Ўзбекистон | 08:59 / 09.08.2021
10950
3 дақиқада ўқилади

Чорвоқ сув омбори атрофида мол боқиш тақиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвоқ сув омбори атрофидаги тоғ ва тоғолди ҳудудларда ўсимлик қопламининг қисқаришини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Фото: m1r.su

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмати маркази, Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги, Фанлар академияси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

  • Чорвоқ сув омбори атрофи ва унга туташ ҳудудлардаги барча тоифадаги ерларда ўрмон билан қопланган ва ўрмон барпо қилиш мумкин бўлган майдонларни хатловдан ўтказиш, хатлов натижаси асосида белгиланган тартибда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўрмон фонди ерлари тоифасига ўтказиш ҳамда чорва молларининг боқилишини тақиқлаш;
  • Чорвоқ сув омбори атрофи ва унга туташ ҳудудларда ерлар деградациясининг олдини олиш, кучли шамол ва чангли бўронлар таъсирини юмшатувчи иҳота дарахтзорларини барпо этиш;
  • геоахборот технологиялари, шу жумладан, ерни масофадан зондлаш ва космик мониторинг технологиясини кенг жорий этган ҳолда, ўрмон фондининг ҳаётий даври ҳақидаги аниқ ва доимий маълумотларни таҳлил қилиш, ўрмон фонди деградацияси ва ўрмонларнинг ноқонуний кесилишини аниқлаш ва назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш;
  • аҳоли яшайдиган ва махсус туристик зона ҳисобланган тоғ ва тоғ олди ҳудудларида табиий омиллар таъсирини юмшатиш, ерлар деградациясининг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳофазаси ва уларни қайта тиклаш бўйича илмий ечимларни аниқлаш ҳамда янги технологияларни жорий қилишга қаратилган фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни танлов асосида ташкил этиш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Чорвоқ сув омбори ҳамда унинг атрофидаги тоғ ва тоғолди ҳудудларида ўсимлик қоплами қисқаришининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди:

  • тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўрмонлаштириш ҳамда ер эрозиясининг олдини олиш бўйича маҳаллий флора таркибида учрайдиган дарахт ва буталар сонини кўпайтириш;
  • кучли шамол ва чангли бўронлар таъсирини юмшатувчи иҳота дарахтзорларини барпо этиш;
  • чорва молларининг боқилиш ҳудудлари ва чиқинди зоналарини тартибга солиш;
  • ўсимлик қопламининг қисқаришига таъсир этувчи тизимли омилларни ўрганишга қаратилган кенг кўламдаги илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини асраш;
  • кўкаламзорлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид