Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп 6 ноябр куни Вашингтонда «Марказий Осиё – АҚШ» саммитига мезбонлик қилади
«Марказий Осиё - АҚШ» (C5+1) формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасидаги мулоқот ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун платформадир. Ушбу ташаббус доирасидаги муҳокамаларнинг асосий йўналишлари хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология ҳисобланади.
6 ноябр куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп мезбонлигида «Марказий Осиё - АҚШ» саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон президенти администрациясидаги манба Kun.uz’га тасдиқлашича, унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Қайд этилишича, саммитда иштирок этиш таклифи Марказий Осиёнинг барча давлатлари президентларига, жумладан, Шавкат Мирзиёевга ҳам юборилган.
Таъкидланишича, саммитга асос солинганига 10 йил тўлиши муносабати билан унда АҚШ президенти Доналд Трамп иштирок этиши кутилмоқда.
Аввалроқ, АҚШ Конгресси аъзолари президент Трампга «Марказий Осиё - АҚШ» (C5+1) форматидаги саммитни ўтказиш бўйича тавсия мактуби йўллади. Унда форум Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақадаги АҚШ стратегик манфаатларини илгари суриш учун ноёб имконият экани таъкидланган.
«Марказий Осиё - АҚШ» (C5+1) формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасидаги мулоқот ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун платформадир. У 2015 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашувидан сўнг ташкил этилган ва 2023 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган президентлар учрашувига қадар ташқи ишлар вазирлари даражасида ўтказилган.
Ушбу ташаббус доирасидаги муҳокамаларнинг асосий йўналишлари хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология ҳисобланади.
Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ТИВ раҳбарларининг 5+1 шаклидаги сўнгги учрашуви 28 февраль куни Остонада бўлиб ўтган эди. Шунда томонлар минтақа мамлакатлари ўртасида ҳам, АҚШ билан ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.