Ўзбекистон | 17:06 / 08.09.2022
10674
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда жаҳон парламентларининг аёл раҳбарлари саммити бошланди

Саммитда халқаро ташкилотлар вакиллари ва 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламентарий иштирок этмоқда. Анжуманнинг мақсади – гендер масалалари ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

18 сентябр куни Тошкентда жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўз ишини бошлади.

Унда БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент аъзолари иштирок этяпти.

Парламентлараро иттифоқ ва Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш” мавзусига бағишланган.

Анжуманни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева очиб берди.

“Бугунги анжуман биринчи марта Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Бутунжаҳон парламент аёл раҳбарларига шу муносабат билан 14-саммитда иштирок этаётганликлари учун самимий миннатдорлик билдирмоқчиман.

Нуфузли халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, пандемия даврида айнан хотин-қизлар кўпроқ азият чеккан. Жумладан, меҳнат бозорида меҳнат қилаётган аёлларнинг 5 фоизи ишсиз қолди, оилаларда юзага келган мураккаб вазият ортидан хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари кўпайди, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати ёмонлашиши ортидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ортди. Шундай оғир шароитда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, бир-бирига хайрихоҳликлари натижасида вазият анча яхшиланди”, – деди Норбоева.

Сенат раиси анжуманда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсад қилинганини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Анжуман иши “Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш” мавзусида давом этди.

Мавзуга оид