Жамият | 16:40 / 29.05.2022
39106
11 дақиқада ўқилади

«Қизил товуқлар можароси». Андижонликларни қарзга ботираётган кампанияни ким тўхтатади?

Андижон вилоятида аҳолига жорий йил апрел ойидан буён кредит асосида 200 минг дона товуқ тарқатилган. Битта товуқнинг нархи ўртача 81 минг сўм бўлиб, бозордан анча қиммат. Тухум қўйиши кутилганидай бўлмаган, қолаверса, кун сайин нобуд бўлиб бораётган товуқларни деб шундоқ ҳам камбағал аҳоли қарзга ботмоқда. Энг хавотирлиси, яқин кунларда вилоятда бу «хайрли иш»нинг иккинчи босқичига старт берилиши кутиляпти: аҳолига кредит асосида яна 200 минг товуқ тарқатилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Андижонда эҳтиёжманд оилаларни «даромадли қилиш» учун тарқатилган товуқлар тухум қилмаяпти, янги шароитга мослаша олмай, нобуд бўляпти. «Даромадли бўлиш»ни умид қилган аҳоли эса, аксинча, қарзга ботмоқда. Маълумотларга кўра, тез кунларда вилоятда лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланиб, аҳолига яна 200 минг дона товуқ тарқатилиши режалаштирилган.

Бироқ вилоятнинг турли ҳудудларидан тўхтовсиз келаётган мурожаатлар одамларнинг товуқ боқиб, муаммолар ичида қолиб кетганини кўрсатмоқда. Мурожаатчилар сафига товуқ боқишга масъул бўлган кооперативчилар ҳам қўшилган. Кооператив эгалари товуқлар умуман боқишга яроқсиз эканлигини билдириб, якунда аҳоли кредитни тўлай олмаслиги аниқ эканлигини таъкидлашяпти.

Kun.uz самара бермаётган лойиҳа ечими юзасидан суриштирув ўтказиб, товуқ боқаётган мурожаатчилар, товуқ тарқатиб маҳсулот олувчи кооператив масъуллари билан суҳбатлашди.

«Зарардамиз. Жониворларни уволидан қўрқиб боқяпмиз»

Кооперативчилар бизни ўз ҳудудларидаги парранда боқишни орзу қилиб, муаммо ичида қолган хонадонларга олиб киришди. Олтинкўл тумани Ижтимоят маҳалласида яшовчи Муҳаммадносир Шаропов 200 дона товуқ олган. Шундан 40 донаси ўлган. 50 донасини кооперативга қайтариб бериб, ҳозирда 100 дона товуқ боқмоқда.

«Эчкимни сотиб жой қилдим. Лекин ҳеч фойда йўқ, фақат зарар. «Товуқлар учун жойни ерга эмас, тепага қилинг», дейишди. Қилдим. Барибир касалланиб ўляпти. Уларга кунига 47 минг сўмлик ем оламан, 25 минг сўмлик тухум қиляпти. Афсуски, тирикчиликнинг пулини ҳам шу товуқларга едиряпмиз.

Дўкончилар тухумнинг донасини кичиклиги учун оғриниб, зўрға 600 сўмга оляпти. Битта тухумнинг таннархи эса менга 2 500 сўмга тушяпти. Товуқлар жуда нозик экан, зўр шароит қилсак ҳам касалланиб, ўлиб қоляпти. Бозорда шу товуқларни 20 минг сўмга ҳам олмаяпти. Бошимиз қотган», дейди у. 

Шу маҳаллада яшовчи Муқаддамхон Юсупова бошида 200 дона товуқдан 45 тагача тухум олганини, товуқлар қирилиб кетиб, тухум қилмай қўйганини билдирди. Товуқбоқар ветеринарлар келгани, лекин товуқлар қирилаётгани сабабини айтиб бера олмаганидан ҳайрон.

Марҳаматлик Темур Тўхтасинов ҳокимият вакиллари томонидан берилган 670 дона товуқни боқиш учун бор-будини сарфлаб, шароит яратган. Парранда боқишнинг устаси бўлган йигитга берилган товуқларнинг 200 таси ўлиб қолган. Темур берилган паррандалар яхши боқилмай, эмланмай тарқатилганини айтмоқда. Товуқдан даромад эмас, зарар кўраётган тадбиркор кредитни тўлай олмаслигига кўзи етиб, боши қотган.

«Ҳокимиятга деярли ҳар куни товуқларни қайтариб олишларини сўраб бораман.Товуқ боқиб даромад олиш бўйича яхши тажрибам бор. 350-400 та товуқ боқиб, 90-95 фоиз тухум олишга эришганман. Лекин бу товуқларга жуда зўр шароит қилиб ҳам фойда ололмаяпман. Улар бизга етиб келгунича яхши боқилмаган, эмланмаган. Шунинг учун иммунитети паст. Яна айнан тухумдонлар етилганда, яъни қўзғатиш мумкин бўлмаган пайтда тарқатилган.

Менга келган товуқларнинг кўпининг оғирлиги бир килограмм ҳам чиқмади. Шартномада 80-85 фоиз тухум қилишини айтишганди. Ундай бўлмади. Қирилиб кетди.

Хусусий ветеринар ёллаб, ўлган товуқларни ёрдирдим, касалликларини аниқлатдим. Кўп марта «Пахтаобод парранда»га бориб ёрдам сўрагандим, беришмади. Охири қўнғироқ қилсам, телефонини ўчириб олишди.

Икки баробар кўп маблағ сарфлаб даволадим. Барибир бўлмади. Ҳозир уларни ўлдириб қўймаслик учун кунига 270-300 минг сўм пул сарфлаб боқяпман. Товуқлар 24 минг сўмлик тухум қиляпти, холос. Уйдагилар, келинимизнинг номига кредит олгандим. Тўлай олмаслигим аниқ бўлиб қоляпти. Бошим жуда қотган. Қўни-қўшнилардан ҳам қарз бўлиб кетдим. Илтимосимни етказинглар, «Пахтаобод парранда» товуқларини олиб кетсин. Бўлмаса қирилиб кетади», — дейди Темур Тўхтасинов.

Хўжаобод туман Хидирша маҳалласида яшовчи Ирода Мамиталиева ҳам куйганлардан: товуқ боқиб фойда кўриш ўрнига ҳисоб-китобда фақат зарар кўраётганидан ҳайрон.

«Бизга берилган товуқлар «брак». Бу товуқлардан кўра товус боқиш осонроқ экан»

Ижтимоят маҳалласида яшовчи, паррандачиликда катта тажрибага эга Нозимжон Холдоров 300 дона товуқ олган. Бир ой давомида шундан 200 таси қирилиб кетибди. Товуқ боқиш устаси дорилаб, емнинг турли хилини бериб ҳам паррандаларни асраб қололмаганидан жуда афсусда.

«Ёшлигимдан товуқ боқиб фойда топганман. Ўзим қўлбола ясаган инкубаторда товуқдан ташқари товус, курка, каклик очириб парвариш қиламан. Лекин мана шу қизил товуқларни эплай олмадим. Рационда кўрсатилган барча озуқани бериб, дори-дармонларни қилдим. Кунига ўляпти. Фойда йўқ. Кунига зарарга киряпман. Нима қилишга ҳайронман. Уволидан қўрқяпман. Бизга берилган товуқлар брак ва носоғлом», — дейди Нозимжон Холдоров.

У бизга хонадонида катта бўлаётган товус, каклик, курка ва ноёб товуқ зотларини кўрсатди.

Олтинкўл туманидаги «Ижтимоят томорқа хизмати» ва «Мақсад маҳалла томорқа хизмати»  кооперативлари масъулларининг ҳам муаммоли вазиятдан чиқишга кўзлари етмаяпти.

«Ижтимоят томорқа хизмати» кооперативи раҳбари Сардорбек Исмоилов ўз фикрларини билдирди.

«Туман ҳокимлиги вакиллари кам таъминланган оилаларга тарқатилаётган кўп тухум қиладиган товуқларнинг афзалликлари ҳақида тушунтирганда жуда хурсанд бўлгандим. Кооператив ташкил қилдим. Мингта товуқни «Пахтаобод парранда»дан олиб келиб тарқатдик.

Лекин маҳалла одамлари орасида балога қолдим. Товуқлар тухум қилмай ўла бошлади. Одамлар «Товуқларингни олиб чиқиб кет», деб мурожаат қилиб, ҳар куни ҳафсаламни пир қилади. Товуқлар қирилиб кетди. «Пахтаобод парранда»га бордим. Улар вилоят ҳокимлигига товуқларни тухумдонлар ривожланаётган пайтда жойидан қўзғатиб тарқатмаслик кераклиги бўйича хат билан чиққанини айтишди. Лекин ҳокимият барибир тарқатган экан.

Ҳозир банкдан 100 миллион сўм кредит бўйнимда турибди. «Тетра» зотли товуқни боқиш бўйича бирор қўлланма беришмади. Дарс ўтишмади. Мана энди катта маблағга куйиб ўтирибмиз. Аҳоли кредитни тўлай олмаслиги кундай равшан. Охир-оқибат «Пахтаобод парранда» билан судлашамиз», дейди у.  

«Мақсад маҳалла томорқа хизмати» кооперативи раҳбари Рустамжон Замчаматовнинг ҳам фиғони фалакда. Маҳаллага тарқатган 800 дона товуқ қирилишни бошлагач, аҳоли тирик қолган 400 дона товуқни унинг ўзига қайтариб берган. Рустамжон бу товуқлардан 40 дона қолганини билдирди.

«Пахтаобод парранда» директори нима дейди?

Товуқларнинг катта қисми «Пахтаобод парранда» корхонасидан тарқатилмоқда. Шу боис, биз ушбу корхонада бўлиб, тарқатилган товуқлар нега ўлиб қолаётгани, нархи бозордаги товуқлардан икки баробар қимматлиги, тухум туғиш самарадорлиги пастлиги сабаблари бўйича масъуллардан изоҳ сўрадик.

Корхона ижрочи директори Нуриддин Қодиров айбни корхонадан соқит қилишга уринмоқда.

«Парранда тухумини Европадан олиб келдик. Инкубаторда очириб, 120 кун боқиб катта қилдик. Зарур бўлган вакциналар билан 100 фоиз эмлаб, тўлиқ рацион бўйича боқиб, норматив бўйича қанча вазн бўлиши керак бўлса етказиб, соғлом товуқни аҳолига тарқатдик.

Тарқатгач, аҳоли хонадонларига бориб қандай боқилаётганини кўриб келяпмиз. Баъзи жойларда аҳоли кана босиб кетган жойларда боқяпти ёки юзта товуқ турадиган жойга уч юзта товуқни тиқиб қўйяпти. Норма бўйича бир метр жойда 5 бош товуқ боқилиши керак. Зич боқилган товуқлар бир-бирини чўқиб ташлайди. Каннибализм келиб чиқади. Сув бериш миқдорини билмай товуқларни қийнашяпти.

Ўлган товуқларни ёриб кўрдик. Сувсизликдан ўлганлари ҳам бор. Ўзлари касалликка чалинтириб, бизга тўнкашяпти. Ахир бу бизнинг айбимиз эмас-ку?

Товуқ боқиладиган жой талабларга кўра: таги қуруқ бўлиши, норматив бўйича катак қилиниши, ем ва сув идиши мавжуд бўлиши, ҳаво алмашиб туриши, катакда ёруғлик режимига риоя қилиниши керак. Ҳарорат 18-25 даражада сақланса мақсадга мувофиқ бўлади.

«Товуқлар нега қиммат?» деган саволга жавоб берсам. Бизнинг товуқлар алоҳида рацион асосида боқилган. Соя емининг килоси 11 минг сўм. Буғдой, макка, ўсимлик ёғи ҳам қиммат бўлиб кетган. «Балиқ уни» Болтиқбўйи давлатларидан келтирилади. Килоси 12 минг.

Касалликларга қарши вакциналар билан эмлаганмиз. Битта вакцина 1 доллар туради. Нарх шу тарзда ўсиб кетди.Товуқларни хонакилаштиришга келсак, шароит яхши бўлса, 15-20 кунда хонакилашади. Етарли озуқа берилмагани учун товуқлар тухумдан қолди.

Баъзи хонадонлар оддий оқшоқ билан боқаётганини кўрдик. 120 грамм озуқа еган товуқ тухум туғади-да. Товуқларни боқиш бўйича вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида мактаб ташкил қиладиган бўлишган. Товуқбоқарлар учун алоҳида, ветеринарлар учун алоҳида ўқиш бўлиши керак эди. Бироқ келиб ўқимаган бўлса, айб бизда эмас-ку?» дейди у. 

Энди нима бўлади?

Андижон аҳолисига товуқ боқиш бегона эмас. Лекин улар мана шу товуқлардан фойда кўришмаяпти. Тажрибали парранда боқувчиларнинг фикрича, бунга сабаблар талайгина. Биринчидан, товуқларни тарқатиш нотўғри ташкил қилинган. «Пахтаобод парранда»даги товуқлар етилиб, айнан тухумдонда тухумлар пайдо бўлиш жараёнида, яъни жойидан қўзғатиш мумкин бўлмаган пайтда тарқатилган. Бу ҳолат товуқлар ичидаги тухумларнинг синиб қолишига олиб келган, улар хонадонларга боргач, нобуд бўла бошлаган.

Ёки товуқлар «Пахтаобод парранда»да рисоладагидек эмланмаган ҳамда боқуви яхши бўлмаган. Иммунитети пастлиги боис ўлиб қолмоқда. Аҳоли «Тетра» зотли товуқни боқишга ўргатилмаган.

«Пахтаобод парранда» вакилларидан товуқ олиб фойда топаётган хонадонлар бўйича маълумот ва видеотасвирлар сўрадик. Аммо негадир беришмади, аниқроғи бера олишмади.

Оддий ҳисоблаб кўрилганида, 200 минг бош товуқ ўртача 81 минг сўмдан 16 млрд сўмдан ошади. Бу шунча миқдордаги пул таъминотчининг ҳисоб рақамига, иккинчи томондан қаралганда эса кредит шаклида андижонликлар елкасига тушди, дегани. Аҳолининг шунча мурожаат ва эътирозларига қарамасдан, «товуқ операцияси» тўхтатилмаётгани, яқин кунларда яна 200 минг бош товуқ тарқатилиши режа қилингани кўплаб шубҳали саволларни юзага келтирмоқда.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид