Ўзбекистон | 19:55
1191
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ID-картани қандай олиш мумкин?

ID-карта — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи асосий ҳужжат. Қуйида уни қандай олиш мумкинлиги, нархи, қандай ҳужжатлар керак бўлиши, йўқотилган тақдирда нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот берамиз.

ID-карта билан паспортнинг қандай фарқи бор?

ID-карта — Ўзбекистон ҳудудида эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган, карта кўринишидаги ҳужжат. Унда сизнинг шахсий ва биометрик (бармоқ излари, фото) маълумотларингиз киритилган чип бўлади. ID-карта юзасида паспортдаги каби маълумотлар бўлмайди. Масалан, яшаш жойи ҳақидаги маълумот. Маълумотлар чипда бўлади.

ID-карта намунаси

Биометрик паспорт — бу ҳам Ўзбекистон ҳудудида эгасининг шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат. Фақат у кичик яшил китобча шаклида бўлади. Унда ҳам шахсий ва биометрик маълумотларни ўз ичига олган чип мавжуд. Саҳифаларида доимий рўйхатдан ўтган манзил, туғилган жойи, миллати ва паспорт берилган жой кўрсатилади.

паспорт намунаси

ID-картани қачон олиш керак?

Биринчи ID-карта 16 ёшда олинади. Аммо картани олиш учун бундан бошқа ҳолатлар ҳам бор:

  • 16 ёшга тўлганда (18 ёшгача олиш мумкин. Бунинг учун жарима қўлланилмайди. Лекин усиз айрим таълим даргоҳларига кириш, банкда ҳисоб очиш, давлат хизматларида рўйхатдан ўтиш, SIM-карта олиш имкони бўлмайди)
  • ID-карта муддати тугаганида.
  • Паспорт муддати тугаганида.
  • ID-карта йўқотиб қўйилганида ёки яроқсиз ҳолга келганида.
  • Исм-шариф, миллат, туғилган сана ўзгартирилганида.
  • ID-картадаги маълумотларда хато аниқланганида.
  • Ўзбекистон фуқаролиги олинганида.
  • Карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида.

ID-карта бир ой муддатда расмийлаштирилиши лозим.

ID-карта олиш нархи қанча?

Бу ариза бериш усулига боғлиқ:

  • 330 012 сўм (БҲМнинг 80.1%и) my.gov орқали ариза берилганида
  • 366 680 сум БҲМнинг (89%и) — Миграция бўлими, Давлат хизматлари маркази ёки консуллик орқали ариза берилганида

БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори) 2025 йил 1 августдан — 412 000 сўм.

Агар ID-картада хатолик бўлса, у бепул алмаштириб берилади.

ID-карта олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

ID-карта олиш учун қуйидагилар керак:

  • Ариза — мурожаат жойида ёки my.gov.uz орқали онлайн
my.gov орқали ID-карта олиш учун ариза бериш хизмати
  • Бож тўлови. Мурожаат жойида ёки онлайн. (Онлайн тўланганида квитанция шарт эмас.)

Бунга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлардан бири керак бўлади:

  • Туғилганлик ҳақида гувоҳнома — биринчи марта олинганида.
  • Шахсни тасдиқловчи эски гувоҳнома — янгисига алмаштирилаётганда.
  • Исм, фамилия, ота исми ёки туғилган сана ўзгарганда бу ўзгаришларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар.
  • Агар ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилган бўлса, мутасадди органнинг қарори.

Биринчи марта олинаётганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва давлат божини тўлаш кифоя.

Онлайн ариза қандай берилади?

my.gov.uz орқали онлайн ариза бериш ва давлат божини тўлаш мумкин. Бу қуйидагича амалга оширилади:

my.gov порталида рўйхатдан ўтиш ёки кириш

my.gov.uz – ЯИДХП (Ягона интерактив давлат хизматлари портали)

my.gov бош саҳифаси

Ариза бериш

Рўйхатдан маълумотларни топшириш учун қулай жой ва санани танлаш, хабарномалар олиш учун телефон рақамини кўрсатиш мумкин. Тайёр ID-картани ҳам ўша жойдан оласиз.

my.gov орқали ID-карта олиш учун аризанинг биринчи қисми

Маълумотлар қуйидаги жойларда йиғилади:

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (паспорт стол).

  • Давлат хизматлари маркази.

Хизмат учун тўлов

my.gov орқали ID-карта олиш учун тўлов инвойси олиш

Инвойс – бу хизматга тўлов қилиш учун расмий сўров. Хизмат ҳақидаги барча маълумотларни ўз ичига олади.

Агар биринчи марта ариза бераётган бўлсангиз, Янги инвойс олиш ни танланг. Тўлов қилиш учун аризангиз инвойс рақами ёзилган ойна очилади.

my.gov да хизмат учун тўлов ойнаси

Тўловни қуйидаги усуллар билан амалга ошириш мумкин:

  • QR-код. Тўлов иловаси орқали ариза саҳифасида сканерланг.
  • my.gov иловаси орқали картада тўлаш учун СМСдаги инвойс. Тўлашдан олдин СМСдаги рақамни ва инвойс рақамини текширинг.
  • Рўйхатдаги тўлов иловалари орқали картадан пул тўлаш. Барча реквизитлар инвойс рақами ёнида кўрсатилган бўлади.
  • Кейинчалик тўлаш.

Тўловни кейинга қолдиришингиз мумкин. Инвойс 30 кун амал қилади. Тўловсиз ариза қабул қилинмайди. Ариза ҳолатини my.gov порталидаги Аризалар бўлимида кўриш мумкин.

Маълумотлар йиғиш жойига бориш ва тайёр ID-картани олиш

Бу ерда ташқи кўринишингиз ва шахсингиз тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Ҳужжат тайёр бўлгани ҳақида 1 иш кунида хабар қиилнади.

ID-карта қачон тайёр бўлади?

ID-карта барча маълумотлар йиғилганидан сўнг 1 иш кунида тайёр бўлади.

Ариза тўғри тақдим этилиши, тўлов ва маълумотлар йиғиш каби ҳаракатлар ҳам вақтни олади. Масалан, маълумотлар жума куни топширилганида ID-карта душанба куни тайёр бўлади. Шунинг учун ID-карта олишга 2 кундан ортиқ вақт кетади.

ID-карта йўқотиб қўйилганда ёки шикастланганида нима қилиш керак?

ID-карта йўқотиб қўйилганда ёки шикастланганида қайта расмийлаштирилади. Бунинг учун қуйидагилар амалга оширилади:

  • Ариза бериш. Бунда янги ID-карта олиш сабаби маълум қилинади, у ўғирланмагани ёки учинчи шахсларга берилмагани кўрсатилади.
  • Жарима тўлаш

412 000 сўм (БҲМнинг 1 баравари) — биринчи марта йўқотилганида ёки шикастланганида.

2 060 000 сўм (БҲМнинг 5 баравари) — бу ҳолат бир йил ичида қайта содир этилганида.

Жарима 15 кун ичида тўланса 50% чегирма бўлади.

Эски паспорт амал қиладими?

Паспорт ичида кўрсатилган муддат тугагунига қадар амал қилади. Ушбу муддат тугагандан сўнг бир ой ичида алмаштириш керак.

Барча биометрик паспортлар 2030 йил 31 декабрга қадар ID-карталарга алмаштирилиши шарт, ушбу муддатдан кейин улар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Эски паспорт ёки ID-карта билан юрганлик учун жарима:

206 000 сўм (БҲМнинг 0.5 баравари)

1 236 000 сўм (БҲМнинг 3 баравари) — бир йил ичида такроран содир этилса.

Жарима 15 кун ичида тўланса 50% чегирма бўлади.

ID-картанинг амал қилиш муддати эгасининг ёшига боғлиқ:

  • 10 йил — 16 ёшдан бошлаб олган шахс учун
  • 5 йил — 1 ёшдан 16 ёшгача олган шахс учун
  • 2 йил — 1 ёшгача олганда

Қандай ҳолларда ID-карта муддати ўтиб кетиши ёки йўқотилиши ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди?

Қуйидаги ҳолларда карта муддати ўтиб кетиши ёки йўқотилиши ҳуқуқбузарлик эмас:

  • 18 ёшдан кичик бўлганда.
  • 60 ёшдан катта бўлганда.
  • Кимдир ID-картага шикаст етказган ёки уни ўғирлаганда.
  • Тўлиқ давлат таъминотида бўлганда.
  • Ёнғин, табиий офатлардан жабрланганда.
  • ID-карта хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариш чоғида йўқотилганда.
  • ID-картанинг амал қилиш муддати суд қарори билан тўхтатилганида.
  • Эгаси махсус муассасада жазо ўтаган ва жазо муддати тугаганидан сўнг бир ой ичида янги ID-карта олишга ариза берганда.

Хулоса

Карта барча маълумотлар топширилгандан кейин 1 иш куни ичида тайёрланади. Аммо ариза топшириш ва тўловни ҳисобга олганда, бунга камида 2 кун кетади.

Онлайн тўлаш арзонроқ. my.gov орқали топширилганда тўлов миқдори 330 012 сўмни ташкил этади. ДХМ ёки паспорт столи орқали тўланганда эса 366 680 сўм.

Агар картани йўқотиб қўйсангиз ёки уни яроқсиз ҳолга келтирсангиз, янги ID-карта учун тўловдан ташқари 412 000 сўм (БҲМнинг 1 баравари) миқдорида жарима ҳам тўлашга тўғри келади.

15 кун ичида жариманинг ярмини тўлаш мумкин.

ID-карта олишни кечиктирманг. 16 ёшга тўлгандан кейин ёки эски паспортнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг берилган бир ой муддат тез ўтиб кетади, эътиборсизлик учун жарима тўлаш эса ёқимсиз бўлади.

Мавзуга оид