Ўзбекистон | 17:32 / 08.01.2021
23373
3 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқитувчилари сони жами иш ставкасидан 80 мингтага кўп — Шерматов

Республика бўйича мактабларда ишлаётган ўқитувчилар сони мавжуд педагогик ставка миқдоридан 80 мингга кўп. Ўқитувчилар сони етарли, буёғига сифат ўсишига ҳаракат қиламиз, деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Ўзбекистонда таълим сифати жуда паст, яъни «қизил» тоифадаги мактаблар сони бир йил ичида уч бараварга камайди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

«Афсуски, таълим сифати ҳамма мактабларда бир хил эмас. Айрим мактабларимизда таълим сифати яхши бўлиб, ҳамма ота-оналар ўша ёққа интилади. Баъзи мактабларда эса таълим даражаси яхши эмас. Шунинг учун биз мактаблар даражаси бўйича график қилганмиз. Улар сифати бўйича «қизил, «сариқ» ва «яшил» мактабларга ажратилади.

«Қизил мактаблар» – таълим сифати жуда паст бўлган мактаблар. Олдимизга қўйган вазифамиз ҳам айнан «қизил» мактаблар сонини камайтиришдир. Ҳозир «қизил» мактаблар сони ўтган йилгига қараганда, яъни бир йилнинг ўзида 3 баравар камайди», – деди вазир 8 январь кунги матбуот анжуманида.

Шерматовнинг айтишича, «қизил» мактабларда ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаслигига сабаб – «мен ишламасам, бу ерда ишлашга ҳеч ким бўлмайди, деган хом хаёл бўлган. Чунки республикада педагог кадрлар етишмовчилиги йўқ; аксинча, ортиқча ишлаб турган ўқитувчилар сони 80 мингдан ошади.

«Ҳозир ўзбек мактабларида ўқитувчи етарли. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Бир ставкада икки киши бўлиб ишлаётган ўқитувчилар ҳам анчагина. Республика бўйича педагогик ставка ва ҳақиқий ўқитувчилар фарқини таққослаганда 80 мингдан зиёд ортиқча ишлаб турган ўқитувчилар бор. Бундан буёғига рақобат кучайиб, сифат ўсишига ҳаракат қиламиз», – деди Шерзод Шерматов.

Вазирга кўра, халқ таълими тизимидаги барча бошқарув раҳбарлари 2021 йил июн ойигача аттестациядан ўтказилади. Ҳозирда барча тизимларда бошқарув ходимларини 15 фоизгача оптималлаштириш масаласи қўйилган.

«Таълим тизимида ҳам жойлардаги раҳбарлар сонини оптимизация қилиш, уларнинг мактаблар фаолиятига салбий аралашувининг олдини олишимиз керак», – таъкидлади у.

Мавзуга оид