Таълим | 08:48 / 01.12.2025
2981
1 дақиқада ўқилади

Энди боғча тарбиячилари ва психологлар ҳам касбий сертификатдан ўтади

2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим муассасаларига биринчи марта ишга қабул қилинаётган стажёр-тарбиячилар ва боғча психологлари ҳам мажбурий касбий сертификатлаш синовларидан ўтади. Бир йиллик иш муддати якунлангач, фақат сертификат олган ёки аттестацияда етарли натижа кўрсатган педагоглар билан доимий меҳнат шартномаси тузилади.

Фото: talimxabarlari.uz

2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-тарбиячилар ва боғча психологлари ҳам касбий сертификатлаш синовларига жалб этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 740-сон қарори билан касбий сертификатлаш тартибига киритилган ўзгаришларда назарда тутилган.

Қарорга мувофиқ, стажёр-тарбиячилар ҳамда мактабгача таълим ташкилоти психологлари бир йил муддатга ишга қабул қилинади. Мазкур муддат якунлангандан сўнг касбий сертификат олган ёки навбатдан ташқари педагог кадрлар аттестациясида иштирок этиб, камида мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган даражадаги кўрсаткичга эришган педагоглар билан белгиланган тартибда доимий равишда ўқитувчи ёки психолог-тарбиячи сифатида меҳнат шартномаси тузилади.

Ушбу ўзгаришлар боғчаларда таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш, болалар билан ишлайдиган мутахассисларнинг касбий даражасига қўйиладиган талабларни кучайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид