Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хивадаги бозор МЧЖ ва АЖ ўртасида талаш бўлмоқда. Қурилиш 3 йилдан бери битмаяпти
Kun.uz 2019 йил 8 апрелида «Ҳокимлик тадбиркорларни чув туширдими? – Хива буюм бозоридаги можаро» сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақола эълон қилган эди. Унда Хива шаҳар буюм бозоридаги тадбиркорлар дуч келган қатор муаммолар ҳақида сўз юритилган, бироқ масаланинг айрим жиҳатлари суд орқали ўз ечимини кутаётгани боис, ноаниқлигича қолган эди.
Муаммо вилоят прокурорининг 2019 йил 26 июлдаги протести асосида Хоразм вилояти ҳокимининг 2018 йил 26 майдаги 351қ-сонли қарори бекор қилиниши билан янада чигаллашган.
2020 йил охирида Kun.uz'га хоразмлик тадбиркордан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Хоразм вилоятига сафаримиз чоғида воқеаларнинг кейинги ривожини ўргандик.
Дастлаб «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ раиси Ганжа Тожиев билан суҳбатда бўлдик.
«2018 йил май ойида «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ ташкил этилиб, шаҳар ҳокимининг қарори чиқди. Вилоят ҳокимлиги тасдиқлади бу қарорни, ўша йил октябрь–ноябрь ойига қадар барча ҳужжатларни тайёрладик. Президент аппаратидан раҳбарлар 3 марта келганларида ҳужжатларни текширишди, сўнгги марта келганларида бозорни 2019 йил сентябрига битказиш кераклигини айтишди», – дейди Ганжа Тожиев.
Унинг сўзларига кўра, туман ва вилоят ҳокимлиги раҳбарлари 4 ой мобайнида бозор қурилишини тезлаштиришни талаб қилиб келишган.
«Бироқ, 2019 йил июль ойида вилоят ҳокими келганида қурилиш ишларини тўхтатишни айтиб, ерни захирага олишди. Шундан сўнг, мен Урганч шаҳар маъмурий судига шикоят киритдим, суд вилоят ҳокимининг қарори нотўғри деб қарор чиқарди», – дейди Г.Тожиев.
Орадан бироз ўтгач, маъмурий суд қарори устидан прокуратура кассация протести киритгач, иш қайтадан кўриб чиқилган. Урганч тумани маъмурий суди 2020 йил 13 январда ишни қайтадан кўриб чиқиб, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ аризасини қаноатлантиришни рад этган. Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди аппеляция инстанцияси ва Ўзбекистон Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ишни қайтадан кўриб чиқиб, Урганч тумани маъмурий судининг 2020 йил 13 январдаги қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Ганжа Тожиевнинг айтишича, у бозорни бугунги кўринишига қадар турли харажатлар билан 9,5 млрд сўм маблағ сарфлаган. Шундан 6 млрд 166 млн сўмдан ортиқ маблағ «Хива обод йўл қурилиш» МЧЖга бажарган ишлари учун берилиши керак. Бугунги кунда 108 нафар тадбиркор МЧЖ билан шартномага асосан дўконлари битказиб берилишини кутмоқда.
Биз вазиятни янада аниқроқ тасаввур қилиш мақсадида Хива шаҳрининг ўша вақтдаги ҳокими Собир Жуманиёзов билан учрашдик. У муаммоли масала юзасидан тушунтириш берди. Унинг айтишича, Хива шаҳрига замонавий деҳқон ва буюм бозори ҳам зарур.
«Хива шаҳридаги «Хива универсал савдо комплекси» АЖ 2017–2018 йилларда бузилишга тушгани муносабати билан ҳокимият вакиллари ва АЖ раҳбари (Г.Тожиев) акциядорлар билан йиғилиш ўтказиб, ким қанча майдонда тадбиркорлик қилаётган бўлса, худди шундай майдонда тадбиркорлигини давом эттириши тушунтирилган», – дейди Жуманиёзов.
Унинг билдиришича, Янги бозор қуриш учун ер майдони АЖга эмас, балки янгидан ташкил этилган МЧЖга берилган.
«Энг қизиғи, Тожиев МЧЖ ташкил этилган вақтда «Хива универсал савдо комплекси» АЖ раҳбари лавозимида ҳам ишлаган ва икки ой мобайнида икки ташкилот раҳбари бўлиб келган. Сиз АЖ раҳбари сифатида, биринчи галда акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилишингиз керак эмасмиди, десак, саволга жавоб йўқ.
Яна бир томони, мазкур МЧЖга қарор чиққан вақтда, қарорости ҳужжатларининг барчаси АЖ учун тайёрланган. Котибиятда сақланаётган барча ҳужжатларда буни кўриш мумкин. Аммо, негадир энг юқоридаги қарор МЧЖ учун чиқарилган. Бир санада бир рақам билан икки хил қарор чиққан», – дея тушунтириш берганди Собир Жуманиёзов.

Шу ўринда, 108та тадбиркорлик субъекти «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ билан шартнома имзолаб, дўконлари битишини кутаётганини ҳам унутмаслик керак.
Хива шаҳрининг эндиликда собиқ ҳокими бу масалага изоҳ берган эди. Унга кўра, МЧЖга пул тўлаб қўйган ва аввалдан АЖда фаолият юритган тадбиркорларнинг барчаси тенг ҳуқуқли бўлиб, қуръа ташлаш орқали дўконлар тақсимланиши белгиланган. Бундан ташқари, МЧЖнинг қурилиш ташкилоти билан шартномаси мавжуд. Пудрат ташкилоти пулини АЖ тўлаб беришини ҳокимлик назорат қилиши бўйича уч томонлама шартнома ҳам имзоланган. Собиқ ҳоким изоҳ берганидек, бозорнинг битмаганлиги ва 2 йилдан ортиқ вақтга чўзилишининг асосий сабаби – томонларнинг судларга мурожаат қилишлари оқибатидир.
Умуман, «Хива универсал савдо комплекси» АЖ 2009 йили Хива туманида «Буюм бозори» ОАЖ сифатида ташкил қилинган бўлиб, 2013 йилда «Хива универсал савдо комплекси» АЖга айлантирилган. Унинг таркибида 331 акциядор ва акциядор ҳисобланмаган 500га яқин мулкдор, жами 800дан ортиқ тадбиркор фаолият юритиб келган, дейди «Хива универсал савдо комплекси» АЖ раҳбари Дилшод Давлетов.
Кези келганда қайд этиш керак, МЧЖ раҳбари Тожиев унинг ташкилоти янги буюм бозори қуриш учун ташкил этилганини, АЖ Хива шаҳар деҳқон бозорини қуриши кераклигини таъкидласа, АЖ раҳбари Давлетов бундай эмаслигини айтмоқда.

Хуллас, бугунги кунда Хоразм вилояти прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Хива шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари Э. Яқубов ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унда «Хива универсал савдо комплекси» АЖда фаолият юритган тадбиркорлар ва акциядорлар манфаатлари бузилганига доир ҳолатлар текширилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар муаммоли масалани ўрганганида, ҳужжатлар сохталаштирилгани маълум бўлган. Яъни 2018 йил 3 май куни Хива шаҳар ҳокими Э.Якубов 835-сонли иккита қарорга имзо чеккан. Улардан бири «Хива шаҳар ҳокимлиги Хива шаҳар Сангар маҳалласи ҳудудидан «Янги буюм бозори» қурилиши учун доимий фойдаланишга ер майдони ажратиш тўғрисида» деб номланиб, буйруқлар китобида ҳам айнан шу қарор рўйхатдан ўтказилган.

Бироқ, худди шу сана ва шундай тартиб рақами билан шаҳар ҳокими яна бир қарорга имзо чеккан. У «Хива шаҳар савдо комплекси» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиш ва мазкур жамиятга ер майдони ажратиш тўғрисида» деб номланади. Вилоят ҳокимининг 2018 йил 26 майдаги қарори айнан иккинчи – сохта қарорга асосан чиқарилган ва тадбиркорларнинг норозиликларига сабаб бўлган.
Ушбу мавзу билан боғлиқ масала суднинг деярли барча инстанцияларида кўриб чиқилган ва тегишли хулосалар берилган. Холислик учун айтиш керак, Хоразм вилояти Урганч шаҳар маъмурий судигина 2019 йил 11 ноябрдаги очиқ суд мажлисида вилоят ҳокимининг 2019 йил 30 июлдаги 515қ-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топган. Бироқ, 2019 йил 3 декабрда вилоят прокуратураси суд қарорига нисбатан кассация тартибида протест келтирган. Бошқа суд маҳкамаларининг барчасини бирлаштириб турувчи бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ шикоятини қаноатлантиришни рад этишдир.
Хуллас, салкам 3 йилдирки, томонлар ўзаро муносабатлари-ю, бозорни ким қуриши кераклигини суд орқали аниқлашда давом этар экан, бу ёқда Хива шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига хизмат кўрсатувчи бирорта бозор мавжуд эмас. Борларида ҳам шароит йўқ, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда савдо қилинмоқда.
Мавзуга оид
08:41 / 24.12.2025
Хивада ИИБ ходими пора олаётганда ашёвий далиллар билан ушланди
20:05 / 23.12.2025
“Ҳокимлар ваъдасига ишониб сарсон бўлдик” – Риштонда тадбиркорлар буюм бозорини тиклаб беришларини сўрамоқда
12:21 / 22.12.2025
Андижонда бозор растаси қулади (видео)
21:05 / 21.11.2025