Ўзбекистон | 15:38 / 26.12.2019
41176
5 дақиқада ўқилади

ДТМ абитуриентлар тестларини қандай текширади? Махсус бинодан фоторепортаж

Кўпчилик абитуриентларга кириш имтиҳонлари тестлари қанақа шароитда ва кимлар томонидан тузилиши, улар ишлаган тестлар қандай текширилиши жараёни қизиқ бўлса керак.

Масалан, тест тузилиши жараёнига боғлиқ ҳолатлар ва тестологлар ҳақида нега ҳеч қанақа маълумот очиқланмаслиги ҳаммага ҳам маълум эмас.

Давлат тест маркази томонидан мазкур маълумотлар ва жараённи очиқлаш учун илк бор пресс-тур ташкил этилди.

«Бу бинога биз ҳам киролмаймиз...»

ДТМнинг тестологлар ишлайдиган бўлмаси, босмахонаси, тестлар сақланувчи хоналар алоҳида бинода жойлашган бўлиб, унга фақат махсус рухсат этилган ходимлар киришлари мумкин холос.

Бу объектга бармоқ изи ва юздан таниб олувчи махсус ҳимояланган идентификатор ўрнатилган бўлиб, бошқа ходимларнинг кириши тақиқланади.

Ҳатто деразалари ҳам ёпиқ бу бинода телефон ва интернетдан фойдаланиш чекланган, ходимлар бир-бири билан рация орқали боғланади.

«Тестологлар махсус талаб асосида сараланади...»

Ташкилот ходимларнинг маълумотига кўра, тестлар хавфсизлигини таъминлаш учун тестологлар ҳақида очиқ маълумот берилмайди.

Ходимлар томонидан тузилган тестлар махсус серверга бориб тушади.

Умумтаълим фанлари бўйича тест топшириқларини шакллантириш бўлими бошлиғи Улуғбек Нурмановнинг таъкидлашича, тестологлар ариза билан мурожаат қилганларидан сўнг улар бир неча босқичли синовдан ўтказилади.

«Уларга, энг аввало, мутахассислиги бўйича тест синовлари берилади. Ижобий натижа кўрсатганлар иккинчи босқичга ўтади, бунда уларга экспертиза учун саволлар берилади.

Охирги босқичда эса 3та қийинлик даражаси бўйича тест тузиш топшириғи берилиб, уларнинг бу бўйича кўникмалари аниқланади», – дейди Улуғбек Нурманов.

Мазкур қутиларда 2020-2021 ўқув йили учун тузилаётган янги тестлар сақланмоқда.

«Бу базада битта тестнинг қўлёзма шаклидан бошлаб то охирги вариантга келгунгача бўлган ҳолатдаги барча ҳужжатлари сақланади.

Тайёр бўлган тестлар эса базадаги компьютерларга киритиб борилади», – дейди ДТМ бошқарма бошлиғи Жамбул Юсупов.

Саволлар варақаси қаерда чоп этилади?

«Агар бир йилда бир миллиондан кўпроқ абитуриент ҳужжат топширишини ҳисобга олсак, имтиҳон олинадиган муддат оралиғида камида 8-10 миллион тест китобчалари мана шу босмахонадан чиқади», – дея маълумот берди ДТМнинг бошқа бир бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдуназаров.

Махсус принтерлар қоғозларни тикиб беришга ҳам мўлжалланган. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар (электр токи билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган муаммолар, техник носозлик) юз бериши мумкин бўлган ҳолатларда алоҳида ускуналарда чоп этилган варақлар китобча ҳолатига келтирилади.

Ҳар бир савол муҳрланган ҳолатда тест ўтказиладиган ҳудудларга юборилади

Чоп этиб бўлинган тест китобчалари ва жавоблар варақалари махсус қутиларда тест ўтказиладиган турли ҳудудларга муҳрланган ҳолда махсус қопларда юборилади.

Қутининг юзасига қайси санада ва қайси жойда ўтказиладиган имтиҳон учун мўлжалланган саволлар эканлиги ёзиб қўйилади.

Тест топшириқлари ДТМга яна муҳрланган ҳолатда қайтиши учун уларга махсус қоғозлар қўшиб жўнатилади.

Ишлатилган тест китобчалари бир ярим-икки йилгача сақлаб қўйилади

Саволлар китобчалари алоҳида қутиларда қайтгач, ҳамма китобчалар мавжудлиги текширилгандан сўнг махсус омборхонага юборилади. Бу ерда улар бир ярим-икки йил муддатгача сақланади. Шундан сўнг йўқ қилиниши мумкин.

Маълум қутилар фақат зарурат бўлган ҳолатлардагина, айтайлик, абитуриент апелляция учун ариза берганда очилиши мумкин.

Бир соатда 30 минг жавоблар варақаси текширилади

Жавоблар варақасини текшириш учун АҚШ ва Россия технологиясидан фойдаланилади. Икки техниканинг натижалари бир-биридан фарқ қиладиган истисноли ҳолатлар бўлса, бундай жавоблар варақаси қайтадан текширилади.

Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Эшниёзовнинг маълумотига кўра, бу 2 техника соатига 30 минг жавоблар варақасини текширади.

Сканерлар бирданига жавоблар варақасини сканер қилиб олади ва уларни рўйхатга киритиб кетади.

Бундан ташқари, мазкур хонада турли ҳолатларда тузилган далолатномалар электрон базага киритилади, абитуриентлар томонидан тест топшириқлари китобининг коди жавоблар варақасига хато киритилган ҳолатлар аниқланиб текширилади.

30 кунлик «қамал»

Кириш имтиҳонлари арафасида қарийб 30 кунга яқин ДТМнинг бевосита тест тузиш ва чоп этиш жараёнида иштирок этадиган ходимлари мазкур бинонинг ўзида яшайди, бегоналар кириши бутунлай тақиқланади.

Бу жараён охирги босқичдаги тестлар хавфсизлигини таъминлаш учун жорий этилади.

Бундан ташқари, махсус техникалар – принтер ва сканерлардан кириш имтиҳонлари мавсумидан кейин бошқа имтиҳонлар, масалан, чет тили даражасини аниқлаш бўйича ўтказиладиган тестлар учун ҳам фойдаланилади.

Мавзуга оид