Жаҳон | 14:28 / 10.04.2021
34916
7 дақиқада ўқилади

Бишкекда олиб қочилган қизнинг жасади топилди. Ички ишлар вазиридан истеъфо талаб қилинмоқда

Қирғизистон пойтахтида олиб қочилган 27 ёшли қиз икки кун ўтиб ўлик ҳолда топилди. Фожиа бишкекликларни жунбишга келтирди, бир неча юз фуқаро ИИВ раҳбариятидан истеъфо талаб қилиб намойишга йиғилди.

Қирғизистонлик 27 ёшли Айзада Канатбекова 5 апрел куни Бишкек шаҳрида ўғирлаб кетилган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, уч нафар эркак қизни мажбуран машинага ўтқазиб, олиб кетаётгани камераларга тушиб қолган.

Гарчи қиз олиб қочиб кетилган машинанинг давлат рақами маълум бўлса-да, ички ишлар органлари зудлик билан уни топиш, жиноятнинг олдини олиш пайида бўлмагани айтилмоқда. Қолаверса, ҳодиса гувоҳи бўлган қизнинг одам ўғирлангани ҳақидаги хабари ҳам масъулларни ҳаракатга келтира олмаган.

Фақатгина қизнинг онаси маҳаллий вақт билан соат 13:38да фарзандининг ўғирлаб кетилгани бўйича расман арз қилганидан кейингина қидирув ишлари бошланган. Онаси қизини ўғирлаган шахс – Замирбек Тенизбаев олдин ҳам уни олиб қочишга ҳаракат қилгани, орқасидан пойлаб юргани ҳақида ИИБга ёзган аризасида маълум қилган. Шунингдек, у олдин бир неча марта судланган.

Марҳум қизнинг дўстлари ва яқинлари ҳам кўнгиллилар билан бирга қидирув ишларини бошлашган. Айнан улар Тенизбаевнинг машинасини Сосновкада кўришганини аниқлашган.

Фото: Қирғизистон ИИВ ахборот хизмати

Икки кундан сўнг Бишкек яқинидаги Чуй вилоятидаги далада турган автомобил салонида қизни зўрлик ишлатиб ўлдириш аломатлари бўлган ва 36 ёшли эркакнинг пичоқ билан жароҳатлар етказилган ҳолатдаги жасадлари топилган. Уларни маҳаллий чўпон кўриб қолган.

Дастлабки тахминларга кўра, 36 яшар эркак қизни турмуш қуришга кўндиролмагач, уни бўғиб ўлдирган. Сўнгра ўз жонига қасд қилган.

8 апрел куни Бишкекда 27 ёшли Айзада Канатбекованинг ўғирланиши ва ўлдирилиши ҳолати юзасидан уч юзга яқин киши Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳукумат бинолари олдига намойишга чиқди.

Шу куни эрталаб милиция органлари қизни ўғирлаш ва ўлдириш факти бўйича матбуот анжуманини ташкил қилишган. Унда Бишкек шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг раҳбарияти милиция кўрган чораларнинг ҳаммаси тўғри бўлганини айтиб, ўз номига айтилган танқидларни рад этган.

Пойтахт ИИББ тергов хизмати раҳбари Нурлан Утемисов одам ўғирлаганларнинг машинасини излашга бюрократик чўзишлар тўсқинлик қилганини билдирган. Милиция амалдорларининг айтишича, терговчилар машинанинг эгасини излаб, гумондорларга телефон орқали боғланишга ҳаракат қилишган.

«Янги кодекс ишга тушиши билан текширув процедураси қийинлашди. Ҳар бир тергов ҳаракати учун терговчи олдин прокуратурада розилик олиб, кейин судга боришади, шундан кейин суд ўз қарорини чиқаради. Қамоққа олиш қарорини ҳам суд беради. Шуларнинг ҳаммаси жиноятларни айниқса, ўта оғир жиноятларни фош қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда», — деб билдирган Утемисов.

Фото: АКИpress

Эслатиб ўтамиз, «қиз (бўлғуси келин)ни олиб қочиш»га Қирғизистонда миллий анъана сифатида ёндашилади. Мамлакат Жиноят кодексида бунинг учун жазо бор, аммо у оғир эмас. Митинг иштирокчилари ушбу қарашни ўзгартириш кераклигини, «қиз ўғирлаш» инсоннинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини тўғридан тўғри поймол қилиш ҳисобланишини, бу миллий урф-одат эмас, балки оғир жиноят экани қонун даражасида тан олиниши ва ушбу жиноят учун жазо кучайтирилишини сўрашмоқда.

Намойишчилар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу борада фаол эмаслигини таъкидлаб, ички ишлар вазири Улан Ниёзбековнинг истеъфога чиқишини талаб қилишган.

Фото: Vyacheslav Oseledko / AFP / East News

Ҳодиса юзасидан мамлакат парламентида ҳисоб берган вазир Ниёзбеков жавобгарликдан қочмоқчи эмаслигини, бу жиноятнинг содир этилишида маънан айбдор эканликларини таъкидлаган. У айни пайтда воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани, унинг натижаси бугун ва эртага маълум қилинишини айтган.

9 апрель куни ички ишлар тизимидаги 12 нафар мансабдор ва масъул ходимлар ишдан олингани, уларнинг ўрнига янгилари тайинлангани, шунингдек, ўттиздан зиёд ходим турли даражадаги интизомий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди. Лавозимидан озоод қилинганлар орасида Бишкек шаҳар ИИББ бошлиғи, унинг ўринбосари ҳам бор. Прокуратура органлари Айзада Канатбекованинг ўғирланиши бўйича милициянинг ҳаракатларини текшира бошлаган.

Канатбековани олиб қочишда иштирок этган илк гумонланувчи 7 апрелда, яна уч нафари 8 апрелда қўлга олинган.

Вазиятга даставвал Қирғизистон бош вазири аралашган бўлса, сўнгра президент Садир Жапаров ҳам муносабат билдирди.

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов
Фото: 24.kg

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов намойишчилар олдига чиқиб, ушбу иш президент ва ўзининг назоратида эканини айтган, шунингдек тергов-суриштирув ишлари учун вақт сўраган.

«Мен Айзада Канатбекова ишини шахсий назоратимга оламан. Бу ишни охирига етказиш керак, жазо эса муқаррар бўлади», – деб ёзган Қирғизистон президенти Садир Жапаров Facebook'даги саҳифасида.

Қирғизистоннинг мусулмонлар дин бошқармаси ҳам ўғирланиб кейин ўлдирилган Айзада Канатбекованинг воқеасини танқид қилиб, буни шариатга ва одамгарчиликка тўғри келмаган, одамларни ғазаблантирган аянчли воқеа бўлганини билдирган. Муфтиятнинг баёнотида олиб қочиш ҳаром экани, шариатда олиб қочиш тақиқланиши, қизни мажбурлаб уйланишга йўл берилмаслиги, бошқа одамларга зарар беришнинг ҳамма тури ҳаромлиги таъкидланади.

Айзада Канатбекова
Фото: Sputnik

Маълумот учун, 2018 йили никоҳга мажбурлаш мақсадида ўғирлаб кетилган 19 яшар Бурулай Турдиалиева ҳам ўлдирилган, уни олиб қочиб, сўнг ўлдирган шахс эса 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Маҳаллий ОАВда қизларни никоҳга мажбурлаш учун олиб қочилгани ҳақидаги хабарлар кўп учрайди. Аксар ҳолларда олиб қочилган қизлар ўзи истамаган шахс билан бирга турмуш қуришга мажбур бўлишади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қирғизистондаги ваколатхонаси Aйзада Канатбековани ўғирлаш ва ўлдириш ишига муносабат билдириб, унинг вафоти жамиятни аёлларни ўғирлаш ва мажбурий никоҳни тўхтатишга чақириқ эканини, бу ғайриинсоний амалиётга чек қўйиш кераклигини таъкидлаган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид