Иқтисодиёт | 16:33 / 28.10.2025
3633
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли даромадларининг ўсиши тезлашди. Бу пул ўтказмалари ошиши билан боғлиқ

2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра Ўзбекистонда аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиши 8,4 фоизни, жон бошига даромадларнинг реал ўсиши эса 6,3 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга энг бой ва энг камбағал ҳудудлар ўртасидаги фарқ 3,5 бараваргача кенгайди. Аҳолининг умумий даромадларида хориждан пул ўтказмаларининг улуши 21,5 фоиз бўлди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, пул ўтказмаларидаги ўсишсиз 8 та вилоятда реал даромадлар қисқарган бўларди.

Фото: Kun.uz

2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 825,3 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтириб ўтилган.

Ҳисобот даврида аҳоли даромадларининг номинал кўринишдаги ўсиши 18,4 фоизни, реал ўсиш суръати эса 8,4 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич мос равишда 17,9 ва 7,7 фоиз бўлганди.

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар эса номинал қийматда 16,1 фоизга (2024 йилнинг III чорагида – 15,5 фоиз), реал кўринишда 6,3 фоизга (5,5 фоиз) кўпайди. Натижада 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида аҳоли жон бошига ўртача даромад 21,8 млн сўмга (17,4 млн сўм) етган.

Ҳудудлар кесимида даромадларнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (52 млн 29 минг сўм), Навоий (32 млн 52 минг сўм), Бухоро (25 млн 972 минг сўм), Хоразм (22 млн 817 минг сўм) ва Тошкент (21 млн 940 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва 4 та вилоятда аҳоли жон бошига умумий даромадлар республикадаги умумий кўрсаткичдан баланд бўлган.

Бу борадаги энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (14 млн 843 минг сўм), Наманган (15 млн 832 минг сўм) ва Сурхондарё (16 млн 483 минг сўм) вилоятларида қайд этилган. Пойтахт ва Қорақалпоғистондаги даромадлар фарқи 3,32 баробардан 3,51 баробарга етган.

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Фарғона вилояти (13,4 фоиз), Тошкент шаҳри (10,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (6,6 фоиз) кузатилган. Аксинча Андижон (1,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (2,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (3,3 фоиз) аҳолининг реал даромадлари жуда кам миқдорда ўсган.

Аҳолининг умумий даромадлари таркиби

Ҳисобот даврида аҳоли умумий даромадларининг катта қисми мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларни ўз ичига олган меҳнат фаолиятидан олинган – 33,8 фоиз. Шунингдек, трансфертлардан олинган даромадлар (30,2 фоиз), йўлланма ишчиларнинг даромадлари (26,1 фоиз) ҳам салмоқли улушни эгаллайди.

Трансфертлардан олинган даромадларнинг улуши Фарғона, Андижон, Хоразм, Самарқанд вилоятларида аҳоли умумий даромадларига нисбатан 38 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлса, Навоий вилоятида мазкур даромад турининг улуши энг паст – 13,9 фоиз бўлган.

Хусусан, аҳолининг умумий даромадларида (бошқа жорий трансфертларни ҳисобга олган ҳолда) хориждан пул ўтказмаларининг улуши 21,5 фоизгача ошган.

Пул ўтказмаларига энг катта боғлиқлик Фарғона, Хоразм, Андижон вилоятларида кузатилган.

Пул ўтказмаларидаги ўсишсиз 8 та вилоятда реал даромадлар қисқарган бўларди

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилларига кўра, пул ўтказмалари умумий даромадлар ўсишида жудаям муҳим омил бўлиб қоляпти.

“Республикадаги ўртача ўсишнинг қарийб тенг ярми (8,0 фоиз банд) пул ўтказмаларидаги юқори ўсиш ҳисобига шаклланган. 8 та вилоятда эса даромадлар ўсишининг ярмидан кўпроқ қисми пул ўтказмалари ҳисобига юзага келган. Бу борада энг юқори кўрсаткич, Хоразм (78,7 фоиз) ҳамда Самарқанд (77,7 фоиз) вилоятларида ҳисобланади.

Агар пул ўтказмаларида ўсиш кузатилмаганда, республика жон бошига умумий даромадлар реал кўрсаткичларда ўсмаган, шунингдек, 8 та вилоятда жон бошига даромадлар реал кўрсаткичда қисқариши кузатиларди. Бунда пул ўтказмаларидаги ўсишсиз жон бошига даромадларнинг энг юқори қисқариши Самарқандда (-5 фоиз) юз берса, Хоразм (-4,6 фоиз), Сурхондарё (-4,3 фоиз) ҳамда Андижонда (-3,1) реал даромадларнинг қисқариши 3 фоиздан юқори бўлар эди.

Пул ўтказмаларисиз даромаднинг юқори ўсиши Тошкент шаҳрида кузатилиб, реал кўрсаткичларда 7,1 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат хизматлар соҳасида юқори ўсиш билан изоҳланиши мумкин. Шунингдек, Фарғона вилояти умумий даромадида пул ўтказмаларининг улуши энг юқори ҳудуд (умумий даромадларнинг 33,7 фоизи) бўлишига қарамасдан, пул ўтказмаларидаги ўсишсиз жон бошига даромадлар қисқармаган.

Яна бир жиҳат, пул ўтказмалари даромад ва истеъмолни оширишини ҳисобга олсак, агар пул ўтказмалари ҳақиқатан ҳам ўсмаганда даромадларнинг қисқариши графикдагидан йирикроқ шаклланган бўлар эди. Яъни кўплаб вилоятларда пул ўтказмалари даромадлар ўсишини белгиловчи асосий фактор бўлиб, аҳамияти сўнгги йилларда ошиб бормоқда”, дея ёзди иқтисодчи.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид