Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг пулларини мусодара қилмоқчи бўлган АҚШ, Фаластинни қўллаган БМТ ва Полшада машғулот бошлаган НАТО – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
БМТ Фаластин тан олинишини қўллаб-қувватлади
БМТ Бош ассамблеяси жума куни Исроил ва Фаластин ўртасида икки давлатли ечим сари «аниқ, муддатли ва орқага қайтмас қадамлар»ни белгиловчи декларацияни катта кўпчилик овоз билан қўллаб-қувватлади.
Етти саҳифали декларация июл ойида БМТда Саудия Арабистони ва Франция мезбонлигида ўтказилган халқаро конференция натижасида ишлаб чиқилган. АҚШ ва Исроил тадбирни бойкот қилган эди.
Шунингдек, декларацияни маъқулловчи резолюция 142 та давлатнинг розилигини олди, 10 давлат қарши чиқди, 12 давлат бетараф қолди. Овоз бериш 22 сентябр куни юқори даражадаги БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидан олдин бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда Британия, Франция, Канада ва бошқа давлатлар расмий равишда Фаластин давлатини тан олиши кутилмоқда.
Шунингдек, Бош ассамблеянинг 193 аъзо давлати томонидан қўллаб-қувватланган декларация 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг ҳужумларини, Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумларини, қамал ва очликни қоралади.
Ҳужжатда барча гаровдаги шахсларни озод этиш талаби билдирилган, шунингдек ҲАМАС қуролдан воз кечишга ва сектор устидан назоратни тўхтатишга чақирилган.
«Ғазодаги урушни тўхтатиш контекстида ҲАМАС сектордаги ҳукмронлигини тўхтатиши ва суверен ва мустақил Фаластин давлатини яратиш мақсадига эришиш учун халқаро қўллаб-қувватлаш ва иштирокда Фаластин маъмуриятига қурол топшириши керак», дейилади ҳужжатда.
Резолюцияни барча Форс кўрфази араб давлатлари қўллаб-қувватлади. Исроил ва АҚШ қарши овоз берди.
Резолюция билан маъқулланган декларацияда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан мандат бериладиган вақтинчалик халқаро барқарорлаштириш миссияси жойлаштирилишига қўллаб-қувватлов билдирилади.
АҚШ овоз беришни «яна бир нотўғри, ўз вақтида бўлмаган реклама шоуси ҳамда ҲАМАСга совға» деб таърифлади. Унга кўра, бу қадам можарони тугатишга қаратилган жиддий дипломатик ҳаракатларни заифлаштирди.
Трамп сабри тугаётганини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинга нисбатан сабр-тоқати «тезда тугаётганини» ва Россияни иқтисодиётнинг молия ва энергетика соҳаларига нисбатан янги санкциялар кутиши мумкинлигини айтди.
«У (сабр-тоқат) тугаётганга ўхшайди ва тез тугайди», деди Трамп Fox News телеканалига берган интервюсида.
«Биз банкларга қарши қаратилган жуда кучли санкцияларни жорий этмоқчимиз, шунингдек, нефтга зарба бермоқчимиз ва тарифларни ҳам (киритмоқчимиз)», деб қўшимча қилди у. Трамп аввалроқ Россия нефтининг энг йирик харидорига айланган Ҳиндистонга нисбатан юқори божларни жорий қилганини эслатди. «Бу осон бўлмади, чунки бу Ҳиндистон билан зиддиятни келтириб чиқарди», деди у.
Трамп сўзларига кўра, у Россия тўртинчи йилдан бери давом этаётган можарони ҳозир ҳал қилишга тайёрми ёки йўқлигини билмайди. Шу билан бирга, у Украина президенти Володимир Зеленский музокараларга тайёрлигини жуда тез кўрсатмаганини таъкидлади.
«Танго (рақси) учун икки киши керак. Ажабланарлиси шундаки, Путин буни хоҳласа, Зеленский хоҳламайди. Зеленский хоҳласа, Путин хоҳламайди. Энди Зеленский хоҳлаяпти, Путин сўроқ остида», деди Трамп.
Бундан ташқари, Bloombergʼнинг ёзишича, Доналд Трамп маъмурияти G7 давлатларига санкциялар натижасида музлатиб қўйилган Россиянинг олтин-валюта захираларини тўғридан тўғри мусодара қилишни бошлашни таклиф этган.
Агентлик манбаларига кўра, америкаликлар аллақачон ўз ғояларини Россиянинг музлатилган суверен активларининг тахминан учдан икки қисми жойлашган Европа расмийларига билдирган. Ҳозир Европа Иттифоқи ушбу маблағларни инвестиция қилишдан олинган фойдадан Украинага ёрдамни молиялаштириш учун фойдаланмоқда.
Умумий ҳисобда Ғарб давлатлари Россиянинг 300 миллиард долларга яқин ёки халқаро захираларининг тахминан ярмини музлатиб қўйди. Европа Иттифоқи урушнинг дастлабки кунларидаёқ Россия Молия вазирлиги, Марказий банки ва Миллий фаровонлик жамғармасига қарши санкциялар қўллаб, 200 миллиард еврога яқин маблағни блоклаб қўйди.
Вашингтон бу пулларни олиб қўйиш ва кейин улардан Киевни ҳарбий қўллаб-қувватлаш харажатларини тўлаш учун фойдаланишни таклиф этган. Европа Иттифоқи расмийлари Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилиш учун ҳуқуқий асосни яратишга бир неча бор уриниб кўрган. Бироқ эҳтимолий ҳуқуқий оқибатлар туфайли бу қадамдан воз кечган.
АҚШ президенти ўзи россиялик ҳамкасбидан норози эканини аввал ҳам бир неча бор айтиб, кучли санкциялар билан таҳдид қилган. Лекин ваъдалар ҳеч қачон амалиётгача етиб бормаган.
НАТО Россия таҳдидига қарши тайёрланмоқда
НАТО бош котиби Марк Рютте Россия дронлари Полша ҳаво ҳудудига кирганидан кейин Европанинг шарқий қаноти мудофаасини кучайтириш учун «Шарқий қўриқчи» (Eastern Centry) операцияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
«Бу ақлсизлик ва номақбул. Биз Россия дронларининг иттифоқчилар ҳаво ҳудудига бостириб киришига йўл қўя олмаймиз», деди Рютте. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда миссияга Дания, Франция, Буюк Британия ва Германия қўшилган. Операциянинг бошқа тафсилотлари ҳозирча номаълум.
Франция президенти Эммануэл Макрон Полша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун Rafale қирувчи самолётларини қўллашга ваъда берди.
11 сентябр куни Полша иттифоқчилардан Россия босқинидан яхшироқ ҳимояланиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва дронларга қарши қўшимча технологияларни тақдим этишни сўради. НАТО кучлари 10 сентябр куни Россиянинг Украинага сўнгги кенг кўламли ҳаво ҳужуми пайтида Полша чегарасини кесиб ўтган дронларни уриб туширган эди.
Эпштейн иши: Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси ишдан бўшатилди
Буюк Британия ҳукумати Британиянинг Вашингтондаги элчиси Питер Манделсонни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қарор Манделсоннинг вояга етмаганлар жинсий савдосида айбланган ва 2019 йилда қамоқхона камерасида осилган ҳолда топилган молиячи Жеффри Эпштейн билан яқин алоқалари туфайли қабул қилинган.
Манделсоннинг электрон хатларида мавжуд бўлган қўшимча маълумотлардан келиб чиқиб, бош вазир Кир Стармер ташқи ишлар вазири Девид Леммидан дипломатни элчи сифатида чақириб олишни сўради.
«Электрон почта хабарлари Питер Манделсоннинг Жеффри Эпштейн билан муносабатларининг чуқурлиги ва кўлами унинг тайинланган вақтида маълум бўлганидан сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатади», — дея маълум қилди вазирлик.
Бир неча кун олдин АҚШ Вакиллар палатаси қўмитаси — молиячи Жеффри Эпштейннинг шов-шувли иши билан боғлиқ минглаб саҳифали ҳужжатларни эълон қилганди. Унинг Доналд Трамп билан алоқалари АҚШда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлмоқда.
Россияда мигрантларга фуқаролик беришни тўхтатиш таклиф этилди
«Справедливая Россия» партияси раиси Сергей Миронов 2030 йилгача Марказий Осиёдан келган мигрантларга Россия фуқаролиги ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақирди.
Унинг айтишича, Россияда 6,5 миллиондан ортиқ мигрант бор ва уларнинг камроқ қисми ишлайди. Қолганлари — ҳеч нарса қилмасдан ижтимоий инфратузилмалардан фойдаланади. Депутат бундай ҳолат Россия миллий хавфсизлиги ва фуқаролари фаровонлигига тўғридан тўғри таҳдид солишини билдирган.
«Мен 2030 йилгача Ўрта Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақираман. Фақат шу йўл билан биз вазиятни барқарорлаштиришимиз ва бугунги кунда мамлакатга чет эл фуқароларининг оммавий келиши туфайли юзага келаётган барча муаммоларни ҳал қилишимиз мумкин», деди Миронов.
Аввалроқ сиёсатчи бир неча бор шунга ўхшаш ташаббуслар билан чиққан. Хусусан, бир неча кун олдин Мироновнинг партияси депутатлари меҳнат мигрантларига оиласини Россияга олиб келишни тақиқлашни таклиф қилганди. 2022 йилда у Тожикистон фуқароларига фуқаролик беришни тақиқлашни таклиф қилган, бироқ қўллаб-қувватланмаган. 2024 йилда Миронов яна Ўрта Осиё аҳолиси учун вақтинчалик мораторий жорий этишни талаб қилди, бироқ унинг таклифи ҳам рад этилди.
Мавзуга оид
14:59 / 25.12.2025
Исроилга қарши даъвога қўшилган Белгия, Кимнинг атом сувости кемаси ва Москва осмонидаги дронлар – кун дайжести
14:02 / 24.12.2025
Ғазода таъмирланган шифохона, авиаҳалокатга учраган Ливия ҳарбий қўмондони, БМТда баҳслашган АҚШ ва Эрон – кун дайжести
16:08 / 23.12.2025
Гренландияга кўз тиккан Трамп, Хитойнинг ядровий амбициялари ва Москвада портлатилган генерал – кун дайжести
15:47 / 22.12.2025