Қайси турлари дори талаб қилади, қайси бири йўқ?

Қуруқ йўтал: вирусли инфекциялардан кейин пайдо бўладиган, балғамсиз ва тинмай безовта қиладиган йўтал туридир. Шамоллаш ёки грипп кузатилганда нафас йўлларининг ички қавати яллиғланади ва асаб учлари ўта сезгир ҳолга келади. Инфекция ўтиб кетган бўлса ҳам тирналган асаб учлари дарров тикланмайди. Уларнинг “тиниши” учун бироз вақт керак бўлади. Шу сабабли қуруқ йўтал бир неча ҳафта давом этиши табиий. Бу ўзи алоҳида касаллик эмас, шунчаки нафас йўллари ҳали тўлиқ соғаймагани учун пайдо бўладиган рефлексив ҳолат саналади. Кўп ҳолларда у дорисиз ҳам аста-секин йўқолади.

Қуруқ йўтал балғам чиқармайди. У кечаси кучаяди. Айрим ҳолларда бўғизда қичишиш ҳисси, овознинг бироз ўзгариши ёки уйқунинг бузилиши ҳам кузатилади. Вирусдан кейинги бу йўтални енгиллаштириш учун организмга қулай шароит яратиш муҳим: хона ҳавосини нам ҳолатда сақлаш, кўп суюқлик ичиш, овозни дам олдириш ва бўғизни тузли сув билан чайиш керак.

Нам йўтал: тананинг нафас йўлларини тозалаш механизми ҳисобланади. Балғам билан бирга кечади. Балғамни ташқарига чиқариш организм учун фойдали бўлгани сабабли уни бутунлай тўхтатиб қўядиган дорилар фойда ўрнига зарар етказиши эҳтимоли мавжуд. Бундай ҳолатда асосий вазифа балғамни суюлтириш, унинг осон чиқишини таъминлашга йўналтирилиши зарур. Кўп суюқлик ичиш, хона намлигини ошириш, илиқ буғ ингаляцияси каби чоралар етарли бўлади. Фақат балғам жуда қуюқ ёки йўтал кучли бўлса, шифокор махсус балғам суюлтирувчи препарат тавсия қилиши мумкин.

Аллергик йўтал: балғамсиз бўлади, қичишиш, аксириш, бурун битиши ёки кўз ёшланиши билан кечади. Дорисиз ҳам вақтинча енгиллашади, аммо аллерген билан алоқа давом этса, йўтал қайта-қайта такрорланади. Бундай ҳолатда асосий ечим аллергенни аниқлаб, ундан узоқлашишдир. Баъзан антигистамин дорилар ёки шифокор тавсиясига кўра аллергияга қарши аэросол, спрейлардан фойдаланиш талаб қилинади. Аммо асосий муаммо бартараф этилмаса, йўтал давом этаверади.