Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев давлат лавозимига қайтмайди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров маҳаллий «Хабар» миллий ахборот агентлигига берган интервюсида айтиб ўтган.
Журналист унга жамоатчилик фаоллари, сиёсатчилар ҳамда оқсоқоллар «мамлакат келажаги учун Жапаров ва Ташиев тандеми тикланиши кераклиги»ни айтаётгани, унинг ўзи ҳам охирги интервюсида «Ташиев билан дўст бўлиб қолиши» ҳақида гапирганини эслатиб, бу борадаги позицияси қанчалик ўзгаргани ҳақида сўраган.
«Ҳа, мен ҳали ҳам шу позициядаман. Мен табиатан баҳсли масалаларни тинч ва зиддиятларсиз ҳал қилишни маъқул кўраман. Биз дўст бўлиб қоламиз. Аммо бу одам давлат лавозимида ишламайди. Дам олсин, соғлиғига қарасин.
Атрофини тозаласин, „оқсоқоллар ва кўксоқоллар“дан халос бўлсин.
Тергов органлари ҳаммасини аниқлаб, тартиб ўрнатади. Албатта, ҳозир у раҳмат демайди. Хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб „Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан“ дейди ва миннатдорчилик билдиради», – дейди Жапаров.
Президентнинг аниқлик киритишича, у шу кунларда Ташиевни қабул қилган, МХДҚнинг собиқ раиси эса «муддатидан олдинги сайловлар масаласини кўтарган оқсоқоллар билан учрашмагани»ни айтган.
«Кеча кечқурун уни қабул қилдим. „Дамингни ол, дўстим, соғлик билан шуғуллан, хотиржам яша“, дедим.
Дўстимнинг айтишича, у ҳеч қандай „оқсоқол“ ёки „кўксоқол“лар билан гаплашмаган.
Шундан келиб чиқиб, хулоса қилдим: демак, улар ўзларича, яширинча, ўзларининг яширин режаси бўйича, дўстимга билдирмай ҳаракат қилишган.
Ҳаммасини тозалаб, тартибга келтирамиз. Худога шукр, бунга кучимиз етади», – деган Жапаров.
Интервю давомида журналист жамоатчиликда Ташиев кетганидан кейин Қирғизистондаги уюшган жиноий гуруҳлар ҳамда коррупцияга қарши кураш тўхташи, жиноятчилик кучайиши борасида хавотирлар пайдо бўлганига эътибор қаратган.
Бунга жавобан Жапаров мамлакатда ҳозирда уюшган жиноятчилик йўқлиги ва бундан кейин ҳам бўлмаслигини таъкидлаган.
У ҳуқуқ-тартибот идораларига жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашда «ниқоб-шоу» ва пиарсиз, хотиржам ва профессионал тарзда ишлаш бўйича топшириқ берган.
«Албатта, жиноятчилик бўлади, жиноятчилар бутун дунёда бор. Уларни ҳеч ким охиригача йўқ қила олмайди. Одам яшайдиган жойда ҳаммаси бўлади.















