Иқтисодиёт | 18:09
1455
2 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги уруш Ўзбекистондаги бензин нархларига қандай таъсир қиляпти?

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейинги биржанинг 4 та савдо сессиясида бензин нархи арзонлашган бўлса, 6 мартдан нархлар сезиларли оша бошлади. 27 февралдан 13 мартгача бўлган даврда АИ-92 баҳоси 5,1 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши фонида глобал миқёсида нефт етказиб беришда узилишлар кузатиляпти. Жаҳон нефт экспортининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозида кема қатнови деярли тўхтаб қолди, бу эса ёнилғи нархларининг кўтарилишига сабаб бўляпти.

Ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Ўзбекистондаги биржа савдоларида 1 тонна АИ-92 маркали бензин баҳоси 12 млн 83 минг сўмни ташкил этган. Кейинги 4 та савдо сессиясида нархлар умумий ҳисобда 2 фоизга ёки 1 тонна учун 11 млн 841 минг сўмгача пасайди.

Кейинчалик глобал бозордаги нархларнинг қимматлашиши фонида Ўзбекистон бозорида ҳам бензин баҳоси оша бошлади. 13 март кунги савдоларда 1 тонна АИ-92 12 млн 704 минг сўмдан сотилди. Бу 27 феврал кунги нархларга нисбатан 5,1 фоизга қимматроқ.

Бензин импортига қарамлик

Ўзбекистонда нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватлари мавжуд бўлса-да, ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун импортга боғлиқлик йилдан йилга ошиб боряпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ-феврал ойларида қарийб 166 млн долларлик 279 млн литр бензин импорт қилинган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан миқдор жиҳатдан 2 баробарга, қиймат жиҳатдан эса 2,1 баробарга кўп. Охирги ойларда ички талабнинг қарийб тенг ярми ташқаридан олиб кирилаётган бензин ҳисобига қондириляпти.

Ўз навбатида ички ишлаб чиқариш ҳажми ҳам охирги 2 йилда сезиларли даражада камайди. Масалан, 2023 йилда 1 млн 333 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда 1 млн 200 минг тоннагача ёки 10 фоизга қисқарган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид