Ўзбекистон | 09:28 / 23.10.2023
20121
6 дақиқада ўқилади

Пулли курслар келтирадиган муаммолар: Жанубий Корея тажрибаси бизга ўрнак бўлиши керак

Ўзбекистонда боғча ёшидан бошлаб болалар, математика, инглиз тили каби тўгаракларга боришни бошлаши одатий ҳолга айланди. Мактаб ёшидагилар бу каби қўшимча таълимни бошлаб юборганига анча бўлган. Айниқса, мактабнинг битирувчи синфидагилар олий ўқув юрти имтиҳонларини «репетитор»сиз топшира олишларига ишонмайди.

Фото: Depositphotos

Аслида, фарзандларимиз қўшимча дарслар олаётгани жуда ҳам яхши. Аммо бу ҳолнинг мактабдаги таълим, ота-оналарнинг иқтисодий аҳволи ва давлатнинг ижтимоий ҳолатига узоқ муддатли таъсирларини ўрганиб чиқсак, анчагина салбий.

Келинг, буни бошидан кечирган Жанубий Корея мисолида кўриб чиқсак.

Статистик маълумотларга қараганда, 2009 йил ҳолатига кўра корейс бошланғич мактабларидаги 87 фоиз ўқувчи, ўрта синф ўқувчиларининг 74 фоизи ҳамда юқори синф ўқувчиларининг 62,8 фоизи қўшимча пулли дарсларга қатнаган. Бунинг оқибатида ота-оналар оила бюджетининг 20 фоизини болаларнинг қўшимча дарсларига сарфлашга мажбур бўлган.

Вазият шу даражага етганки, агар кимдир ўз фарзандини ўқув курсларига бермаса, у бемеҳр, эътиборсиз сифатида қаралиб, ён атрофидаги қўшнилар ва қариндошлар томонидан танқидларга учрай бошлаган.

Оқибатда, ўртаҳол оилаларнинг иқтисодий аҳволи жуда ҳам абгор ҳолатга келиб қолган. Бундай оилалар фарзандларининг курсларда қатнашишини таъминлаш мақсадида қўшимча ишлар қилишга, яқинларидан қарз бўлишга мажбур бўлган.

Йиллар ўтиб ота-онасининг ёки танишларининг қийналаётганини кўрган турмуш қуриш арафасида бўлган корейс ёшлари оила қуришни кечиктира бошлашган. Турмуш қурган тақдирда ҳам фарзандли бўлиш ҳақида жуда ҳам чуқур ўйлашадиган бўлишди. Алалоқибат, шу даврдан бошлаб Жанубий Кореяда туғилиш сони кескин камая бошлаган. Ҳозирги кунга келиб Жанубий Корея аҳолиси камаяётган давлатлар қаторига кириб қолди.

Хўш, нега болалар пулли курсларга боришга мажбур бўлди?

Энг катта сабаб — Жанубий Кореяда ўқувчилар фақатгина бир марта имтиҳон топширади ва бу уларнинг бир умрлик тақдирини ҳал қилади. Яъни сиз тўплаган баллингизга қараб, университет танлай оласиз. Агар паст балл олсангиз сиз топ университетда ўқиш имкониятини бир умрга йўқотасиз. Шунинг учун корейс ўқувчилари ёшлигиданоқ ўша имтиҳонга тайёргарлик кўришади.

Бундай кучли босим ўқувчиларнинг мактаб дарсларини четга суриб ўқув курсидаги дарсларни бажаришга кўпроқ эътибор беришга мажбур қила бошлади. Дарсда ўтилган мавзуни қўшимча курсда ўрганган ўқувчилар дарс давомида эътиборсиз ўтиришни бошлашди. Оқибатда, мактаб дарсларининг сифати тушиб кетди. Мактабларда ўқитувчиларнинг обрўйи ўқув курсидаги ўқитувчилардан пастроқ даражага тушди.

Корея ҳукумати ёшлар пулли курсларга қатнашиши оқибатида катта муаммоларга дуч кела бошлади. Биринчидан ўрта синф харажатлари ортди, бу қатламдаги кўпчилик қуйи қатламга тушиб кетди ва банклардан қарздор бўлиб қолди.

Жанубий Корея ҳукумати бундай оилаларни ҳимоя қилиш ҳамда пулли курсларга қатнашиш даражасини камайтириш мақсадида жуда ҳам кўп қарорлар қабул қилган. Ҳаттоки, ўқув курсларини ташкил қилишни тақиқлаш ҳақида ҳам қарор чиқарилган. Аммо бу тескари эффект бериб, яширин курслар очилиб, нархлар кескин кўтарилган. Ҳукумат ўз хатосини вақтида англаб, қарорни бекор қилган.

Ўқувчиларнинг қўшимча курсларга боришига асосий сабаб, мактаб ўқитувчиларининг салоҳияти сусайганида деб ҳисоблаган ҳукумат «Мактаб мустақиллигини ошириш ва аҳоли харажатларини камайтириш»га доир қарор имзолади. Қарорга кўра ўқитувчилар дарсдан кейин мактабларда қўшимча курслар ташкил қилиши, ўзларининг ўқитиш қобилиятларини яхшилаш учун турли малака ошириш курсларида қатнашиши белгиланди.

Корейс ёшларида оилага бўлган қизиқишни ошириш ва ижтимоий қўллашга доир ҳаракатлар ҳукумат томонидан доимий ташкил қилинмоқда. Афсуски, корейслар фарзанд орттириб, уларнинг харажатларини қоплашга кўзи етмаяпти.

Бу муаммолар бизда ҳам такрорланиши мумкинми?

Албатта. Бугунги кунда пулли курслар ойига 200 мингдан 400 минг сўмгача. Бир фарзанд иккита курсга борадиган бўлса, курснинг ўзига ойига 400–800 минг сўм кетади. Бу эса оила бюджетининг Кореядагидек 20 фоизини эмас, балки кўпроғини ҳам ташкил қилади. Агар оилада боқувчи бир киши бўлса, унинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бундан ташқари, катта ёшли фарзандининг пулли курсларидан орттира олмаётган ота-она кичик фарзандларига бу имкониятни бера олмаса, уларда ўқишга нисбатан демотивация кузатилиши бор гап.

Худди Кореядагидек харажат ортиши юртимизда ҳам оилаларда фарзандлар сонини режалаштиришга сабаб бўлишига олиб келиши аниқ.

Фарзандлари пулли курсларга бораётган ота-оналар мактаб дарсларининг сифати пастлигини иддао қилишади. Демак, бизда ҳам ўқитувчиларнинг салоҳияти, дарсга бўлган муносабатида камчиликлар бор. Агар ёшларимиз пулли курсларга боришда давом этса, мактабдаги одатий дарслардаги сифат уларнинг эътиборсизлиги туфайли яна ҳам тушишига сабаб бўлиши аниқ.

Хўш, нима қилиш керак?

Билишимча, Мактаб ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан дарсдан ташқари тўгараклар ташкил қилиниши белгиланган. Аммо уларнинг сони ва уларга тўланадиган маблағ жуда ҳам кам. Бундай фан тўгаракларининг самарали ташкил қилиниши ўқувчиларни дарсдан кейин ҳам вақтларини мазмунли ўтказишга сабаб бўлиши мумкин. Бу — бир.

Бундан ташқари, дарсларни сифатли ташкил қилиш оқибатида ўқувчи ўз билимидан қониқиш ҳосил қилишини таъминлаш мумкин. Бунинг учун ўқитувчиларнинг билимини мунтазам текшириш ва уларнинг янги методларини ўрганиш учун малака курсларини мунтазам ва мазмунли ташкил этиш зарур.

Учинчидан, ўқитувчиларнинг ойлик даромадларини ошириш ва уларни рағбатлантириш уларнинг ўз ишларига бўлган масъулиятни ва иштиёқни оширишга хизмат қилади.

Юқорида санаб ўтилган ечимларни амалга ошириб ҳозироқ пулли курсларга эквивалент таклиф қилинмаса, кейинчалик юртимизда камбағал қатлам юзага келиши, келгусида эса аҳоли сонининг камайиши каби жуда ҳам катта муаммолар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Жанубий Корея давлати бизга ўрнак бўлиб, ҳаракатни ҳозироқ бошлашимиз зарур.

Эркин Ғайбуллаев,
Халқаро таълим бўйича
Namseul университети магистранти

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид