Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Академик эркинликнинг йўқлиги жамият ривожига салбий таъсир қилади” – Калифорния университетидаги ўзбек профессори билан суҳбат
«30 йилдан буён АҚШда ишлаётган бўлсам, бирорта вазир ёки амалдор иш буюрмади. Давлат олимлар учун грантлар ажратади, лекин илмий фаолиятга аралашмайди. Олимлар қиладиган ишларни эса бозор белгилаб беради”, — дейди АҚШдаги Калифорния университети профессори Шароф Тўғизов. Олимнинг фикрича, университетларга берилаётган академик эркинлик – “совет” тизимида қолиб кетган Ўзбекистондаги илмий изланишлар тизимини жаҳон даражасига яқинлаштириши мумкин.
Фото: KUN.UZ
Kun.uz мухбири АҚШга сафари давомида Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, асли ўзбекистонлик Шароф Тўғизов билан суҳбатлашди. 90 йиллардаги турғунлик ва илм-фанга эътиборсизлик ортидан АҚШга кетган ёш олим, у ерда ўз фаолиятини қайтадан бошлайди ҳамда бугунга келиб вирусология ва юқумли касалликлар соҳаси бўйича биология фанлари доктори, профессор даражасига етган. Шароф Тўғизов, шунингдек, шифокор – вирусолог, генно-инженер олим бўлиб, университетнинг Сан-Францискодаги бўлимида ишлайди. Ўнлаб халқаро конференцияларда чиқиш қилган, шунингдек кўплаб илмий ишлар муаллифи ҳисобланади.
— Шароф ака, аввало АҚШга келишингиз, бу ерда илмий фаолиятингиз ва қандай профессорликка даражасига қандай эришганингиз ҳақида айтиб берсангиз?
— Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилганман. Олий таълимни ҳам Ўзбекистонда тамомлаганман. 1981 йилда аспирантурани ўқиш учун Москвага кетганман ва ўша ерда докторантурани ҳам ўқидим.
1991 йилда Москвада вирусология бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўша пайтда гепатит Б бўйича тадқиқот олиб бораётган эдик. Мени Германия ва Америкага таклиф қилишди. Калифорния университетидан борган профессор мени алоҳида таклиф билдирди. Ўзи ўша 1991 йилда Совет иттифоқидаги кўплаб олимлар бошқа жойларга кетаётган эди. Мен ҳам расмий таклиф бўлгач ўша конференциядан 6 ой ўтиб Калифорнияга келдим. Иттифоқ тарқагач, биз изланиш қилаётган ишга пул ажратилмай қўйди, ишлар тўхтади, кейин мен ҳам Америкада қолдим.
Америкага келганимда докторлик даражам бор эди. Лекин бу ерда карьерани қайта бошлашга тўғри келди деярли, чунки бу ерда тизим бошқача.
— Университет ва бу ердаги фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Калифорния университети анча катта. 10 та шаҳарда филиал-бўлимлари мавжуд. Сан-Францискодаги бизнинг бўлим фақат тиббиётга ихтисослашган. Бу ерда шифокорлар тайёрлашдан ташқари илмий изланишлар ҳам олиб борилади, бу борада дунёда машҳур. Умумий Калифорния университетида 150 минг атрофида ўқитувчи-ходимлар ишлайди, бизнинг бўлимда эса 27 минг нафар ходим бор. Ўзим вирусология бўйича касаллик чақирувчи вирусларнинг қандай ишлаши, функцияларини ўрганаман. Лабораторияда қўл остимда 5-6 та ходим ишлайди, грантлар кўпайганда 15 тагача ходимим бўлади. Бу ерда фақат ўқитувчилик бўлмайди, илмий изланишлар олиб бориш керак, бўлмаса университет ушлаб турмайди.
— Калифорния университетига талабаларни қабул қилиш тартиби қандай? Тўловлар-чи?
— Бу ерда ўқиш тўлиқ пулли ва жуда қиммат. Агар талаба иқтидорли, билимли бўлса, давлат грантлари, махсус дастурлари бор. Тиббиёт йўналишидаги талабаларнинг тўлов контракти миқдори соҳасига қараб 30-50 минг доллар оралиғида бўлади.

— Олий таълимдан кейинги илмий фаолият олиб бориш, илмий даража олиш кабиларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида қандай фарқлар бор?
— Охирги вақтларда Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар, янгиланишлар бўляпти. Ўзбекистон ҳам бошқа постсовет давлатлари каби бозор иқтисодиётига ўтмоқчи бўляпти, аммо ҳали тўлиқ ўтолганича йўқ. Энг катта фарқ ҳам шу. Таълим ва бошқа соҳалар ҳам шунга боғлиқ бўлади. Ўзбекистон таълими ҳали ҳам советча тизимда ишлаяпти. Сўнгги йиллардаги энг муҳим янгиликлардан бири маълум университетларга академик эркинлик бериш бўлди. Агар шу нарса тўлиқ амалга ошса, Ўзбекистондаги илмий изланишлар олиб бориш тизими АҚШга яқинлашади.
Бир неча асрлар олдин дунёда биринчи университетлар ташкил топган пайтда илмий изланишлар, тарих ёзиш устидан монархлар назорат ўрнатган. Бундан ташқари, черков ҳам тақиқлар қўйган илмий фаолиятга. Ана шундан маълум бўла бошлаганки: таълим ва илм босимларсиз ривожланиши мумкин. 15-асрда академик эркинлик тушунчаси кириб келган. 17-асрда эса Вилгелм фон Ҳумболд Германияда шуни йўлга қўйган.
Иккинчи принцип эса илмий ишлар натижа асосида бўлиши. 18-асрга келиб кўпчилик Америка университетлари академик эркинликни йўлга қўйди.
Университетлар давлатга нисбатан автоном бўлиши керак. Яъни академик эркинлик бўлиб, ички қоидалар, демократик принциплар бўлиши керак. Америкада университет ичида ҳам автономлик бор. Дейлик, бирорта илмий бўлим, лабораториянинг ўз бюджети, принциплари бор. Ишга олиш жараёнида ҳам ректорлар ишга ололмайди, махсус комиссия ишга қабул қилади. Ишдан олиш ҳам худди шундай. Демократия мана шундай қийин нарса. Бу ерда талабалар университетнинг биринчи даражали одами. Ўқитувчи-ходимлар талабага хизмат қилади. Уларга ҳам академик эркинлик берилган.
Илмий ходимлар, профессорларга катта эркинлик мавжуд. Қанақадир конференция ташкил этиш, чиқишлар қилиш, илмий хулоса бериш ва шу каби нарсаларга ҳеч кимдан рухсат сўраб ўтирмайди. Ўзбекистонда бошқачароқ, бир-бирининг устидан назорат қилиб туради, академик эркинлик йўқ. 30 йилдан ортиқ вақт шу ерда ишлаган бўлсам, ҳали бирорта вазир ё бошқа амалдор шундай деди, қилиш керак, деган гапни эшитганим йўқ.
Давлат аралашуви бўлмайди. Фаолиятни, қилиниши керак бўлган ишларни бозор белгилаб беради. Давлат грант ажратиб беради, холос, жараёнга, илмий фаолиятларга аралашмайди. Ўзбекистондаги баъзи олимлар академик эркинлик дегани ўзинг маблағ топишинг керак деб тушуняпти. Йўқ, ундай эмас, давлат пул беради, лекин фаолиятга аралашмайди. Америкадаги хусусий сектор университетлари ҳам давлатдан грантлари олади.
Давлат аралашмаса, ҳар хил номақбул ишлар бўлади, дейишади. Шунинг учун ҳам университетлар ичида демократик принциплар ишлаши керак. Америкада шундай. Яъни демократия йўқ жойда академик эркинлик бўлмайди.
— Ўзбекистондаги илмий муҳитда мана шундай академик эркинлик ва демократик принципларни жорий қилиш учун нима тўсқинлик қиляпти?
— Менимча, тарихий омиллар тўсқинлик қиляпти. Ғарбда мана 200 йилдан ортиқ академик эркинлик ривожланиб келяпти. Шарқда эса бу нарса бўлмади тарихда. Тарихан таълим ва илм кимнингдир назоратида бўлиб келади у ерда. Ғарбда университетларнинг эркинлиги эркин фикрлашга олиб келди. Эркин фикрлаш бу — катта нарса. Бу нарса демократияни ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Ўрта Осиёда академик эркинликнинг ўзи йўқ эди, боз устига эса руслар босиб олди, улар ҳам ҳеч қачон бу нарса бўлмаган. Академик эркинлик бўлмаслиги жамият ривожига салбий таъсир қилади. Америкада ҳатто мактабларда эркинлик бор. Эркинлик бўлмаган жойда истеъдодни кўрсатиб бўлмайди, шу бир тизимда ишлайверади киши.
Таълим ва илмни сиёсийлаштириш бор эди собиқ иттифоқда. Ва унинг таркибидаги барча давлатлар фуқароларида шу нарса шаклланганди. Масалан, собиқ иттифоқ даврида ген теорияси масаласида кўп олимлар қамалиб кетган эди. Фан сиёсатдан ташқарида бўлиши керак. Агар шундай бўлса, давлатда эркин фикрловчи экспертлар пайдо бўлади. Шундай одамлар жамиятни ривожлантиради. Америка университетларининг принципи ҳам бутун башарият муаммоларини ечишга қаратилган.
Собиқ иттифоқда иқтисодчилар гапиролмади, сиёсатчилар гапиролмади, олимлар эркин бўлмади ва натижада инқирозга учради. Иттифоқ тугагандан кейин ҳам шу вазият қоляпти. Чунки, мамлакатларда эркин фикрловчи мутахассислар йўқ. Сиёсат юритаётганларга тўғри йўл кўрсатиш учун мамлакатда эркин фикрловчи экспертлар муҳити бўлиши керак.
— Бу эркинликлар кўпинча мутахассисларнинг молиявий мустақиллигига ҳам боғлиқ бўлади. Чунки шахсий ва оилавий таъминот инсон учун муҳим. АҚШда тиббиёт соҳасидаги профессор олимларнинг даромади қанча?
— Бу борада яширадиган нарса йўқ. Очиқ платформалар ҳам бор даромад статистикаси бўйича. Охирги йилларда шундай бўляптики, ўқитувчиликда йиллик даромад 100 минг доллар атрофида бўлиши мумкин. Илмий иш қилинса, бу даромад 2-3 баробар ошади. Университетларга ҳам боғлиқ бу нарса. Университетларда лойиҳа, илмий ишларнинг ишлаб чиқаришини йўлга қўйиши мумкин эмас, компанияларга сотилади. Университетлар доирасида олимларда пулга қизиқиб кетиш бўлмаслиги керак, шу жиҳатдан бу тўғри деб биламан.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
19-март, 2023 йил
Сан-Франсиско шаҳри, Калифорния. АҚШ
Мавзуга оид
14:26 / 20.12.2025
Путин: АҚШ Аляскада таклиф қилган муросаларга рози бўлдик
09:41 / 20.12.2025
АҚШ Сурияда ИШИД объектларига зарба берди
07:52 / 20.12.2025
Пентагоннинг ички ҳужжати: Хитой АҚШ денгиз устунлигига қандай чақириқ ташламоқда?
13:32 / 19.12.2025