Ўзбекистон | 08:20 / 07.10.2024
2101
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Ўзбекистонга янги турдаги банкомат ускуналарини етказиб беради

12-15 октябрь кунлари АҚШда НСР компаниясининг янги маҳсулотларнинг тақдимоти бўлиб ўтади ва бу каби янги инновацион имкониятларни биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда татбиқ этиш режалаштирилган.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Spectrum компанияси директори Жозеф Ковач билан учрашув ўтказди.

Унда Spectrum компанияси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар портфелини кенгайтириш ва жорий октябр ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган  Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумига тайёргарликнинг бориши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Жозеф Ковачнинг айтишича, ҳозирда ушбу компания Ўзбекистонга янги турдаги банкомат ускуналарини етказиб бериш бўйича лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. "12-15 октябрь кунлари АҚШда НСР компаниясининг янги маҳсулотларнинг тақдимоти бўлиб ўтади ва бу каби янги инновацион имкониятларни биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда татбиқ этиш режалаштирилган", деди у.

У, шунингдек, Ўзбекистонда "Картошкачилик маркази"ни ташкил этиш бўйича ишлар қизғин кечаётганини билдирди. Қайд этилишича, компания мутахассислари тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Венгрия картошка навларини экиб, тадқиқот натижаларини кутмоқда.  Шунингдек, Spectrum компанияси раҳбари янги йўналишлардан бири бўлган балиқчилик соҳасида ҳам ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Томонлар жорий октябр ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтиши  режалаштирилган бизнес-форумга Будапешт Савдо-саноат палатаси билан биргаликда Венгриянинг етакчи тадбиркорларини жалб қилиш ва тадбирни юқори даражада ўтказишга барча куч ҳамда имкониятларни сафарбар этишга келишиб олдилар. 

Мавзуга оид