Соғлом ҳаёт | 22:42 / 28.08.2025
5484
4 дақиқада ўқилади

Қиздирилган ёғдан қайта фойдаланиш саратон хавфини кучайтириши мумкин

Таомдан қолган ёғни такрор ишлатиш кўпчилик учун одатий ҳолга айланган. Айниқса, картошка, палов ёки гўшт пиширгандан сўнг товада ортиб қолган мойни ҳар сафар ташлаб юбориш иқтисодий томондан ҳам, маиший қулайлик нуқтайи назаридан ҳам одамларга мантиқсиздек туюлади. Бироқ тиббий тадқиқотлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича олиб борилган изланишлар фойдаланилган ёғнинг қайта ишлатилиши инсон саломатлиги учун салбий таъсирларни юзага келтириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: Adobe Stock

Қайта қиздирилган ёғ нимага хавфли?

Ёғ юқори ҳароратда қиздирилганда унинг таркибида транс-ёғ кислоталари ва акролеин каби зарарли моддалар ҳосил бўлади. Транс-ёғлар қон томирларининг торайиши, холестериннинг ортишига сабаб бўлса, акролеин ошқозон-ичак тизими, жигар фаолиятини издан чиқаради. Бундан ташқари, қайта ишлатилган ёғ тезда оксидланади ва эркин радикалларни кўпайтиради. Бу эса ҳужайра қариш жараёнини тезлаштириб, саратон касалликлари хавфини ошириши мумкин.

Организмга таъсири

Юрак-қон томир тизими ҳолат. Ёғни қайта-қайта қиздириш натижасида унда оксидланган липидлар (яъни бузилган ёғ молекулалари) ҳосил бўлади. Бу моддалар қон томир деворларини секин-аста шикастлаб, “ёмон холестерин” (ЛДЛ) миқдорини кўпайтиради ва “яхши холестерин” (ҲДЛ)ни камайтиради. Натижада қон томирлар торайиб, атеросклероз, гипертония, юрак хуружи ёки инсулт хавфи ортади. Оддий қилиб айтганда, қайта ишлатилган ёғ юрак ва қон томирларнинг эрта “эскиришига” олиб келади.

Семириш ва метаболик бузилишлар. Қовурилган овқатларнинг ўзи калория жиҳатдан жуда тўйимли. Агар улар қайта ишлатилган ёғда тайёрланса, организмда метаболик стресс (яъни ҳужайраларнинг нормал ишлашига тўсқинлик қиладиган юклама) кучаяди. Бу инсулин резистентлигига сабаб бўлиши мумкин. Яъни организм қондаги шакарни нормал ўзлаштира олмай қолади. Натижада семириш, қандли диабет ва бошқа эндокрин касалликлар хавфи ортади.

Ошқозон-ичак муаммолари. Қайта ишлатилган ёғнинг таркибида акролеин, полициклик ароматик углеводородлар каби токсик (зарарли) моддалар тўпланади. Улар ошқозон-ичак йўлларининг шиллиқ қаватини қўзғатиб, сурункали гастрит, рефлюкс ёки ич кетишига сабаб бўлиши эҳтимоли мавжуд. Агар бундай ёғ узоқ муддат мунтазам истеъмол қилинса, ошқозон ва ичакда ўсма касалликлари ривожланиш хавфи ҳам ошади. Бунда бошқа омиллар, масалан, шўр-таомлар, тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмоли ҳам қўшимча хавф туғдиради.

Иқтисод саломатликдан устунмас

Кўпчилик “янги ёғни ишлатиш қимматга тушади” дея ундан қайта-қайта фойдаланишга ҳаракат қилади. Аслида бу қисқа муддатли тежамкорлик узоқ муддатда соғлиқ учун анча қимматга тушади; юрак хасталиги, диабет ёки жигар касаллиги каби оғир ташхисларни даволашга кетадиган маблағ бир неча шиша ёғдан юзлаб марта қиммат бўлади.

Шу сабабли ривожланган мамлакатларда умумий овқатланиш жойларида ёғдан фойдаланишнинг қатъий меъёрлари белгиланган: масалан, ёғ 180°C дан юқори қиздирилмаслиги, 2 мартадан ортиқ ишлатилмаслиги ва мунтазам янгиланиб туриши шарт.

Дунё бўйича ўтказилган тадқиқотларда қайта ишлатилган ёғ мунтазам истеъмол қилинадиган ҳудудларда юрак-қон томир касалликлари ва семириш даражаси юқорилиги қайд этилган. Масалан, Ҳиндистоннинг айрим штатларида кўчма ошхоналарда ёғдан 4-5 мартадан ортиқ фойдаланилгани кузатилган ва бу ҳудудларда ошқозон саратони кўрсаткичлари ҳам юқори бўлгани аниқланган.

Ўзбекистон шароитида ҳам айрим овқатланиш шохобчаларида бир хил ёғнинг кун давомида қайта-қайта ишлатилиши сир эмас. Айниқса, кўчма ошхоналар ва кичик умумий овқатланиш масканларида харажатларни камайтириш мақсадида ёғни бир неча бор қайта қиздириб фойдаланиш ҳоллари кузатилади. Бу эса истеъмолчиларнинг соғлигига бевосита хавф туғдиради.

Мутахассислар уй шароитида ёғни қайта ишлатмасликни, қовуришда имкон қадар ундан озроқ миқдорда фойдаланишни ва иложи бўлса, қовурилган таомлар истеъмолини камайтиришни тавсия этади.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид