Тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ фойдаланувчилари қароқчи ресурсларга қарийб 26,68 миллиард марта ташриф буюрган. Бу дунё бўйича қайд этилган умумий "пират" трафикнинг тахминан 12,33 фоизига тенг.

Рейтингда иккинчи ўринни Ҳиндистон эгаллади. Мамлакат ҳиссасига 17,56 миллиард ташриф тўғри келган. Кейинги ўринларда Россия (15,4 миллиард), Индонезия ва Вьетнам қайд этилган.

Мутахассислар таъкидлашича, фильмлар, сериаллар, дастурий таъминот, мусиқа, аниме, спорт трансляциялари ва видеоўйинларга бепул кириш имкониятига бўлган талаб ҳали ҳам жуда юқори. Бу эса обуна асосида ишловчи платформаларнинг жадал ривожланаётганига қарамай кузатилмоқда.

Агар интернетнинг дастлабки йилларида қароқчилик асосан торрентлар ва файл алмашиш тармоқлари билан боғланган бўлса, бугунги кунда у ташқи кўриниши жиҳатидан қонуний сервисларга ўхшаш мураккаб стриминг экотизимига айланган.

MUSO тадқиқотчилари қароқчиликнинг ўсишини фойдаланувчилар норозилиги билан изоҳламоқда. Уларга кўра, контентнинг турли платформаларга тарқалиб кетиши, минтақавий чекловлар ва обуна нархларининг доимий ошиб бориши ноқонуний ресурсларга қизиқишни кучайтирмоқда.

Экспертлар, айниқса, керакли контент муайян мамлакатда мавжуд бўлмаганда ёки бир нечта пулли сервислар ўртасида тақсимланган ҳолатларда фойдаланувчилар "пират" платформаларга кўпроқ мурожаат қилишини қайд этмоқда.

"Пират" трафикнинг ўсиши Осиёнинг тез ривожланаётган рақамли иқтисодиётларида ҳам яққол намоён бўлган. Ҳиндистондан ташқари Индонезия, Вьетнам ва Таиланд ҳам рейтингнинг юқори қисмида жойлашган. Таҳлилчилар бу ҳолатни аҳоли сонининг кўплиги, интернет қамровининг кенгайиши ва мобил қурилмалар орқали контент истеъмолининг устунлиги билан изоҳлайди.

Ҳиндистон якка ўзи жаҳон қароқчилик трафигининг 8 фоиздан ортиғини таъминлаган. Бу ерда асосий талаб кўнгилочар контент, спорт трансляциялари ва дастурий таъминотни юклаб олиш билан боғлиқ.

Индонезия 12,11 миллиард ташриф билан тўртинчи, Вьетнам эса 7,44 миллиард ташриф билан бешинчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқотчилар қароқчилик даражаси аҳоли даромадлари, қонуний контентнинг оммабоплиги ва муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидламоқда.