Жаҳон | 19:06 / 15.04.2026
5089
2 дақиқада ўқилади

Россиядан 6 мингга яқин мигрант чиқариб юборилади

Россияда жорий йилнинг март ойида ноқонуний миграцияга қарши курашиш мақсадида ўтказилган рейдлар натижасида 6 мингга яқин хорижликни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: ura.ru

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк хабарига кўра, бундан ташқари, ўтказилган текширувлар натижасида россиялик терговчилар томонидан мингга яқин жиноят иши қўзғатилган. Рейдлар давомида қидирувда бўлган 138 нафар шахс аниқланди. Яна 7,7 минг чет эл фуқаросига нисбатан Россияга киришни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, 48 мингта маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган. 26 мингдан ортиқ мигрант жавобгарликка тортилди, улардан 24 минг нафари мажбурий дактилоскопия ва фотосуратга олиш жараёнларидан ўтди.

Волкнинг қўшимча қилишича, март ойида ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича рейдлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган, тадбирларда Россия гвардияси кучлари кўмагида ИИВ ва Федерал хавфсизлик хизмати вакиллари иштирок этган.

Бу сафар транспорт инфратузилмаси объектларини текширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, рейдлар бозорлар, омборхоналар, саноат зоналари ва чет элликлар яшайдиган жойларга ҳам таъсир кўрсатди. Юқоридаги идоралар ходимлари томонидан жами 130 мингдан ортиқ объект текширилди.

Рейдда 60 мингга яқин полициячи иштирок этди. Жараёнда самарадорликни ошириш учун дрон ва бошқа замонавий техник воситалардан фойдаланилди.

Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Россиядан 72 минг нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилган.

Бундан ташқари, бу рақам ошиши мумкин, чунки Давлат Думаси депутатлари мигрантларни мамлакатдан депортация қилиш асослари рўйхатини деярли икки бараварга - 22 моддадан 43 моддагача кенгайтириш ниятида. Хусусан, чиқариб юбориш сабаблари қаторига жамоат тартибини бузиш, полиция ёки Росгвардия талабларига бўйсунмаслик, инфратузилма объектлари ва транспорт фаолиятига тўсқинлик қилиш киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид