Жаҳон | 13:26 / 24.08.2021
25464
2 дақиқада ўқилади

Битта хўжаликда 26 минг бош қорамол: Беларуcдаги йирик фермадан репортаж

Минг-минглаб қорамол битта хўжаликда қандай боқилади? Буқалар кунига ўртача 1 кг вазн олишига қандай эришилади? Kun.uz мухбири Беларусга хизмат сафари давомида мамлакатдаги энг йирик сут-бўрдоқичилик хўжаликларидан бирида бўлиб, шу каби саволларга жавоб излади.

“Парохонское” очиқ акциядорлик жамияти Брест области, Пинск районида жойлашган бўлиб, сут ва гўшт етиштириш борасида йирик корхона ҳисобланади ва Пинск гўшт комбинатига гўшт етказиб беради.

Биз борган мажмуада ишлар жуда тартиб билан йўлга қўйилгани эътиборимизни тортди.

Виктор Левша

Хўжалик директори ўринбосари Виктор Левшага кўра, корхонада бир вақтнинг ўзида 26 минг бош қорамол боқилади. Унинг 5200 боши соғин сигирлар, 14-15 минг боши бўрдоқига боқиладиган буқалар ва қолгани ғунажиндир.

“Биз турган мажмуада 5700 бош буқа бор. Бу ерга буқачалар 3 ойлик вақтида келтирилади ва тирик вазни 500-580 кг бўлгунча боқилиб, сўйишга жўнатилади. Туғилишдан то гўштга топширгунча 16-17 ой ўтади. Буқалар кунига ўртача 1 кг вазн олади”, – дейди Виктор Левша.

Ушбу корхона мамлакатда етакчи ҳисобланиб, бир йилда 7 минг 200 тонна гўшт етказиб беради. Кунига 120 тонна сут соғиб олинади. Бир ойда 800-900 бош буқа гўштга топширилади.

Биз хўжалик директор ўринбосаридан қорамолларни қандай ва нима билан боқишини сўрадик.

“Асосан бошоқли аралашмалар берамиз. Бошоқли ўсимликларни ботқоқликларда етиштирамиз. Бундан ташқари, маккажўхори силоси, ўз цехимизда углевод ва оқсиллар билан бойитилган аралаш донли емлар ҳам берилади”, – деди Виктор Левша.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид