Ўзбекистон | 14:30 / 17.12.2017
11005
3 дақиқада ўқилади

Турин политехника университети академик лицейда вазир ўринбосарлари билан учрашув бўлиб ўтди

Турин политехника университети ҳузуридаги академик лицейда Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ҳамда Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Олимжон Тўйчиев иштирокида ўқувчи ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Лицей директори Абдужамин Каримов ва лицейнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Садоқат Сафарова ташаббуси билан уюштирилган давра суҳбати “Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз” мавзусида бўлиб ўтди. 

Жонли мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда қатнашган спикерлар ёшларга ўз тавсия ва маслаҳатларини беришди.

“Ёшларимиз қайси соҳа мутахассиси бўлишни аввалдан белгилаб олган ҳолда, шу соҳага ҳиссани қўшса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгги йилларда кўплаб давлатлар келажак энергияси дея қуёш, шамол ва бошқа энергияларини ривожлантириш зарурлигига урғу берди. Аммо Ўзбекистон келажак энергияси деб ёшларни айтмоқда. Чунки айнан ёшлар янгича дунёқараш билан Ватан тараққиётига катта ҳисса қўша олади. Уларнинг ичида жўшиб турган энергия бор. Шу боисдан, шу ерда ўтирган ёшлар орасидан ҳам етук олимлар чиқишига ҳеч шубҳам йўқ”, - деган фикрни билдирди Олимжон Тўйчиев.

Алишер Саъдуллаев ҳам ўз вазифаларини адо этиш билан боғлиқ тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. У ёшларнинг бошқалардан фарқли ва устунлик жиҳатига тўхталиб, у ҳам бўлса, таваккалчиликка қўрқмасдан қўл ура олишида эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Саъдуллаев ёшларга маслаҳатлар ҳам бериб, дарсга келиб мақсадсиз ўқиб кетавериш иш бермаслигини қайд этди. 

“Агар сизлар дарсга келиб, китобни фақат ўқиб кетаверсанглар, аммо нимага қараб кетаётганларингни билмасанглар, бир йилдан сўнг қандай натижага эришганларингни билмайсизлар. Шунинг учун ҳам deadline (тугаш чегараси) яхши нарса. Бундан ташқари, келаси йилдан ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида дастурлашни касб сифатида ўргатувчи амалиётни жорий қилишни режалаштираяпмиз”, - дея маълум қилди. 

Мулоқот давомида академик лицей ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан спикерларга мурожаат қилиб, таклиф-ташаббусларини ҳам билдиришди.

 

 

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид