Ўзбекистон | 00:05 / 10.05.2024
79974
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автомобиллар пойгаси вақтида бир киши вафот этди. Марҳум автоблогер бўлгани айтилмоқда

Сергели туманидаги автотюнинг устахонаси қаршисида юқори тезликда ҳаракатланган Kia ҳайдовчиси 27 ёшли пиёдани уриб юборди. У шифохонада вафот этган. Тармоқларда тарқалган видеоларда пиёда икки машина ўртасида уюштирилган пойга йўлагида қолиб кетганини кўриш мумкин.

Фото: Видеодан кадр

9 май куни соат 17:00 атрофида Тошкент шаҳри Сергели туманида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши вафот этди.

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, туманнинг Қумариқ кўчасидаги автотюнинг устахонаси қаршисида 24 ёшли ҳайдовчи А.Х. Kia автомашинасини бошқариб кетаётиб 27 ёшли Д.К.ни уриб юборган. ЙТҲ оқибатида пиёда олган жароҳатлари сабаб шифохонага олиб борилганда вафот этган.

Тармоқларда тарқалган видеоларда икки машина ўртасида пойга уюштирилгани, машиналардан бири эса йўлидан чиққан фуқарони юқори тезликда ҳаракатланиб келиб уриб юборгани акс этган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, вафот этган шахс автоблогер, инстаграмдаги avtotuning_uz канали асосчиси Дониёр бўлган.

Фото: Instagram.com/doni.474

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид