Жамият | 20:31 / 18.02.2020
90374
9 дақиқада ўқилади

Олтинсой воқеаси: Маҳаллий аҳоли нимадан таҳликада ва нимадан умидвор?

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг «Халқобод» маҳалласида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонида ноқонуний тураржойлар барпо этган фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги можаро катта шов-шув келтириб чиқарди.

Фото: Скриншот / You Tube

Можаро юзасидан кетма-кет равишда ИИВ, бош прокуратура ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг расмий муносабатлари эълон қилинди. Баёнотларда фуқароларнинг ер участкасини ноқонуний эгаллашгани, 14 февраль куни юз берган жанжал натижасида икки нафар ички ишлар органи ходимларига тан жароҳати етказилганига урғу қаратилди.

Ким ҳақлиги борасида жамоатчилик фикри иккига бўлинган. Ушбу баҳсли масала юзасидан депутатлар, партия раҳбарлари ҳам ўз позицияларини маълум қилишмоқда.

Лекин маҳаллий фуқаролар томонидан олинган тасвирларда халқободликлардан бири қонга беланиб ётганини кўриш мумкин. Тартиб посбонлари кекса кишини судрашгани ҳам айтилган. Расмий муносабатларда бу саволга ойдинлик киритилмаган.

Халқободда нима бўлганди ўзи? Kun.uz мухбирлари вазиятга ойдинлик киритиш ва расмий муносабатларда тилга олинмаган жиҳатларни ўрганиш учун Олтинсойда бўлди.

Халқобод маҳалласи жуда катта. Бу ерда яшовчиларнинг ота-бобоси ўтган асрнинг 50-йилларида тоғдан тушиб келиб, шу адирликларни обод қилиб, макон тутишган. Ҳозир бу масканда 10 мингдан зиёд киши истиқомат қилади. Бу ердаги аҳоли учун иккита мактаб бор. Ўқитиш ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади.

Қишлоқдошлар фермер ерида уй қурган 5 ёш оила бу ишга ноиложликдан қўл урганини айтишмоқда. Айтишларича, битта хўжаликда бир неча оила сиқилиб яшаган, шунинг учун алоҳида рўзғор қилиб чиқишга мажбур бўлишган.

Уйи бузилиши мўлжалланаётган ёш оила интервью чоғида ер участкаси фермердан 2008 йилда олингани, уй эса 2017 йилда қурилганини даъво қилишди.

Ботир Муҳаммадиев ва Сунбула Давлатова

Ботир Муҳаммадиев ва Сунбула Давлатова 2012 йилда турмуш қуришган. Даъвога кўра, ерни Ботир Муҳаммадиевнинг отасига фермер берган. Кўп йиллар экин-тикин  қилиб фойдаланиб келишган. Бироқ ерга эгалик қилиш учун бирорта ҳужжат берилмаган.

Улар 2018 йилда ҳам шу жойда уй қуришга уриниб, пойдевор ўрнатишганида, бетонлар масъуллар томонидан бузиб ташланган.

Турли муносабатлар ва чиқишларда аҳоли бу ноқонуний уйларни ҳужжатлаштириб олишга уриниш учун тезликда қургани, бу уйлар вақтинчалик уйлар экани таъкидланмоқда. Лекин бу хонадон эгалари бу ерда анча вақтдан бери истиқомат қилиб келишаётганини айтишмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, бузиладиган бу уйлар учун расмийлар бошқа жойдан ер таклиф қилишмаган, фақат туманда қурилаётган кўп қаватли уйлардан сотиб олишнигина тавсия қилишган.

Ноқонуний қурилган деб топилган ва бузилиши керак бўлган 5та уйдан бири Меҳринисо Сатторованинг ўғлига тегишли. Онахоннинг айтишича, ўғли икки йилдан бери Россияда. Лекин ИИБ маълумотномасида унинг номи ҳам можаро вақтида қаршилик кўрсатганлар орасида санаб ўтилган.

Меҳринисо Сатторова

Гугл харитаси архивига эътибор берсак, 2018 йил июль ойида ҳам ер майдони эгалланмаганига гувоҳ бўламиз. Бу ерда ҳеч қандай қурилма йўқ. Узоқ 2012 йилда ҳам бу ерлар дала бўлганини харитадан кўриш мумкин. Хулоса қилиш мумкинки, уйлар 2018 йил охирида ва 2019 йил бошларида қурилган.

Ўша куни жанжал қандай юз берди?

Воқеа гувоҳларидан бири Ғаффор Мирзоевнинг ҳикоя қилишича, 8 февраль куни ишчи гуруҳ томонидан турар жойлар бузилиши ҳақида огоҳлантириш берилгач, қишлоқ аҳли 14 февраль куни автобус айтиб, туман марказига — туман ҳокими билан учрашиб, масалани муҳокама қилиш учун бормоқчи бўлиб туришган.

Ғаффор Мирзоев

Мирзоевнинг сўзларига кўра, ўша куни соат 13:00лар атрофида ички ишлар органлари ходимлари уйларни бузиш учун техника олиб келишган, лекин аҳолининг қаршилиги туфайли қайтиб кетишган. Кейин 1 соатлар ўтиб кўпчилик бўлиб қайтишган. Уларнинг орасида формадагилар ҳам, фуқаро кийимидагилар ҳам бўлган. Орада жанжал бошланган.

Ғаффор Мирзоев ҳам 2008 йилда шу ер шахсий томорқа учун захира қилинганини айтиб, 5та хўжаликка масъуллар ҳужжат қилиб бермаганини таъкидлади.

Ички ишлар органи вакиллари шу ерда уй қурган оилалардан бирининг вакили бўлмиш Заргул Холмуродовани ҳомиладор бўлишига қарамасдан, судраб автобусга олиб чиқишган.

Заргул Холмуродова

ИИБ ходимлари судраганда Холмуродованинг тиззалари шилиниб кетгани айтилмоқда.

Умуман, ўша куни қишлоқ аҳли туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишганда уларни қабул қилишмаган. Ўша кунги видеоларда бошидан жароҳат олган Илҳом Муҳаммадиев ҳам Термиз шаҳридаги шифохонага олиб бориб ётқизилган.

Ўша куни туман ички ишлар бўлимига автобусда тўрт нафар ёш йигит ва шу келинчак Заргул Холмуродовани олиб кетишган. Фақатгина ҳомиладор эканлигини айтганидан сўнг, йўлнинг ярмида уни автобусдан тушириб қолдиришган. Автобусда мактаб ўқувчилари ҳам бўлган. Оилалар ўтган кунлар давомида фақат жанжал хавфи билан таҳликада яшаб келишган.

Қишлоқ аҳли ерлардан 2008 йилдан буён фойдаланиб келинаётганини айтишмоқда. Шу билан биргаликда, қўлларида ҳеч қандай ҳужжат йўқлигини тан олишмоқда. Қишлоқда фақат мана шу 5 хонадон ноқонуний қурилмалар учун эълон қилинган «президент амнистияси»га тушмай қолган.

Бу эса уйлар амнистияга илдириш учун шошилинч қурилгани ҳақида тахминлар пайдо қилади.

Улар нега бундай ноқонуний тарзда шошилинч уй қуриб олишганини оилавий аҳволлари танглиги, турар жойга муҳтожлик билан тушунтиришди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, ишчи гуруҳ ҳеч қандай суд қарорисиз, куч ишлатиб, уларнинг меҳнат сарфлаб қурган уйларини бузишга ҳаракат қилгани одамларни жунбушга келтирган.

Маҳаллий аҳоли масъулларнинг ташрифидан юрак олдирган. Бу ерга вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам келиб, айбдорларга чора кўрилишини айтиб ўтган.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокими бундай ҳолатга сабаб бўлганларнинг у хоҳ давлат ҳокимияти органи вакили бўлсин, хоҳ оддий фуқаро — уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, албатта қонуний чора кўрилишини айтиб ўтди. Шунингдек, уй-жойга муҳтож бу оилаларга қишлоқнинг бошқа жойидан ер ажратиб берилиши ҳақида топшириқ берилганини айтди.

Чиндан ҳам, халқободликларнинг айтишича, фақатгина вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг ташрифидан сўнг, бу масалада уларни ҳеч ким ташвишга солмаяпти, яъни қулоқлари бироз тинчиган.

«Халқобод»дагилар бу воқеа бутун республикада катта резонанс келтириб чиқарганини тушуниб туришибди.

«Агар шундай бўлишини билганимда бу ерга уй қурмасдим», дейди Меҳринисо Сатторова.

Энди дўппини олиб бир ўйлаб кўрайлик. Вазият оддий эмас. Фермерга тегишли суғориладиган ер ноқонуний эгалланган. Бундай ҳолатларга индамай қараб туриб ҳам бўлмайди. Чора кўрилмаслиги, жазо таъминланмаслиги келгусида яна ноқонуний ер эгаллашлар кўпайишига олиб келмайдими?

Ўз хизмат вазифасини олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларига фуқаролар томонидан тажовуз қилинишини жазосиз қолдириш ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Кейин, маҳаллий аҳолининг ҳузурига келиб, қуруқдан қуруқ дўқ-пўписа қилиш ҳам мана шундай хунук оқибатларга олиб келиши барча учун дарс бўлиши керак. Бундай масалаларнинг барчаси ҳуқуқий майдонда ҳал этилиши лозим. Далада эмас! Масалан, ўша ноқонуний жойлашиб олган халқободликлар суд қарорига асосан ер участкасида мажбурий тарзда чиқарилганда гап-сўзлар камроқ бўлар эди. Балким бўлмас ҳам эди.

Хуллас, Олтинсойдаги бу қишлоқ аҳолиси ушбу чигал вазият тезроқ бир томонга ечилишини, ҳал бўлганда ҳам имкон қадар ўзлари учун манфаатли томонга ҳал бўлишини исташади.

Кўрамиз, вилоят ва туман расмийлари бунга қандай ечим топишар экан? Келгусида шундай ҳолатлар бошқа бирор жойда такрорланмаслиги учун ҳам можаро келиб чиқишига йўл қўйган айбдорларга албатта қонуний чора кўрилиши керак.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид