Ўзбекистон | 17:51 / 07.10.2020
20979
3 дақиқада ўқилади

«Фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда» – «Ўзёғмойсаноат» вакили ёғ нархи ошганига изоҳ берди

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Aҳрор Aбдураҳимов ўсимлик мойи нархи кўтарилиши сабаблари ҳақида маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда аҳоли ёғ-мой истеъмолининг 60 фоизи ички ишлаб чиқаришдан қондирилаётгани, истеъмолнинг 35-40 фоиз четдан, хусусан, Россия Федерациясидан, қисман Қозоғистондан келадиган тайёр импорт мойи ташкил қилади.

Таҳлилларга кўра, август ойида жаҳонда 1 тонна ўсимлик мойи нархи 750-800 долларни ташкил этган. Сентябрь ойи ўрталарида эса 1 тонна ўсимлик мойи нархи 875 долларга тенг бўлган.

«Бунинг биринчи сабаби Роcсияда ўтган йилга нисбатан бу йил кунгабоқар уруғи ҳосили 15-18 фоизгача кам. Яъни 2019 йилда қарийб 15 миллион тоннадан кўп хом ашё етиштирилган бўлса, бу йил 11,5 миллион тонна жамғариш режалаштириляпти. Ўсимлик мойи танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунёда нарх ошишига сабаб бўляпти», деди Aҳрор Aбдураҳимов озиқ-овқат маҳсулотларининг бозордаги нархи таҳлилига бағишлаб АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Қайд этилишича, биржада пахта мойининг бир тоннаси 9,5 миллион сўмдан 11 миллионгача бўлмоқда.

Раис ўринбосарининг маълум қилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 40дан ортиқ соҳага ихтисослашган корхона мавжуд бўлиб, ҳозирча улардан 7-8таси ишга тушган.

«Қолган корхоналар ҳам максимал ишласа, маҳсулот кўпайган сари нарх тушиб боради», деди у.

Тадбир давомида 2020 йилда Ўзбекистонда қанча ўсимлик мойи ишлаб чиқарилиши режалаштирилгани ҳақида маълумот берилди.

Aҳрор Aбдураҳимовнинг маълум қилишича, санитария қоидалари меъёрларига асосан киши бошига 1 йилда 9,1 килограмм ўсимлик мойи истеъмоли белгилаб берилган.

Ўзбекистонда тахминан 320-330 минг тонна ўсимлик мойи аҳоли истеъмоли учун йўналтирилади. Қолган қисми чуқур қайта ишланиб, ундан хом ашёни ювувчи воситалар, спрей, сариёғлар, пахта ёғи ишлаб чиқарилади.

«Демак, шартли 9 ой давомида январь-сентябрь ойларида республика бўйича 181 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқарилди. Aҳоли истеъмолини тўлақонли қондириш учун 170 мингга яқин тайёр ўсимлик мойи импорти амалга оширилди.

Шу билан бирга, уюшма тизимидаги корхоналар томонидан аҳолининг ўсимлик мойига бўлган талабини қондириш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида мойли экинларни етиштириш тизими йўлга қўйиб келинмоқда. Бу йил 6 минг гектар майдонда мойли экинлар экилиб, улардан 77 минг тоннадан ортиқ ҳосил жамғариш режалаштириляпти», деди Aбдураҳимов.

Қайд этилишича, жамғарилган ҳосилни тўлақонли сифатли қайта ишлаб, 16 минг тонна қўшимча ёғ ҳамда 46 минг тонна ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Мавзуга оид