Ўзбекистон | 17:40 / 24.11.2025
5029
2 дақиқада ўқилади

2026 йилда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари оширилади

Иссиқ сув ва иссиқлик тарифларининг оширилишига табиий газ, электр энергия, сув — учта асосий ресурс нархларининг ошиши сабаб бўлиши таъкидланмоқда.

Фото: Shutterstock

2026 йилда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари оширилади, деди «Иссиқликтаъминоти» АЖ бошқарув раиси Илҳом Тўраев Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирлиги томонидан эълон қилинган видеода.

Унинг қайд қилишича, иссиқ сув ва иссиқлик тарифларининг оширилишига табиий газ, электр энергия, сув — учта асосий ресурс нархларининг ошиши сабаб бўлади.

«Уларнинг нархига қараб ўзимизнинг нархларимизни қайта кўриб чиқишга мажбур бўламиз. Буни ҳар доим аҳолига оғирлиги тушмайдиган ҳолда қилишни режалаштирамиз», деди у.

Илҳом Тўраев тарифлар қанча миқдорда оширилишига аниқлик киритмади. Унинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш таннархини тушириш орқали иссиқлик таъминоти соҳасини субсидиялаш тўхтатилади.

«Бугунги кунда, бир гигакалория (Гкалл) иссиқ сув ишлаб чиқариш таннархи ҳудудлар кесимида ўртача 500 минг сўм бўлса, унинг 75-80 фоизи давлат томонидан субсидия сифатида қайтарилади. Бу инсонлар қийналмаслиги учун давлат тарафидан берилган бир енгиллик — субсидия. Қачонгача субсидияда қоламиз, қачон таннархга чиқамиз, деган савол туғилиши табиий. Мен аниқ айтаман: бизда ишлаб чиқариш таннархини туширган ҳолда субсидиядан чиқиб кетиш белгиланган. Тўғри, аҳолиники ҳам ошади, қанчадир миқдорда аҳолига ҳам юк тушади. Лекин биринчи навбатда бизнинг корхоналарнинг олдида қўйилган вазифа — бу ишлаб чиқариш таннархини тушириш», деди Илҳом Тўраев.

​Эслатиб ўтамиз, иссиқлик таъминоти учун давлат томонидан 2026 йилда 4,2 трлн сўм, 2027 йилда 4,7 трлн сўм субсидия берилиши кўзда тутилган. Мамлакатда 2030 йилгача иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини субсидиялашдан тўлиқ воз кечиш режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид