глюкоза даражасига таъсир қилиб, уни кескин тушириб юбориши ёки аксинча, назоратни қийинлаштириши мумкин. Бу эса гипогликемия ёки гипергликемия каби ҳолатларга олиб келади.

Шунингдек, гормонал бузилишлар (масалан, қалқонсимон без фаолияти билан боғлиқ муаммолар), овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари (гастрит, яра касаллиги, ичак яллиғланишлари) бўлганларда ҳам бундай дорилар вазиятни оғирлаштириши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат – ўсмирлар ва ёшларнинг оздирувчи дориларни қабул қилиши. Уларнинг организми ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлгани учун модда алмашинуви ва гормонал тизимга аралашиш келажакда жиддий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор”, – дейди эндокрионолог.

Капелница” билан оздириш – бундай усул мавжуд эмас

Тиббиётда “капелница билан оздириш” деган алоҳида, тасдиқланган даволаш усули йўқ. Организмдаги ёғ тўқималарини томчилаб юбориладиган суюқликлар ёрдамида эритиш ёки қисқа муддатда сезиларли вазн йўқотиш мумкинлиги ҳақидаги даъволар илмий тиббиёт стандартларига мос келмайди. Шифокорлар таъкидлашича, вазн камайтиришга мўлжалланган айрим дори воситалари мавжуд бўлса ҳам, улар “капелница” кўринишида “детокс” сифатида қўлланмайди.

Оздирувчи “капелница”ларнинг рекламаларда вазнни тез камайтириш, танани ёшартириш хусусиятига эгалиги таъкидланади. Ва бу жараёнда организмдаги суюқлик баланси ўзгариши нотўғри талқин қилинади. Яъни қисқа муддатда “бир неча килограмм йўқотиш” ёғнинг эриши эмас, сувсизланиш, ичак фаолиятидаги ўзгариш каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлади. Ёғ тўқималарининг камайиши мураккаб биологик жараён бўлиб, уни оддий томчилаб юбориладиган муолажа билан тезлаштириш илмий жиҳатдан исботланмаган”, – дейди гастроэнтеролог Комила Мадримова.

Бундай хизматларнинг оммалашишига тез натижа истаги ва “парҳезсиз озиш” ғояси катта таъсир кўрсатмоқда. Рекламаларда “осон ва хавфсиз” деган ваъдалар берилади, бироқ бу жараённинг тиббий хавфлари ва қарши кўрсатмалари кўпинча очиқ айтилмайди. Назоратсиз қўлланган ҳар қандай инъекция ёки томчилаб юбориладиган муолажа аллергик реакция, метаболик бузилиш ёки бошқа асоратларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Қорабозор, назоратсиз муолажа ва “ҳавода қолган” жавобгарлик

Бугунги реал ҳолат шуки, тиббий дипломи бўлмасдан ўзини “диетолог”, “нутрициолог” деб эълон қилганлар, айрим косметологлар, озиш бўйича “курс”, “дарс” сотаётганлар клиник протоколларсиз оздирувчи укол-дориларни таклиф этяпти. Аслида липолитик инъекциялар, инфузион муолажалар, организм ички тизимига бевосита таъсир қилувчи препаратлар фақат шифокор назоратида, аниқ ташхис ва текширувлардан сўнг қўлланиши керак.

Муаммо фақат муолажанинг ўзида эмас. Бозорда давлат рўйхатидан ўтмаган ёки тўлиқ назорат қилинмайдиган воситалар ҳам эркин реклама қилинаётганида. Ижтимоий тармоқларда “тез оздиради”, “гарантияли натижа беради” деб сотилаётган айрим дорилар ёки уколлар аслида қаерда ишлаб чиқарилгани, қандай синовдан ўтгани ҳақида аниқ маълумот берилмайди. Масалан, тиббиётда фақат шифокор назоратида қўлланадиган Tirzepatidе каби препаратлар ҳам айрим жойларда “оддий оздирувчи укол” сифатида соддалаштириб реклама қилиняпти.

Энг оғриқли нуқта – жавобгарлик масаласи. Муолажадан кейин асорат чиқса, жавобгарликка тортадиган аниқ тизим йўқ. Косметолог “мижоз ўзи рози бўлди” дейди, клиника “бу тиббий эмас, эстетик хизмат” дея масъулиятдан четлашади, препаратни тавсия қилган шахс расмий тиббий мақомга эга бўлмайди – кимгадир жавобгарликни юклашга асос топилмайди. Бу ерда яна бир муаммо тиббий ва косметик хизмат чегарасининг белгиланмагани, назоратдан ташқари препаратларнинг эркин айланмаси ва жавобгарлик механизмининг амалда суст ишлашидир. Бозор тез ривожланяпти, реклама воситалари кучайяпти, лекин хавфсизлик ва масъулият тизими шу тезликка мослашмаяпти”, – дейди эндокринолог.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид