Жаҳон | 16:27 / 02.03.2026
14308
2 дақиқада ўқилади

Кувайтда АҚШнинг 3 та самолёти қулади

Пентагон самолётлар хатолик туфайли Кувайт томонидан уриб туширилганини маълум қилди. Учувчиларнинг барчаси муваффақиятли катапулта қилинган.

Кувайт мудофаа вазирлиги 2 март куни Американинг бир неча қирувчи самолёти «қулагани» ҳақида хабар берди. Экипаж аъзоларининг барчаси муваффақиятли катапулта қилингани ва шифохонага ётқизилгани маълум қилинган.

Ижтимоий тармоқларда Америка қирувчи самолёти ҳалокати акс этган кадрлар тарқалган. Журналистлар аниқлашича, бу кадр АҚШнинг Кувайтдаги Ал-Салом базасидан 10 километр масофада олинган.

Хабарларда қолган самолётлар қаерда ҳалокатга учраганига аниқлик киритилмаган.

Кейинроқ АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) F-15E русумли учта қирувчисини йўқотганини тасдиқлади. Баёнотда самолётлар Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрон ҳужумини қайтариш чоғида хатолик туфайли уриб туширилгани қайд этилган.

Олти нафар учувчи катапулта қилингани, уларнинг ҳолати шифокорлар томонидан барқарор деб баҳолангани маълум қилинган.

Эрон 28 феврал кунидан буён АҚШнинг Яқин Шарқдаги иттифоқчилари, жумладан, Кувайтга ҳам зарбалар бермоқда. Бу ерда Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг йирик базаси жойлашган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид