Ўзбекистон | 15:12 / 08.07.2025
4267
2 дақиқада ўқилади

Хориждан қайтган фуқаролар ОИВ инфекциясига мажбурий текширувдан ўтказилади

Тегишли қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Фото: Sputnik / Виталий Тимкив

Қонун лойиҳаси билан «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинди.

Хусусан, узлуксиз 90 кун ва ундан ортиқ муддат давомида чет элда бўлиб қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мажбурий равишда ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтказиш белгиланмоқда.

Шунингдек, бу текширув Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, қолганларга ўз маблағлари, иш берувчининг маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, меҳнат миграцияси жараёнларида ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан ҳуқуқий механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид