Жамият | 20:01 / 20.11.2021
14514
4 дақиқада ўқилади

“Каналингизга сиздан сўрамай реклама қўйиб, пул ишлайди” — Алламжонов Telegram'даги янгиликни танқид қилди

Telegram'нинг рекламалари ҳатто Ўзбекистон президентининг каналида ҳам пайдо бўлди. Канал админлари рекламалар мазмунига таъсир қила олмаяпти. Комил Алламжонов буни қоралаб, Павел Дуровни “бировнинг каналига худбинларча ўзининг рекламасини жойлаштириш”да айблади.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Telegram маъмурияти мессенжердаги каналларда уларнинг эгаларидан рухсат сўрамаган ҳолда рекламалар эълон қила бошлади. Бу эса фойдаланувчиларда норозилик уйғотмоқда.

Telegram асосчиси Павел Дуровга кўра, ўз каналида реклама бўлмаслигини хоҳловчилар тез орада мессенжерга пул тўлаб бу имкониятга эга бўлиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз каналида бу янгиликка муносабат билдирди.

Алламжоновнинг фикрича, Telegram'да давлат органлари ва расмий шахсларга тегишли каналлар талайгина ва уларнинг каналларида тартибга солинмаган турлича мавзулардаги рекламалар чиқиши мақсадга мувофиқ эмас.

Қолаверса, фойдаланувчилар ўзлари кузатаётган каналларида чиқаётган маълумотларга ишонади ва мессенжернинг рекламасини канал муаллифлари жойлаган деб ўйлашлари мумкин.

“Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Telegram'даги янги реклама сиёсати жуда ҳам ўйлантиряпти. Аҳамият берган бўлсангиз, сиз обуна бўлган канал, блогер ёки таҳририят мақолалари орасида турли рекламалар пайдо бўляпти.

Telegram мессенжери тартибига кўра, эндиликда улар таҳририят ёки блогер рухсатисиз, хоҳлаган каналига реклама қўйиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, сиз эшакдек ишлаб канални кўтарасиз, унинг обрўйи учун хавф-хатарга қарамай ёзасиз, сизнинг каналингизни ҳамма ўқишни бошлаганида Telegram тайёрга айёр бўлиб, сиздан сўрамай ўз рекламасини сизнинг каналингизга қўйиб, пул ишлайди. Сизга эса фигушки.

Яна нимамуш, “Реклама кўришни истамайсанми? Тўла! Реклама сенинг каналингда чиқишини хоҳламайсанми? Тўла!”

Яқинда Ўзбекистон президенти каналида ёки ҳуқуқ-тартибот органлари каналида ҳам реклама чиқиши ғалати кўринди.

Бу реклама сизга ёқадими, сиз олиб бораётган канал мавзусига тўғри келадими, йўқми – уларга фарқи йўқ. Пул келса бўлди. Хоҳласа, чўчқа гўштини, хоҳласа, динимизга зид бўлган рекламаларни сизга тиқиштирса ҳам, сиз ҳеч нарса қила олмайсиз.

Шу сабаб кўп рус Telegram сегментидаги канал администраторлари бундай “янгиликдан” сўнг исён кўтарди! “Ҳооой, бу реклама биздан эмас, узр энди, шундай бўлиб қолди, ишониб қолманглар” деган маънода.

Яна бир ўйлантирадиган жиҳат, Россиянинг Федерал жазони ижро этиш хизмати Telegram каналида криптовалюталарнинг рекламаси чиққанини кўрдик. Табиийки, бу – жуда ҳам ғалати ҳолат. Бу каби рекламалар давлат органлари ва ташкилотларининг каналларида, сиёсатчиларда ҳамда ҳукумат одамларининг каналларида чиқиши ноўрин. Ўз навбатида бу уларнинг обрўйи ва мавқейи жиддий путур етказиши аниқ”, деб ёзади Комил Алламжонов.

У Telegram раҳбари Павел Дуровга қарата бировнинг каналига ўз рекламасини жойлагандан кўра, компанияни сотиб юборгани маъқуллигини ёзган.

“Ҳурматли Павел, Telegram'га ҳаммани обдан ўргатиб қўйиб, энди бу йўл билан проектни монетизация қилмасангиз бўларди. Албатта, биздан сўраб ўтирармидингиз! Ундан кўра, катта компанияларга сотиб юборганингиз яхши компанияни, бировнинг каналига худбинларча ўзингизнинг рекламангизни жойлагандан кўра. Ёки YouTube'га ўхшаб бўлишинг канал эгалари билан ва ўша каналга зид рекламани қўймаслик имкониятини ҳам яратинг, деб қолувчи Комил Алламжонов”.

Сўнгги пайтларда ўзбек сегментидаги бир неча йирик Telegram каналарида мессенжер маъмурияти томонидан жойлаштирилаётган рекламалар пайдо бўлаётгани кўзга ташланмоқда.

Павел Дуров буни мессенжер ўз харажатларини ўзи қоплаши вақти келгани билан изоҳлаяпти. У рекламаларни пулли ўчириш функцияси ишга тушишини ҳам эълон қилган, бунинг учун компанияга “унча кўп бўлмаган” пул тўлаш керак бўлади. Аниқ сумма ҳозирча маълум эмас. 

Мавзуга оид