Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистонга қайтмоқчи бўлган Трамп, КХДРнинг ядровий режалари ва БМТда қайтган Ғазо бўйича резолюция – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ БМТда Ғазо бўйича резолюцияга вето қўйди
АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазода зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатишни ҳамда ҳуманитар ёрдамга чекловсиз киришни талаб қилган янги резолюция лойиҳасига вето қўйди.
Исроил армияси Ғазо секторини доимий босиб олиш ва кенгайтиришга қаратилган ҳужум режасини амалга ошира бошлаганидан сўнг, ХК кун тартибига «зудлик билан ва доимий ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар ёрдамга чекловсиз киришни» талаб қилган резолюция лойиҳаси киритилди.
Резолюция лойиҳаси учун Кенгашнинг 14 аъзоси овоз берди, бироқ АҚШнинг ягона қаршилиги сабабли у рад этилди.
Овоз беришдан олдин АҚШ вакили ушбу резолюцияга вето қўйилиши «ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслигини» айтди, чунки АҚШ томонига кўра, лойиҳа — «Ҳамасни қораламайди ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олмайди».
Америкалик дипломат Ғазода барча асирлар озод қилинмасдан туриб сулҳ имконсизлигини айтди.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 65 141 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 165 925 киши яраланган.
Исроил армияси Ғазо секторини доимий босиб олишни кўзлаган ҳужум режасини амалга ошира бошлади. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу улар бутун Ғазо секторини босиб олишини эълон қилди., Халқаро ҳамжамият, хусусан БМТ комиссияси аллақачон Исроилнинг урушини геноцид, деб баҳоламоқда.
Путин менга панд берди – Трамп
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги можарони ҳал қилиш ўзи кутганидан кўра қийинроқ бўлаётганини ва Россия президенти Владимир Путин унинг ҳафсаласини пир қилганини айтди.
«Мен Путин билан муносабатларим туфайли Россия ва Украина ўртасидаги урушни осонроқ ҳал қилиш мумкин деб ўйлагандим, лекин у менга панд берди, у ҳақиқатан ҳам панд берди», деди Трамп Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан қўшма матбуот анжуманида.
Шунингдек, АҚШ президенти Россия Украинага қараганда кўпроқ аскар йўқотмоқда, деган фикрни билдирди.
«Путин кўплаб одамларни ўлдирмоқда. У ўлдиришдан кўра кўпроқ одам йўқотяпти. Россия аскарлари Украина аскарларига қараганда кўпроқ ҳалок бўлмоқда», деди Трамп.
Трамп агар Байден эмас, ўзи АҚШ президенти бўлганида, Украинада кенг кўламли уруш ҳеч қачон бошланмас эди, деди. Оқ уй раҳбари буни кўп марта такрорлаган.
«Бу урушда миллионлаб одамлар ҳалок бўлди ва бу америкалик аскарлар эмас. Аскарлар Иккинчи жаҳон урушидан бери ҳеч ким кўрмаган тезликда ҳалок бўлмоқда. Мен айнан шу сабабга кўра бу муаммони ҳал қилишга мажбурман, деб ўйлайман», деди Трамп.
Нашрнинг қўшимча қилишича, Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийга Овал кабинетда айтган гапини такрорлади – можаро учинчи жаҳон урушига айланиб кетиши мумкин.
Испания Исроил туфайли Жаҳон чемпионатини бойкот қилмоқчи
Агар Исроил Жаҳон чемпионатига йўл оладиган бўлса, Испания ҳукумати футбол бўйича миллий жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатидан олиб қолиш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда Испания социалистик ишчи партияси вакили, конгресс аъзоси Пачи Лопесга асосланиб маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Лопес Исроил жамоалари мусобақалардан четлатилиши кераклигини қайд этган.
Бундан олдинроқ Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтамагунча, Исроил Россия билан бир қаторда халқаро спорт мусобақаларидан четлаштирилиши кераклигини айтганди. У расмий Тел-Авивни спортдан «ўз агрессиясини оқлаш» учун фойдаланишда айблаган.
Бу баёнот, Исроил жамоаси иштирок этгани сабабли Фаластин тарафдорлари Мадриддаги велопойганинг финал босқичи ўтказилишига тўсқинлик қилиши ортидан берилди. Воқеа давомида полиция билан тўқнашувлар содир бўлган, икки киши ҳибсга олинган ва 22 киши жароҳатланган.
Лопес велопойга чоғида Фаластинни қўллаб акция ўтказган аҳоли ўз қадр-қимматини намойиш этгани ҳақида гапирган.
Ҳукуматнинг расмий вакили Пилар Алегрия ҳам бу ҳақда фикр билдириб, шундай деган: «Спорт – воқеликдан узилган орол эмас. Айниқса, инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши шароитида спорт ҳам бир четда қараб тура олмайди».
Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари мезбонлик қилиб, турнир 11 июнда бошланади ва 19 июлга қадар давом этади. Ҳозирча Испания ҳам, Исроил ҳам мундиал йўлланмасини ҳал қилмаган.
Анқарада Кипрдаги вазиятни кузатмоқда
Туркия Миллий мудофаа вазирлиги Анқарада бўлиб ўтган брифингда, Жанубий Кипр грек администрациясига Исроил томонидан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилиши юзасидан изоҳ берди.
Вазирликда таъкидланишича, Шимолий Кипр Турк Республикасининг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
«Яна бир бор эслатамизки, Жанубий Кипр Грек администрацияси томонидан оролда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга қаратилган милитаризация йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ва амалиётлар хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин», — деди Мудофаа вазирлиги манбалари Анқарада бўлиб ўтган ҳафталик матбуот брифингида.
«Туркия аввалгидек Шимолий Кипрни қўллаб-қувватлайди. Турк кипрликлар Туркия ҳимояси остида», — дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги.
Трампинг ҳарбий режалари
Президент Доналд Трампнинг айтишича, АҚШ Афғонистондаги «Багром» ҳарбий-ҳаво базаси устидан назоратни қайтариб олишга ҳаракат қилади.
«Биз Афғонистонни тарк этганимизда, у ерда ўз кучимиз ва қадр-қимматимизни қолдирдик. Биз Багромдаги йирик ҳарбий-ҳаво кучлари базасини шунчаки бериб юбордик ва уни қайтаришга ҳаракат қиламиз», деди Трамп 18 сентябр куни Лондонда Британия ҳукумати раҳбари Кир Стармер билан қўшма матбуот анжуманида.
АҚШ 2021 йил кузида Жо Байден президентлиги даврида Афғонистондан ўз контингентини олиб чиқиб кетганди. Жумладан, АҚШ қўшинлари Багромдаги ҳарбий-ҳаво кучлари базасини ҳам тарк этган.
Уруш вазирлиги, деб қайта номлаган Пентагон эса АҚШнинг ўзида «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини ишлаб чиққанини маълум қилди.
Хусусан, «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш дастури учун масъул бўлган АҚШ космик кучлари генерали Майкл Гетлайн лойиҳани ишлаб чиқишни якунлади. Пентагон унинг кўлами ва қиймати ҳақида батафсил маълумот бермади.
АҚШ президенти Доналд Трамп май ойида «Олтин гумбаз»ни яратиш 175 миллиард долларга тушиши мумкинлигини айтган эди. Конгресснинг бюджет бошқармаси космик тутқичлар тармоғининг ўзи 542 миллиард долларга тушади, деб ҳисобламоқда. унга радиолокацион панжаралар, ердаги тутқичлар, космик зондлар ва лазер тизимлари кириши мумкин. Унга радиолокацион панжаралар, ердаги тутқичлар, космик зондлар ва лазер тизимлари кириши мумкин.
КХДР руслардан атом сувости технологиясини олди
Шимолий Корея ўзининг сувости флотини ривожлантириш учун Россиядан ядровий реактор олди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб Newsweek ёзмоқда.
Нашр Россия мудофаа ва ташқи ишлар вазирликларига изоҳ сўраб электрон хат юборганини маълум қилди. Шу билан бирга, Шимолий Кореянинг Пекиндаги элчихонаси бу ҳақдаги сўровга жавоб қайтармаган.
Таъкидлаш жоиз, 2024 йилда Россия ва Шимолий Корея стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолади, унга кўра ҳар икки томон ўзаро ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди. Нашрнинг ёзишича, Пхенян Москвадан ҳарбий техника олиш эвазига Кремлнинг Украинадаги урушини қўллаб-қувватлаш учун қўшин ва ўқ-дорилар берган.
Шимолий Корея ядровий ва ракета дастурларини ривожлантиришдан ташқари, бошқариладиган ракеталарга эга атом сувости кемаси ва 5 минг тонна сув сиғимига эга иккита эсминец қуриш орқали денгиз флотини кучайтирмоқда. Бу ҳарбий-денгиз кучлари устун бўлган АҚШ ва Жанубий Кореяга қарши туриш учун қилинмоқда.
Разведка маълумотларига кўра, Россия дастлаб Шимолий Кореяга атом сувости кемалари технологияси ва замонавий қирувчи самолётларни беришни истамаган, аммо охир-оқибат бунга рози бўлган. Атом технологиялари билан боғлиқ материаллар эса янги эмас, балки Россия армияси фойдаланишдан чиқарган кемалардан олинган.
Шунга қарамай, дизел-электр сувости кемаларидан фарқли ўлароқ, атом сувости кемалари деярли чексиз чидамлилик, тезлик ва сузиш масофасига эга. Улардан фойдаланишда ягона чеклов озиқ-овқат захиралари ҳисобланади.
АҚШ ва Россия ушбу турдаги сувости кемаларидан фойдаланадиган кам сонли давлатлар қаторига киради.
Мавзуга оид
14:02 / 24.12.2025
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
16:08 / 23.12.2025
Гренландияга кўз тиккан Трамп, Хитойнинг ядровий амбициялари ва Москвада портлатилган генерал – кун дайжести
15:47 / 22.12.2025
Путиннинг «катта режалари», янги авиаташувчи қуришни бошлаган Франция ва Ғарбий соҳилда яна ноқонуний посёлкалар – кун дайжести
14:37 / 19.12.2025