Forbes дунёдаги энг йирик олтин қазиб олувчи давлатлар ўнлигини эълон қилди. Рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор
2020 йилдаги энг кўп олтин қазиб олган давлатлар рўйхатида Хитой пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистонда 2020 йилда 101,6 тонна олтин қазиб олинган. Бу кўрсаткич билан республика қимматбаҳо металл қазиб олиш бўйича дунёда 8-ўринни эгаллаган.
Олтин дунёдаги энг ноёб элементлардан бири ҳисобланади. Бутунжаҳон олтин кенгаши (WGC) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ўтган 2020 йилда 3 минг 478 тонна(122,7 миллион унция) олтин қазиб олинган. Бу кўрсаткич 2 йилдан бери кетма кет пасаймоқда.
Шу билан бир қаторда улкан ресурсларга эга бўлган олтин конларининг топилиши ҳам йилдан йилга камаймоқда. Масалан, Жанубий Африка Республикаси 1970 йилда 1000 тоннадан зиёд олтин қазиб олган ва дунёда етакчи мамлакат бўлган бўлса, ўтган йилда бу давлат энг яхши олтин қазиб олувчилар Топ-10 лигидан ҳам чиқиб кетди.
Ҳозирги пайтда дунёда қайси давлатлар қимматбаҳо металл қазиб олиш бўйича етакчилик қилмоқда? Forbes олтин қазиб олишда етакчи бўлган мамлакатлар Топ-10 талигини эълон қилди.
1. Хитой - 368,3 тонна
Кўп йиллардан бери Хитой олтин ишлаб чиқариш бўйича етакчиликни сақлаб қолаётган бўлса-да, кетма-кет 4 йилдан бери қимматбаҳо металл қазиб олиш кўрсаткичлари пасаймоқда. Хусусан, 2020 йилда бу ерда 368 минг тонна олтин қазиб олинган. Таққослаш учун, бу рақамлар 2019 йилда 383 тоннадан иборат эди. Олтин қазиб олишнинг пасайиши асосан, ҳукумат томонидан қўлланилаётган қаттиқ экологик сиёсат билан боғлиқлиги айтилмоқда. Масалан, олтин қазиб олинадиган конларда сияниддан фойдаланиш устидан қатъий назоратнинг ўрнатилиши бир неча операцияларни тўхтатишга мажбур қилган. Шундай бўлса-да ўтган йилда бутун дунёдаги қазиб олинган олтиннинг 11 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган.
2. Россия - 331,1 тонна
Европадаги олтиннинг катта қисми 2010 йилдан бери ҳар йили ишлаб чиқаришни кўпайтириб келаётган Россия ҳиссасига тўғри келади. 2019 йилда Россия ҳатто Австралиядан ошиб, дунёдаги иккинчи йирик ишлаб чиқарувчига айланди. Россия ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқарилган олтиннинг учдан икки қисмини сотиб олади.
3. Австралия - 327,8 тонна
Австралияда саккиз йилдан бери кетма-кет ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда. Минерал моддалар саноати Австралия умумий экспортининг ярмидан кўпини, умумий ЯИМнинг тахминан 8 фоизини ташкил қилади. Морганс тоғи ва Кадиа водийси каби ҳудудларда бир нечта лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани ишлаб чиқариш ҳажмининг сезиларли миқдорида ошишига замин яратди.
4. Америка Қўшма Штатлари - 190,2 тонна
Сўнгги йилларда АҚШда олтин қазиб олиш ҳажми 200 тоннадан пастга тушиб кетди. 2019 йилда бошланган пасайиш 2020 йилда ҳам яна давом этди. АҚШда ишлаб чиқарилган олтиннинг 80 фоизга яқини Невада конидан қазиб олинади. Мутахассислар Невада алоҳида давлат бўлганда ҳам Топ-10 ликка киришини таъкидлашади.
5. Канада - 170,6 тонна
Тўрт йилдан буён Канада бешинчи ўринни эгаллаб турибди, ҳатто 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 12 тонна кам олдин қазиб олганига қарамасдан ҳам. Мамлакатнинг энг йирик олтин кони Yamana Gold вa Agnico Eagle компанияларига тегишли бўлган Санадиан Малартис ҳисобланади.
6. Гана - 138,7 тонна
Бугунги кунда Гана Африканинг энг йирик олтин ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Бу борада у 2019 йилда биринчи марта Жанубий Африка Республикасини ортда қолдирди.
AngloGold Ashanti вa Gold Fields каби саноат йўналишида катта салоҳиятга эга бўлган компаниялар ҳам ишлаб чиқариш жараёнини ушбу давлатда амалга оширишни бошлади.
7. Бразилия - 107 тонна
2019 йилда 10 - поғонада бўлган Бразилия рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлаб олди. Охирги уч йил давомида мамлакатда қимматбаҳо металл қазиб олиш кескин ошди. Сўнгги олти йил ичида Амазонка ўрмонларида ноқонуний қазиб олиш фаолияти ҳам кескин кўпайди. Бунга мамлакат президенти Жаир Болсонаронинг аҳолини Амазонкани иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга ва унинг минерал бойликларидан фойдаланишга ундаётгани билан изоҳлаш мумкин.
8. Ўзбекистон - 101,6 тонна
2020 йилда Ўзбекистонда биринчи марта 100 тоннадан зиёд (101,6 тонна) олтин қазиб олинди. Бу орқали Ўзбекистон бутунжаҳон рейтингида 8-ўринни эгаллаб турган Перунинг ўрнини эгаллади. Таққослаш учун, 2019 йилда Ўзбекистон 94,6 тонна олтин қазиб олган эди. Шунингдек, нашр «Мурунтов» конида дунёдаги энг катта ҳажмдаги олтин захиралари жойлашган бўлиши мумкинлигига ҳам эътибор қаратган.
9. Мексика - 101,6 тонна
Гарчи ишлаб чиқариш беш йилдан бери камаяётганлигига қарамай, Мексика рақобатдош олтин ишлаб чиқарувчиси бўлиб қолмоқда. Мамлакатда йиллик олтин қазиб олиш 2008 йилда атиги 50,8 тоннани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилда 131 тоннагача кўтарилган.
10. Индонезия - 100,9 тонна
Индонезияда дунёдаги иккинчи энг йирик олтин кони Грасберг жойлашган бўлиб, у PT Freeport Indonesia томонидан бошқарилади ва 20 мингга яқин ишчи ишлайди. Тинч океанининг жанубий қисмидаги ушбу мамлакат глобал олтин таъминотининг 3 фоизи миқдорида қимматбаҳо металл ишлаб чиқаради.
Аввалроқ, Kitco компанияси томонидан эълон қилинган рейтингда Навоий вилоятида жойлашган «Мурунтов» энг катта олтин кони сифатида эътироф этилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон сўнгги 10 йил давомида хорижга 687 тонна олтин сотган.
Мавзуга оид
14:31 / 08.08.2024
Ўзбекистоннинг расмий захиралари рекорд миқдор – 37,4 млрд долларга етди
14:33 / 22.07.2024
Газ сотиш 24 баробарга ошди, олтин экспорти тўхтади, Россия ва Хитойга боғлиқлик ортиб боряпти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи
07:50 / 19.07.2024
11 минг долларга соф қуйма олтин бўлагини сотаётган шахслар ушланди
14:00 / 14.07.2024