Ўзбекистон | 15:41 / 27.03.2020
77890
2 дақиқада ўқилади

Автомобиль бошқарувида ниқобсиз бўлиш ҳам жаримага сабаб бўлади — ИИВ

Карантин даврида автомобиль бошқарувидаги ҳайдовчи ниқобсиз ҳаракатланаётгани аниқланса, ушбу ҳолат маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон ҳукумати махсус комиссияси ўрнатган тартиб билан жамоат жойида ҳимоя ниқобисиз бўлиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Ушбу ҳолат автомобиль бошқарувидаги ҳайдовчиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, автомобилдаги йўловчи ва ҳайдовчиларнинг ҳам жаримага тортилишига аҳолининг карантин тартибига беписанд муносабатда бўлаётгани сабаб бўлди.

«Масалан, Эски Жува деҳқон бозори яқинида, яъни жамоат жойида ниқобсиз бўлган фуқаро автомобилдан тушгани, ниқобни машинада унутиб қолдирганини важ қилиб келтирмоқда. Шу сабабли, аҳоли саломатлиги ва осойишталигини таъминлаш, вирус тарқалишини камайтириш мақсадида автомобиль бошқарувидаги ҳайдовчи ҳам ниқоб тақишга мажбур», - дея муносабат билдирди Ғиёсов.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳолатлари 83тани ташкил этмоқда. Улардан 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Таъкидланишича, беморларнинг 15 нафарида ўпка яллиғланиши белгилари кузатиляпти, 7 нафарининг аҳволи мутахассислар томонидан оғир, деб баҳоланмоқда.

Мавзуга оид