Ўзбекистон | 14:04 / 04.11.2025
2719
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қатар стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришди

Доҳада бўлиб ўтган учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда янги кооперация йўналишларини илгари суриш борасида келишиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида давлат раҳбари Қатар амирини Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити тадбирларининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Томонлар турли даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар изчил давом этаётганини қайд этди. Маълум қилинганидек, йил бошидан буён икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 45 фоизга ошган. Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, парламентлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ривожланмоқда.

Музокараларда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди:

  • “яшил” энергетика ва қайта тикланувчи манбаларда қўшма лойиҳалар;
  • транспорт ва логистика, инфратузилмани янгилаш ва кенгайтириш;
  • геология ва хомашёни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик;
  • тўқимачилик саноатида қўшма қувватлар ва экспорт кооперацияси;
  • туризмда маҳсулотлар ва йўналишларни диверсификация қилиш.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Учрашув натижалари икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид