Ўзбекистон | 16:32 / 10.09.2024
3286
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда учувчисиз учадиган фуқаролик дронларини ишлаб чиқармоқчи 

Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари учрашувида Михаил Мишустин Россия Ўзбекистонда юқори технологияли полимер ишлаб чиқаришни ташкил этиш, учувчисиз учадиган фуқаролик дронлари тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ниятида эканини айтди. 

Фото: AP

9 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ҳукумат матбуот хизмати. 

Унда охирги етти йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баравар кўпайгани, жорий йилнинг етти ойида эса товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга ошгани қайд этилган. 

Мажлисда икки давлат раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларгача етказиш вазифаси қўйилгани, бунга эришиш учун ҳамкорлик лойиҳаларини изчил амалга ошириш ҳамда импорт ўрнини босиш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаган. 

Бундан ташқари, Михаил Мишустин Ўзбекистонда бошқа соҳаларни ҳам ривожлантиришни таклиф қилган

“Юқори технологияли полимер ишлаб чиқаришни ташкил этиш, учувчисиз учадиган фуқаролик дронлари тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганмоқдамиз”, - деган у. 

Шунингдек, Мишустин, Ўзбекистонда темирйўл машинасозлиги соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича фундаментал қарор қабул қилингани; 24 сентябрдан бошлаб Москва ва Тошкент ўртасида йўловчи поездлари қатнови тикланганини таъкидлаган. 

Учрашув якунлари бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди ҳамда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Мавзуга оид