Ўзбекистон | 12:37 / 24.06.2022
50148
10 дақиқада ўқилади

Хоннинг ҳарбий ҳийласи ёхуд рус отрядининг Хива остонасидаги ҳалокати  

1717 йилда рус подшоҳи Пётр I Хива хонлигига Бекович-Черкасский бошчилигидаги экспедицияни жўнатади. Унга Амударё ўзанини Каспий денгизига буриб юбориш, Ҳиндистонга савдо йўлларини очиш ва хонни рус давлатига бўйсундириш имконини топиш вазифаси юклатилади. Бироқ, Шерғози хоннинг ҳарбий ҳийласи ҳаммасини барбод қилади.

«Рус аскарлари Амударё қирғоқларида» - Николай Каразин асари (runivers.ru)

Пётр I орзуси

XVII аср охиридан бошлаб рус императори Пётр I кўплаб олтин конларига эга Оксус (Амударё) дарёси ҳақидаги миш-мишларни эшита бошлайди. Унга баъзи рус саёҳатчиларининг ҳисоботларида Марказий Осиё чўлларида олтин қумлар борлиги, тоғлари ортида эса мисли кўрилмаган хазиналарга эга Ҳиндистон давлати ястаниб ётиши, унинг бойликлари ғарбий европаликлар томонидан денгиз орқали олиб чиқилаётгани ҳақидаги хабарлар етказилади.

Пётр I ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, Марказий Осиё олтинлари ва ҳеч бўлмаганда Ҳиндистон хазиналарининг бир қисмини қўлга киритишни кўзлайди.

1713 йилда шоҳ режасини тезлаштирган воқеалар юз беради. Бадавлат туркман савдогарларидан бири Садир Хожи Нафас Астраханда князь Саманов билан учрашиб, унга рус давлати манфаатига оид муҳим маълумотларни, жумладан, Бухория вилоятидаги дарё атрофида олтинга бой қумлар борлигини, маҳаллий хон буни яшириш учун дарё ўзанини Каспий денгизидан Орол денгизига буриб юборганини айтиб беради. Князь ушбу хабарни зудлик билан Петербургга етказади.

Пётр I тўпланган маълумотлар асосида Амударё бўйидаги Хива хонлигини эгаллаш ва бу орқали Ҳиндистонга савдо йўлини очиш катта манфаат келтиришини англайди. У дарё ўзанини яна Каспий денгизига буриш ва кемалар учун Хива хонлигига, у ёқдан эса Ҳиндистонга йўл очишни режалаштиради.

Шимолий кавказлик князь 

1714 йилда Пётр I «Князь Александр Бекович-Черкасский бошчилигидаги Преображенский полкини Дарё ирмоғини топиш учун сафарга жўнатиш» ҳақидаги фармонни имзолайди.

 Князь Александр Бекович-Черкасский (Wikipedia)

Маълумот ўрнида, Александр Бекович-Черкасский Шимолий Кавказда, зодагон Бекмурза Жамбулатов оиласида туғилган. Унга Давлат-Гирей исми қўйилган. Кейинчалик насронийликни қабул қилиб, исми ва фамилиясини шунга мос равишда ўзгартирган. Денгиз флотида хизмат қилганида узоқ ўлкаларга бир неча муваффақиятли экспедиция уюштирган ва бу билан Пётр I назарига тушган.

1716 йилда Пётр I шахсан Бекович-Черкасский билан учрашиб, унга қуйидаги топшириқларни беради:

  • Амударёнинг аввалги ўзанини топиш ва иложи бўлса уни тиклаш;
  • Хива хонини Россия давлатига бўйсунишга кўндириш;
  • Хивага борадиган йўлларда, айниқса, Амударё бўйларида истеҳком-қалъалар қуриш;
  • Хивада мустаҳкам ўрнашиб олиш, Бухоро хони билан муносабатга киришиб, уни бўйсунишга мойил қилиш;
  • Савдогар ниқоби остида лейтенант Кожинни Ҳиндистонга, савдо йўлини топиш учун, бошқа бир офицерни эса Ёркентга (ҳозирги Шинжон-Уйғур вилоятидаги шаҳар) олтин конларини қидириш учун юбориш.

Бекович-Черкасскийга 4000 аскар, 2000 казак ва 100 отлиқ аскар берилади. Бундан ташқари, экспедиция таркибига бир нечта денгиз аскарлари, 2 муҳандис ва 2 савдогар киради.

Бекович-Черкасский экспедицияси картаси (mytashkent.uz)

1716 йил сентябрь ойида Бекович-Черкасский Астрахань шаҳридан Каспий денгизига йўл олади ва унинг атрофларини ўрганади, харитасини чизади, Амударёнинг аввалги ўзанини излайди. Бу вақт мобайнида Хивага икки элчи юборади, аммо улар қайтиб келмайди. Шундан сўнг, Астраханга қайтади. 

Олтин қумларни излаб – биринчи Хива экспедицияси

1717 йил баҳорида Бекович артиллерияга эга иккита пиёдалар ротаси, 500 отлиқ аскар, 2000 казак ва 500 нўғай, 200 кишидан иборат савдо карвони билан Хива сафарига чиқади. Экспедицияга туркман Хожи Нафас йўлбошчилик қилади.

Жазирама иссиқда чўл ва даштлар бўйлаб юриш отряд учун оғир кечади. Аскарлар сувсизликдан, отлар эса ем-хашакнинг камлигидан азият чекишади. Отряд асосан бўтқа ва қотган нон истеъмол қилади. Баъзан сайғоқ ови уюштирилади. Аскарлар орасида турли касалликлар тарқалади. Бекович-Черкасский уларнинг бир қисмини йўлдаги қудуқлар ёнида қолдиришга мажбур бўлади.

Ниҳоят, 15 август куни Бекович-Черкасский отряди Устюрт тоғларидан ошиб ўтиб, Амударё қирғоғига етиб боради. Хивадан 130 км узоқликдаги Қорағоч канали ёнида қўналға ташкил этилади.

Хиванинг бош дарвозаси (rus-turk.livejournal.com)

Бекович-Черкасский Хива хонига элчиларни жўнатишга чоғланади. Аммо хон рус отрядининг Хива сафаридан аллақачон хабардор эди. Йўлда отряддан қочиб кетган қалмиқлар душман ҳақидаги хабарни унга етказишган эди.

Соҳибқирон Шерғози ҳийласи

Хива хони Шерғози замбараклар ва камонлар билан қуролланган 24 минг кишилик қўшин билан русларга қарши чиқади.

Хивадаги Шерғози хон мадрасаси (khivamuseum.uz)

Маълумот ўрнида, Шерғози хон – шайбонийлар сулоласига мансуб Хива хонларидан бири. Бухорода туғилган, мадрасада илм олган, ўз даврининг зиёли ва диёнатли кишиларидан бўлган. Ҳарбий юришлардаги қўмондонлик маҳорати билан ажралиб турган. Машҳад ва Марв шаҳарларини истило қилган. Худди Амир Темур каби соҳибқирон деган номни олган.

Жанг 3 кун давом этади ва ҳарбий техникада устун бўлган рус отрядининг ғалабаси билан тугайди. Хиваликлар ортга чекинишга мажбур бўлишади. Бекович-Черкасский учун Хива қалъасига йўл очилади.

Шунда Шерғози сулҳ таклифи билан шахсан ўзи Бекович-Черкасский ҳузурига келади. У рус экспедициясининг тинч мақсадда келганини билмагани, агар билганида ҳужум қилмаган бўлишини айтиб, узр сўрайди. Рус аскарларига зиён етказмаслик, рус подшоҳига бўйсуниш ҳақида аъёнлари билан бирга қасам ичади ва Бекович-Черкасскийни Хивага таклиф қилади. Рус қўмондони 700 жангчиси билан Хива томон йўл олади.

Кейинги воқеалар ривожи асирликдан қочиб Россияга қайтган туркман Хожи Нафас ва бир неча жангчилар сўзларидан маълум.

Бекович-Черкасский Хива остонасига яқинлашганида Шерғози унинг аскарларини 5 қисмга бўлиш ва атрофдаги қишлоқларга жойлаштириш таклифини беради. Хон буни озиқ-овқат билан таъминлашда муаммо бўлиши билан изоҳлаган.

Қўмондон ёрдамчиси Франкенбек хоннинг таклифи тузоқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Бекович-Черкасскийни таклифга кўнмасликка чақиради. Аммо қўмондон хоннинг ўз қасамини бузмаслигига ишонади ва отрядини тақсимлашга рози бўлади.

«Қўққисдан ҳужум» - Верешчагин асари (muzei-mira.com)

Отрядлар Хивадан узоқлашгач, қишлоқларда қўйилган пистирмага дуч келишади. Хиваликлар уларни камон ва замбараклардан ўққа тутиб, аксариятини қириб ташлашади. Кўплаб жангчилар асирликка олинади. Уларнинг жуда оз қисми қочиб кетишга муваффақ бўлади.

Бекович-Черкасский зиёфат пайтида қўлга олиниб, боши танасидан жудо қилинади. Унинг териси шилиниб, Хиванинг бош дарвозасига қўғирчоқ тулум сифатида осиб қўйилади.

Кейинги воқеалар

Шерғози хоннинг айёрона ғалабаси Хива хонлиги аҳолиси томонидан кўтаринки руҳда нишонланган. Хон ғалабадан мақтаниш учун Бекович-Черкасский калласини Бухоро амирига совға сифатида юборган. Аммо амир Россия билан сиёсий-ҳарбий можарога аралашиб қолишдан чўчиб, совғани орқага қайтариб юборган.

Асирга олинган рус жангчилари Хива бозорларида қул қилиб сотилган. Улардан баъзилари қочишга муваффақ бўлган, баъзиларини кўп йиллардан сўнг қариндошлари сотиб олиб, қутқарган, баъзилари умрбод қулликда қолган.

Бекович-Черкасский отрядининг ҳалокати ҳақидаги хабарлар асирликдан қочган Хожи Нафас ва бир неча жангчилар томонидан Россияга етказилган. Шундан сўнг, унинг Каспий денгизи бўйида ва йўлда қолдирган жангчилари Астраханга қайтарилган.

Шерғози хон рус аскарларининг ҳалокати подшоҳни дарғазаб қилишини, мағлубият жавобсиз қолдирилмаслигини жуда яхши тушунган. У дипломатия йўли билан вазиятни юмшатишга уринган.

1720 йилда хон Увайс Муҳаммад бошчилигидаги элчиларни Пётр I олдига совға-саломлар билан жўнатган. У подшоҳ билан дўстона муносабатларни ўрнатиш, савдо-сотиқни ривожлантириш нияти борлигини, Бекович-Черкасский биринчи бўлиб ҳужум уюштирганини, ўзини ҳақорат қилганини, шундан сўнг унга қарши курашга мажбур бўлганини билдирган.

Хон тутқунликда 2 минг рус аскари тирик эканини ёзган. Бу билан уларнинг ҳаёти эвазига баъзи имтиёзларни қўлга киритишдан, жумладан, узрини қабул қилишларидан умидвор бўлган.

«Хива юриши» - Николай Каразин асари (runivers.ru)

Аммо 1721 йилда Петербургга етиб келган элчилар зудлик билан ҳибсга олинади. Увайс Муҳаммад Петропавловск қалъасига бадарға қилинади ва бир неча кундан кейин вафот этади. Элчиларнинг қолган қисми Рогервик шаҳрига сургун қилинади. Фақат бир элчи канцлер Головкин номидан ёзилган хат билан Хивага қайтариб юборилади. Унда тутқунликдаги рус асирларини зудлик билан озод қилиш талаби бўлган.

Хат таҳдид руҳида ёзилгани сабабли Шерғози хоннинг ғазабини қўзғайди. Тутқунликдан қочган асир Василий Иванов сўзларига кўра, Шерғози хатни оёғи билан топтаб ташлаган ва ёш болаларга ўйнаш учун бериб юборган.

1720 йилда денгиз офицерлари хатти-ҳаракатлари билан Каспий денгизининг янги, батафсил харитаси тузилади. Унда Амударёнинг тахминий ўзани йўқ эди. Бундан ташқари, ўша жойларга саёҳат қилган денгиз флоти лейтенанти В.Урусов ҳам бу ўзанни топмаган.

Шундан сўнг, Пётр I Каспийдан Амударёгача сув йўли бўлганига шубҳа қилади. Натижада, подшоҳ Амударёни Каспий денгизига буриб юбориш ва Марказий Осиёни ишғол қилиш фикридан қайтади. Бу режаларнинг барбод бўлишини тушуниш мумкин. Чунки Петербургда Хива ва Бухоро хонликларининг географияси, ички сиёсий аҳволи ҳақидаги маълумотлар жуда кам эди.

Каспий денгизи бўйларига рус денгизчилари ва аскарлари 1,5 асрдан кейин қайтишди. Аммо ўша пайтда Марказий Осиёга ҳужум йўналиши қозоқ даштлари орқали амалга оширилди.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид