Жамият | 22:26 / 14.03.2026
1316
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда СССР паспорти билан юрган аёлга ID карта берилди

Аёл узоқ вақт давомида эътиборсизлик ҳамда оилавий шарт-шароитларнинг етарли даражада бўлмаганлиги сабабли собиқ иттифоқ — СССР паспорти билан яшаб келган.

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган “СССРнинг сўнгги фуқароси Самарқандда яшамоқда” сарлавҳали материал юзасидан расмий муносабат берди.

Унга кўра, 1972 йилда Нурота туманида туғилган Онархол Кубаева Қўшработ тумани «Қувкалла» маҳалласида истиқомат қилиб, 1992 йилда Пайариқ тумани «Накурт» маҳалласига келин бўлиб тушган.

Аёл узоқ вақт давомида эътиборсизлик ҳамда оилавий шарт-шароитларнинг етарли даражада бўлмаганлиги сабабли собиқ иттифоқ — СССР паспорти билан яшаб келган.

Аниқланишича, O. Кубаева мазкур масала бўйича тегишли идораларга мурожаат қилмаганлиги сабабли унинг паспорти Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортига алмаштирилмаган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Қўшработ ва Пайариқ туман адлия бўлимлари ва Пайариқ туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан зарур чоралар кўрилиб, 14 март куни O. Кубаевага Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ИД-картаси расмийлаштириб берилди”, дейилади вазирлик муносабатида.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид