Ўзбекистон | 11:59 / 20.11.2024
10595
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарасидан ID-карта орқали ўтиш мумкин бўлади

Ҳозирги вақтда фуқаролар Қирғизистонга ID-карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтяпти.

Мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир.

Шу мақсадда президент Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади. Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади.

Ҳозирги вақтда фуқаролар Қирғизистонга ID-карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Президент фурсатдан фойдаланиб, бугунги йиғилишда иштирок этаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини қутлади, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётгани, ҳудудларга чиқиб, янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, ўз давлатларидаги тажрибалар билан ўртоқлашаётгани учун халқ номидан миннатдорлик билдирди.

Мавзуга оид