Ўзбекистон | 20:17 / 28.11.2024
2954
2 дақиқада ўқилади

“Божхона органлари ҳайдовчилардан ишончнома талаб қилиши қонунчиликда назарда тутилмаган” – Божхона қўмитаси

Божхона қўмитаси Kun.uz’нинг 50 га яқин машина бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан божхона пости орқали Қозоғистонга ҳайдаб олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги суриштирувига муносабат билдирди. Қўмита матбуот хизматига кўра, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча чегара божхона постларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар юборилган.

Фото: Божхона қўмитаси

Божхона қўмитаси Kun.uz суриштирувига муносабат билдирди. Унда божхона органлари қонунчиликда назарда тутилмаган тақиқлар ва чекловларни белгилашга ҳақли эмаслиги маълум қилинган.

Қўмита муносабатида келтирилишича, республика божхона чегаралари орқали кунига ўртача 10-11 минг автотранспорт воситалари ҳаракатланади. 

“Республикадан олиб чиқиб кетилаётган автотранспорт воситаларига нисбатан уларни бошқараётган шахслар томонидан божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати қонунчиликда аниқ белгиланган.

Автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёнида ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқаришга доир ишончномани божхона органлари томонидан талаб қилиш қонунчиликда назарда тутилмаган. Божхона органлари эса қонунчиликда назарда тутилмаган тақиқлар ва чекловларни белгилашга ҳақли эмас.

Қайд этиш жоизки, Kun.uz суриштирувида назарда тутилган автотранспорт воситалари республикадан олиб чиқилаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки суд идоралари томонидан уларга нисбатан амалда чеклов ёки тақиқ мавжуд бўлмаган, шунингдек, мазкур транспорт воситаларининг эгалари томонидан уларнинг олиб чиқиб кетилишига йўл қўймасликни сўраб мурожаатлар келиб тушмаган”, дейилади муносабатда.

Қўшимча қилинишича, бугун Божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан айни шу масалада мурожаат қилган фуқаро қабул қилиниб, унга батафсил тушунтиришлар берилган. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча чегара божхона постларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар юборилган.

Бундан ташқари, қўмита фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида юқоридаги ҳолатлар юзасидан амалдаги қонунчилик нормаларини такомиллаштиришда ўзаро ҳамкорликка тайёр эканини ва ҳозирда мутасадди давлат идоралари билан ҳамкорликда тегишли таклифлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

Kun.uz суриштирувида Ўзбекистонда “выкуп”га (бўлиб тўлаш шарти билан) харид қилинган турли русумдаги 50 га яқин машина Қозоғистонга ўтказиб юборилгани, уларнинг айримларини чегара постларидан бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар ҳайдаб олиб ўтгани ҳақида гап боради.

Мавзуга оид