Ўзбекистон | 08:27 / 02.07.2024
7595
2 дақиқада ўқилади

“Ноқонуний уланишларнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашиляпти” – президент энергия истеъмолидаги ўғирликларга тўхталди

Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган йиғилишда энергия истеъмолида ўғирликлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Қайд этилишича, бу йил 15 мингта ҳолатда табиий газ ва 28 мингта ҳолатда электрдан ўғирлик аниқланган. Давлат раҳбари бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, энергия сарфини қатъий назорат қилиш, масъулларнинг жавобгарлигини ошириш зарурлиги таъкидлади. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 1 июл куни тармоқ ва ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ҳисобот билан танишди.

Маълум қилинишича, жорий йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилган. У, ишлаб чиқаришга халал бермаган ҳолда, энергия истеъмолини самарали ташкил этиш орқали муайян ҳажмларни тежашга қаратилган.

Йиғилишда шу борадаги ишларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилиб, энергия истеъмолида ўғирликлар кўплиги кўрсатиб ўтилган. Қайд этилишича, бу йил 15 мингта ҳолатда табиий газ ва 28 мингта ҳолатда электрдан ўғирлик аниқланган. Бунинг сабаби сифатида ҳозирги тизимда ноқонуний уланишларнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашилаётганлигини таъкидланган. 

Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, энергия сарфини қатъий назорат қилиш, масъулларнинг жавобгарлигини ошириш зарурлигини қайд этган. Шунингдек, давлат раҳбари соҳадаги инвестициявий лойиҳаларни, чет эллик шериклар билан эришилган келишувларни юқори даражада амалга ошириш кераклигини таъкидлаган.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳам ахборот берилган. Қайд этилишича, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни таъмирлаш бўйича ишлар бошланган. Бунга қўшимча 595 километр электр тармоғи қурилиб, қатор янги подстанциялар ишга туширилади. Иссиқлик станциялари барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар захиралари шакллантирилмоқда.

Йиғилишда мутасаддиларга энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш, инфратузилмани модернизация қилиб, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш юзасидан вазифалар қўйилган. 

Мавзуга оид