«YouTube'дан кўрган видеом мени робототехникага олиб кирган»
— Асли навоийликман, Кармана туманида туғилиб ўсганман. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги IT-паркда робототехника бўйича менежерман. Яъни робототехника бўйича 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аудиторияга дарс бераман. Ҳозирда 50 дан ортиқ шогирдларим бор. Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабасиман. «Uzrobup» компанияси асосчиси ва бир нечта стартаплар муаллифиман.
Бу соҳага қизиқишим 14 ёшимдан бошланган. Робототехникага YouTube'даги биргина видео сабаб бўлган. Ўзбекистондан тажрибали устоз тополмаганман. Бир-иккита марказлар бўлган, аммо охиригача етишга кўзим етмаган. Шундан кейин онлайн платформалар орқали устозлар топдим. Улардан 6 ой давомида таҳсил олдим.

«Ноутбук яхши ишламагани учун халқаро мусобақадан қолиб кетганмиз»
— Биз (ўзи ва жамоасини назарда тутяпти – таҳр.) иш бошлаган пайтда Ўзбекистондан керакли қурилмаларни топиш жуда қийин масала эди. Ички бозорда мен ишламоқчи бўлган контроллер ва сунъий миялар йўқлиги сабабли Хитойдан буюртма қилганмиз. У ҳам 3 ой деганда етиб келган. Шундан кейин 15 ёшимда фаолиятимни бошлаб, робототехникага тўлиқ кириб келганман.
“Баркамол авлод” болалар маркази мен ва жамоага фаолият юритишимиз учун шароит яратиб берган. Унгача ҳеч ким ҳаракат қилмаган, “Баркамол авлод” маркази салоҳиятимизни кўриб ёрдам берган. 2018-19 йилларда олимпиадаларга чиқишни бошладик – биринчи олимпиада Қирғизистонда онлайн бўлиб ўтган. Лекин қатнаша олмаганмиз, чунки бизда нафақат қурилмалар бўлмаган, балки ноутбук ҳам яхши ишламаган.
Ёш робототехниклар ўртасида рақобат бўлмас эди, яъни халқаро олимпиадага чиқиш учун шаҳар, вилоят ва республика босқичлари бўлмасдан тўғри халқарога чиқардик, чунки маҳаллий бозорда рақобатчи бўлмаган. Шу сабабли фақатгина халқаро мусобақаларда қатнашар эдик. Бироқ етарли қурилмамиз ва шароитимиз бўлмагани сабабли бу мусобақалардан қолиб кетар эдик. 3 марта чиққан бўлсак, ҳаммасида мағлубиятга учраганмиз.
Қурилмалар четдан келади, арзон ҳам эмас эди. Энг ками 500 доллардан бошланар эди. Бизда унақа катта пул бўлмаган, ёш эдик, ҳамма нарсани ота-онамизга юклаб қўйгимиз ҳам келмасди. Чунки мусобақаларга чиқишимизни ҳам ота-онамиз таъминларди.














