Иқтисодиёт | 18:31 / 23.04.2024
6423
3 дақиқада ўқилади

Газ ва нефт қазиб олиш ҳамда бензин ишлаб чиқариш сезиларли камайди

Биринчи чоракда газ қазиб олиш 5,9 фоизга, нефт қазиб олиш 8,4 фоизга, кўмир қазиб олиш 2 фоизга, бензин ишлаб чиқариш 6,5 фоизга қисқарди. Дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 2,5 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш 0,8 фоизга ошди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-март ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 11,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 725 млн куб (2022 йилнинг январ-март ойларида 12,3 млрд куб метр бўлган) ёки 5,9 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-март ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб).

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарган.

2017-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ўзгариши (Статистика агентлиги маълумотлари):

  • 2017 йил – 56 млрд 417,6 млн куб метр;
  • 2018 йил – 60 млрд 396,5 млн куб метр;
  • 2019 йил – 60 млрд 537,5 млн куб метр;
  • 2020 йил – 49 млрд 736,2 млн куб метр;
  • 2021 йил – 53 млрд 802 млн куб метр;
  • 2022 йил – 51 млрд 678,4 млн куб метр;
  • 2023 йил – 46 млрд 710,3 млн куб метр.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш муттасил равишда қисқариб бормоқда. Хусусан, 2019–2023 йиллар оралиғида бу қисқариш 22,8 фоизни ташкил қилган. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг камайиши Туркманистон ва Россиядан газ импорти ҳисобига қопланяпти.

Биринчи чоракда кўмир қазиб олиш 969 тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,2 тонна ёки 2 фоизга қисқарган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 195,5 минг тоннадан 179,1 минг тоннага камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 319,5 минг тоннадан 326,3 минг тоннага ошган.

Дастлабки 3 ойликда электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,8 фоизга ёки 171 млн kWh’га ошган. Хусусан, 2023 йилнинг январ-март ойларида 19,92 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 20,09 млрд kWhʼга етган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 206 минг тоннадан 211 минг тоннага (+2,5 фоиз) кўпайган бўлса, бензин ишлаб чиқариш 385 минг тоннадан 360 минг тоннага (-6,5 фоиз) қисқарган.

Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш

2024 йилнинг январ-март ойларида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сони (махсус енгил автомобиллардан ташқари) 84 минг 745 донани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (54 минг 205 дона) 36 фоизга кўпайган.

  • Cobalt – 28 356 дона (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш – 59,5 фоиз);
  • Damas – 18 996 дона (ўсиш – 1,7 фоиз);
  • Tracker – 12 025 дона (ўсиш – 7,2 баробар);
  • Lacetti-Gentra – 8 811 дона (пасайиш – 20,9 фоиз);
  • Onix – 8 338 дона (ўсиш – 14,9 баробар);
  • Kia – 4 980 дона;
  • Chery – 2 990 дона;
  • Haval – 205 дона;
  • Exeed – 38 дона;
  • Махсус енгил автомобиллар – 6 317 дона.

Мавзуга оид