Ўзбекистон | 10:06 / 08.09.2022
17011
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурувчи ташкилот тўғридан тўғри тақиққа қарамай, 58 туп дарахтни кесиб ташлади

Тошкентнинг Чилонзор кўчасидаги дарахтзор таг-томири билан йўқ қилинди. Kun.uz дарахтлар тақдири хавф остида экани ҳақида шу йил бошида материал тайёрлаган, ўшанда ҳудудни сотиб олган компания раҳбари бирорта дарахтга зарар етказмасликка ваъда берганди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

7 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида дарахтлар ноқонуний кесилиши бўйича хабар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, жойига чиқиб атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди. 

Ўрганиш натижасига кўра, бу ҳудуд “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли экани маълум бўлган. Қурилиш учун ажратилган ҳудуд жами 0,20 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, шу йил 20 январда экология инспекторлари томонидан дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар борлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Мазкур ҳужжат билан “Dream House Stroy” МЧЖга дарахтларни кесмаслик ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган. Корхона вакиллари эса дарахтларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширмаслик юзасидан 20 январда кафолат хати тақдим этган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

17 февралда эса компания ягона дарча орқали ҳудуддаги дарахтларни кесиш юзасидан ариза берган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси аризани рад этган.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан бугун, 8 сентябр тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилингани аниқланган.

Дарахтзор ўраб олинишидан олдинги ҳолат. 2022 йил, январ / Фото: Kun.uz
Дарахтзор ўраб олинганидан кейинги ҳолат. 2022 йил, январ / Фото: Kun.uz

Экоқўмитага кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 797 700 000 сўмга баҳоланган.

“Давлат экология инспекторлари қонуний талабларини бажармагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-6-моддаси, Жиноят кодекси 198-моддасига асосан тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бу ердаги дарахтлар хавф остида экани ҳақида шу йил бошида ёзиб чиққан эди.

Ўшанда қурувчи компания дарахтзорни тўсиқлар билан ўраб олган эди. Ўзини шу жойнинг эгаси ва инвестор деб таништирган Умар Ғаффоров бирорта дарахтга зиён етказилмайди дея Kun.uz мухбири ва экологлар қаршисида ваъда берган эди.

Ғаффоров бу ерда бизнес марказ ва меҳмонхона қураётганини айтганди.

Давлат реестрига кўра, “Dream House Stroy” МЧЖ 2017 йилда рўйхатга олинган. Асосий фаолият йўналиши сифатида “Тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати учун техникалар улгуржи савдоси” кўрсатилган.

Компаниянинг ягона таъсисчиси – Тўрабоев Козимжон Гуламжон ўғли (100%). Компания раҳбари сифатида Биюнова Светлана Геннадевна кўрсатилган.

Очиқ манбаларда Козимжон Тўрабоевнинг яна қандай компаниялари борлигига доир бошқа маълумотлар йўқ. Светлана Биюнова эса 2017 йилда рўйхатга олинган “Capital Qurilishtamirlash Birlashmasi” МЧЖда ҳам раҳбарлик қилади. Бу корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида Исраилова Нозима Абдувалиевна кўрсатилган (100%).

Мавзуга оид