Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда поезд ташувчи айби билан кечикса, йўловчиларга компенсация тўланади
Ҳозирда фақат “Афросиёб” поездлари учун амалда бўлган бундай тартиб эндиликда маҳаллий йўналишлардаги бошқа оддий ва тезюрар поездларга ҳам татбиқ этилади. Компенсация миқдори поезднинг кечикиш дақиқасига қараб йўлкира қийматининг 15 фоизидан 100 фоизигача белгиланмоқда.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда поезд кечиккани учун йўловчиларга пулли компенсация тўлаш тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги вақтларда қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фикрларда темирйўлда йўловчи поездларининг белгиланган жадвалдан кечикиши, жўнаб кетиши кечиккани ёки манзилга кеч етиб келгани ҳолатлари юзасидан эътирозлар билдирилган. 2025 йил давомида мазкур масала бўйича қўмитага 51 та мурожаат келиб тушган.
“Жумладан, фуқаро М.Х. томонидан қолдирилган мурожаатда “Тошкент–Бухоро–Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланувчи “Шарқ” поездлари доимий равишда 40 дақиқадан 1 соатгача кечикиб келаётгани, шунингдек, чипталарда поезд келиши ҳақидаги тўғри маълумот кўрсатилмагани таъкидланган. Бундай ҳолатлар йўловчиларнинг шахсий иш режалари ва уларни кутиб олувчилар режаларига ҳам таъсир кўрсатиши қайд этилган.
Мазкур масала бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги тартиблар ўрганилганда, ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пулли компенсация тўлаш тартиби белгиланмагани аниқланди”, дейилади хабарда.
Шунга кўра, қўмита томонидан ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга пулли компенсация тўлаш тартибини жорий этиш юзасидан Транспорт вазирлигига сўров юборилган. Сўровга жавобан Транспорт вазирлиги айни пайтда “Ўзбекистон Республикаси темирйўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари”нинг янги таҳрири ишлаб чиқилаётганини билдирган.
Қайд этилишича, поезд кечиккан ҳолларда маҳаллий йўналишлардаги оддий ва тезюрар поездларда йўловчиларга қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш белгиланмоқда:
- 15-30 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 15 фоизи миқдорида;
- 31-60 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 25 фоизи миқдорида;
- 61-120 дақиқа кечиккани учун йўлкира қийматининг 50 фоизи миқдорида;
- 121 дақиқадан ортиқ кечиккани учун йўлкира қийматининг 100 фоизи миқдорида.
Маълумот учун, юқоридаги тартиб ҳозирда фақат “Афросиёб” поездлари кечикиши учун мавжуд эди.
Аввалроқ “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамияти мамлакат ичида қатор йўловчи поездлари чипталари нархини оширганди.
Мавзуга оид
18:27 / 31.03.2026
Узоқни яқин қилувчи темир от – нега дунёнинг турли ҳудудларида темирйўллар ҳар хил ўлчамда қурилган?
09:06 / 30.03.2026
Водийга поездлар қатнови вақтинча тўхтади
18:13 / 19.03.2026
Байрам кунлари қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади
21:25 / 18.03.2026