Ўзбекистон | 19:13 / 24.03.2026
6448
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган стадионни кўздан кечирди

55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади, 5,5 минг ўринли автотураргоҳ қурилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 24 март куни Янги Тошкентда барпо этилаётган йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадионининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Ўйингоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. Жумладан, ерни текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари 95 фоизга бажарилган. Қурилиш жойига металл-конструкция материаллари босқичма-босқич келтирилмоқда.

Ўтган йили ФИФА Кенгаши футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбойжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди. Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва яримфинал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади. Қиймати 100 миллион долларлик Янги Тошкент стадиони шу мақсадда қурилмоқда.

Давлат раҳбарига қурилиш жараёни ҳақда батафсил маълумот берилди.

55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади. 5,5 минг ўринли автотураргоҳ қурилади.

Президент бундай катта сиғимли ёпиқ стадион мамлакатимизда илк бор бунёд этилаётгани учун ҳар бир жиҳатга аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Стадион атрофини ободонлаштириш ишларини ҳозирдан режалаштириб, босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги қайд этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид