Жаҳон | 23:41 / 04.06.2020
5329
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда Хитой мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш қатъий жазоланадиган бўлди

Ҳонгконгда 4 июнда Хитой давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарликни кўзда тутувчи қонун қабул қилинди.

Ҳонгконг Фото: Getty Images

Ҳужжат Хитойнинг расмий мадҳияси “Кўнгиллилар марши”га ҳақоратомуз муносабат 50 минг Ҳонгконг долларигача (6450 доллар) жарима ва 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бунгача мухолиф депутатлар ушбу қонуннинг қабул қилинишига бир неча маротаба қарши чиқишган. Қонун бўйича овоз бериш Пекиндаги Тяньаньмын майдонида талабалар намойишларини бостиришнинг 31 йиллигида ўтган. Овоз беришдан олдин қонунчилик кенгашининг икки аъзоси ўрнидан туриб, залда қўланса ҳидли жигарранг суюқликни пуркашга ҳаракат қилган. Кейинроқ улардан бири қонунга ва Хитой коммунистик партиясининг 1989 йилдаги талабаларга қарши ҳаракатларига қаршилик белгиси сифатида биоўғитни пуркаганини маълум қилган. Шундан кейин норозилар залдан олиб чиқилган, депутатлар йиғилишни бошқа залда давом эттирган. Жазо киритилишига 41 депутат овоз берган, бир нафари қарши чиққан.

Хитой мадҳиясига ҳурматсизлик учун жазо биринчи марта Хитойнинг яна бир махсус маъмурий ҳудуди - Макаода 1999 йилда киритилган. Худди шундай қонун Хитой аҳолиси учун 2017 йилда қабул қилинган.

Мавзуга оид