«Оптимист»: Мақсадим – «мардикор» сўзини муомаладан чиқариш
«Оптимист» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони ўз лойиҳаси билан ишончли, қулай ва маданиятли кунлик ишчилар бозорини яратиш ниятида. Шу орқали у одамларнинг мардикор сўзига муносабатини ўзгартиришга эришмоқчи.
Рустам Ибрагимов – Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлими етакчи мутахассиси сифатида фаолият юритяпти.
У қатор янги лойиҳалар устида ишлаб, бир қанчасини патентлаштиришга ҳам улгурган.
Улардан бири – Jobcafe мобиль иловаси бўлиб, у иш берувчи ва ишчининг мулоқот платформасини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Илова ҳам Android, ҳам iOS тизимлари учун мўлжалланган.
«Лойиҳа ишлаётганига 2 ойдан ошди. Унга стартап лойиҳалари учун ажратиладиган маблағлардан танлов асосида пул ажратилган.
Бунда иш берувчи (хоҳлаган одам) мобиль иловани юклаб олади ва ўзига яқин ҳудуддан ишчи чақириши мумкин. Бунда мобиль иловада ишчилар жинсига ва касбига қараб бўлимларга ажратилган.
Платформани ишлаш ва такомиллаштириш доимий равишда давом этмоқда. Чунки мавзунинг ичига кирган сари муаммолар ва қилиниши мумкин бўлган қулайликларни билиб бориш мумкин.
Мазкур жараёнда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар Иттифоқи ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ишлаяпмиз», – дея малумот берди Рустам Ибрагимов.
Илова аъзолари 4 мингга яқин
Рустам Ибрагимовнинг айтишича, расмий кунлик ишчилар марказларида фуқароларни Jobcafe платформасига рўйхатга олишга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ЁИ ёрдам бермоқда.
Норасмий тарзда сақланиб қолаётган мардикор бозорларида эса Jobcafe лойиҳасида фаолият юритаётган ходимлар ишлайди.
«Ҳозирга қадар Фарғона, Андижон, Наманган, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида лойиҳа тақдимотини ўтказганмиз. Ва бутун республика ҳудудидан 4 мингга яқин фуқаро илова базасига киритилди.
Лекин ҳар куни шунча одамнинг қанчаси платформа орқали иш топаётгани тўғрисида статистика юрита олмаймиз. Сабаби бу маълумотларни олиш иш берувчининг шахсий маълумотларига дахл қилади. Бизнинг унга киришга ҳаққимиз йўқ», – дейди лойиҳа муаллифи.
Рустам Ибрагимов сўзларига кўра, одамларни онлайн платформа билан таништириш ва шу йўл орқали иш топиш мумкинлигига ишонтириш осон эмас. Тушунтириш олиб бораётганда баъзи пайтларда индивидуал тарзда ёндашишга ҳам тўғри келади.
Қолаверса, тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг ҳам бу тизимни қабул қилиши қийин кечган.
Ишчининг геолокацияси ёниқ бўлиши керак. Бунинг учун минимал тўлов белгиланади
Рустам Ибрагимовга кўра, иш қидируви рўйхатга киритилгандан кейин, мобил алоқа воситасининг геолокацияси ёниқ туриши керак. Лекин рўйхатдан ўтаётган ҳаммада ҳам смартфон йўқ. Кўпчилик фақат кириш-чиқиш қўнғироғи бор телефонлардан фойдаланади. Ҳатто уй телефони орқали рўйхатдан ўтганлар ҳам бор.
Шунинг учун ташкилотчилар томонидан рўйхатдан ўтган фуқароларнинг геолокацияси автоматик тарзда ёқиб қўйилган.
Лекин кейинчалик геолокация ёниб туриши учун кунига 500 сўм миқдорда тўлов қилиниши керак.
«Бундан ҳам арзонроқ қилиш вариантларини излаб кўрдик, бироқ тўлов тизимларининг энг минимал нархи 500 сўм экани туфайли, буни ўзгартириш имкони бўлмади», – дейди у.
Ибрагимовнинг айтишича, рўйхатдан ўтувчиларга бу бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ва кўпчилик кейинроқ бу тўлов жорий этилишига рози.
Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида кунлик ишчининг ўртача даромади кунига 70 мингдан 100 минг сўмгача, вилоятларда эса 50 мингдан 70 минг сўмгача.
Ишчига баҳо қўйиш ҳам мумкин
Jobcafe мобиль иловасида иш берувчи томонидан ишчига баҳо қўйилиши ҳам мумкин. Бунда ишчи ёллаган шахс унинг хизматига 5 баллик тизимда баҳо қўйиши ва изоҳ ёзиб қолдириши мумкин.
«Бу ишчиларга яхши баҳо олиши учун ўз устларида ишлашига сабаб бўлади. Сабаби, агар ёмон изоҳ олса, кейинги сафар иш топишга қийналишини билади. Шунинг учун хушмуомала бўлишга ва вазифасига масъулият билан ёндашишга ҳаракат қилади.
Лекин биз ёмон баҳо қўйган иш берувчилар билан боғланиб, вазиятни имкон даражасида аниқлаштирамиз. Сабаби бу баҳо ишчининг кейин пул топа олиш ёки олмаслигига таъсир қилади. Бундан ташқари, иш берувчи ҳам баъзида кейинроқ фикридан қайтиши ва баҳосини ўзгартириши мумкин», – дейди Рустам Ибрагимов.
Кунлик ишчига юридик ва бошқа томонлама ёрдам ҳам берилади
Агар кунлик ишчи вазифасини бажаргандан кейин иш ҳақини ола олмаса, у ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.
«Бундай ҳолларда улар бизнинг колл-марказимизга(+99871 202-68-68) қўнғироқ қилишса, вазирлик билан боғланиб, муаммони етказишга ва ҳамкорликда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз», дея маълумот берди Рустам Ибрагимов.
Чақирилган ишчи қинғирликка қўл урса...
Платформага рўйхатдан ўтказишда кунлик ишчининг паспорт маълумотлари базага киритилади. Бу базага кириш учун ИИВга ҳам рухсат берилган.
«Буни биз рўйхатга олинаётган фуқарога алоҳида тушунтирамиз. Агар у бирор ножўя ҳаракат содир қилса, бемалол топиб олишлари мумкинлигини билади. Шунинг учун ўғирлик ёки бошқа бирор бошқа ноқонуний ҳаракат қилмайди. Шунингдек, агар унга нисбатан бирор ёмон ҳаракат содир этилса, иш беруви билан боғланиш имкони ҳам бор.
Ўз-ўзидан икки тарафнинг ҳам хавфсизлиги таъминланади. Иш берувчи вақтини сарфламасдан туриб ишчи ёллаши мумкин. Ишчи эса ишонч билан ўз вазифасини бажаради», – дейди лойиҳа муаллифи.
Кунлик ишчига ҳар кунлик иш кафолатланмайди
Рустам Ибрагимовнинг айтишича, баъзида Jobcafe`га 10 кун ёки ундан ҳам олдинроқ рўйхатдан ўтган айрим фуқаролар нега шу пайтгача ҳеч ким менга қўнғироқ қилиб, иш таклиф қилмади, деб сўрашади.
«Мана шундай вазиятларда сиз кунлик иш бозорига чиққанингизда ҳам ҳар куни иш топа оласизми, деб сўрайман. Албатта, «Йўқ» деган жавобни беришади.
Чунки кунлик ишчи учун ҳар куни иш топиш қийин масала. Бундан ташқари, Jobcafe`даги ишчиларни ҳам фақат ўз ҳудудидаги одамлар ишга ёллайди. Ҳеч ким шаҳарнинг бошқа четидаги одамни ишга таклиф қилмайди. Бу тарафини ҳам тўғри тушуниш зарур», – дея тушунтирди Рустам Ибрагимов.
Талабалар ҳам рўйхатдан ўтиб қўйиши мумкин
Агар дарсдан ташқари қўшимча пул топишни хоҳласа, талаба ҳам ўзини рўйхатдан ўтказиб қўйиши мумкин. Дам олиш кунлари ёки дарсдан бўш вақтида унга қўнғироқ қилишса, ўзига яқин ҳудудлардаги бирор ишни бажаришлари мумкин бўлади.
«Бугун кунлик ишчига ҳамманинг эҳтиёжи бўлиши мумкин. Чунки замон тезлашмоқда, одамлар уйларида қилиниши керак бўлган бирор вазифа учун алоҳида вақт сарфламайдиган даврга етиб келдик».
«Мардикор сўзини муомаладан чиқаришга эришмоқчиман»
«Отам раҳматли бизга «раҳмат» сўзининг маъносини жуда яхши тушунтирган. Лойиҳанинг яратилишига ва кейинчалик ишлаш тизимини мукаммаллаштириш учун тинмай ҳаракат қилишимга ҳам шу нарса туртки бўлади», – дейди Рустам Ибрагимов.
«Бугун мардикор деганда кўпиликнинг кўз ўнгига қуйи қатлам вакиллари келади. Одамлар уларга паст назар билан қарашга ўрганиб қоляпти. Шунинг учун ҳам лойиҳанинг асосий мақсади – мардикор деган сўзни умуман фойдаланишдан олиб ташлаш.
Албатта, бунинг учун маълум вақт талаб қилинади. Ҳеч қайси янгиликнинг амалга жорий этилиши осонлик билан бўлмайди. Биз буни тўғри қабул қилишга тайёрмиз», – деди у.
Ибрагимов келгусида Jobcafe`ни Россия ва Қозоғистонда ҳам босқичма-босқич жорий этилишига эришиш ниятида.
Бундан ташқари, докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва бошқа муаллифлик лойиҳаларини ҳам ҳаётга татбиқ этишни режалаштирган.
Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
17:15 / 11.05.2024
Магистратурада ўқимай Британияда PhD’га қабул қилинган қиз – ўзбекнинг 23 ёшли Денгизи саратонни тадқиқ қиляпти
18:43 / 29.09.2022
«Кейинги 5 йилда минглаб ўзбеклар гигант айти компанияларда ишлашади» — Amazon’да ишлаётган дастурчи
09:00 / 29.09.2022
“7-10 ёшли ўқувчиларим лего-роботлар ясайди” — 18 яшар робототехник
12:02 / 27.09.2022