Глобал статистикага кўра, диабет билан яшовчиларнинг 40 фоизгача бўлган қисми сурункали буйрак касаллигига дуч келади. Буйраклар эса организмнинг энг муҳим филтрларидан бири: улар қонни тозалайди, чиқиндиларни чиқаради, сув ва туз мувозанатини сақлайди. Бу тизим издан чиққанида бутун организм фаолияти бузилади.

Сурункали буйрак касаллиги кўпинча кеч ташхисланади, чунки дастлабки босқичларда белгилари билинмаслиги мумкин. Агар вақтида аниқланмаса, касаллик буйрак етишмовчилигига олиб келади. Мазкур ҳолатда диализ (организмдаги қонни тозалаш, заҳарли моддаларни чиқариш ва сув-туз мувозанатини сақлаш ишини бажарувчи муолажа) ёки буйрак кўчириш амалиёти ўтказилмаса, ҳолат ҳаёт учун хавф туғдиради.

Диабет қандай қилиб буйракларга зарар етказади?

Буйраклар организмдаги қоннинг асосий филтр тизими бўлиб, қонни тозалаш орқали глюкоза даражасини ҳам назорат қилади. Қонда шакар доимий юқори бўлса, асаблар ва қон томирларига зарар етказади. Буйраклар асосан майда қон томирларидан ташкил топгани сабабли юқори миқдордаги глюкоза даражаси уларни тез шикастлайди.

Қонда шакар кўпайганда тана ичида кимёвий ўзгаришлар юз беради. Бу ўзгаришлар оқибатида сийдикда оқсил пайдо бўлади. Оқсил буйрак ичида чандиқланиш ва фиброз (тўқималарнинг қалинлашиши) жараёнини бошлайди. Натижада буйракнинг ишлаш қобилияти ёмонлашади ва касаллик янада кучаяди: юқори шакар → оқсилнинг сийдикка чиқиши → буйрак тўқималарининг чандиқланиши → буйрак ишлашининг ёмонлашиши → касалликнинг кучайиши.

Буйрак касаллигининг 5 босқичи

Буйрак фаолияти ГФР (гломеруляр филтрация даражаси) орқали баҳоланади. ГФР – буйракларнинг қонни қанчалик даражада самарали филтрлай олишини кўрсатадиган рақам. У қанча паст рақамларда қайд этилса, буйрак шунчалик ёмон ишлаётган бўлади.

1-босқич: ГФР 90 ва ундан юқори. Буйраклар ҳали яхши ишлайди. Лекин сийдикда қон ёки оқсил пайдо бўлиши мумкин, бу касалликнинг дастлабки белгиси ҳисобланади. Мазкур ҳолатда кўпинча беморлар ўзини яхши ҳис қилади ва аломат сезилмайди.

2-босқич: ГФР 60–89. Буйрак фаолияти бироз пасаяди. Касаллик аста-секин ривожланаётган бўлади, лекин жиддий муаммо кузатилмайди. Шу босқичда даволаниш ва қондаги шакар, қон босими каби кўрсаткичларни назорат қилиш касалликнинг ёмонлашишини секинлаштиради.